» » Ўтган йилда ихтисослашган тиббиёт марказларида қандай мураккаб амалиётлар йўлга қўйилди?

Ўтган йилда ихтисослашган тиббиёт марказларида қандай мураккаб амалиётлар йўлга қўйилди?

06 март 2023 г 488 Комментарии: 0

Бугун замонавий тиббиёт инновацион ёндашувларга асосланган. Соҳа олимлари қатор хавфли касалликларга даво топиш баробарида, қандай қилиб кам инвазив йўл билан, қисқа муддатда ва асоратсиз беморларни оёққа турғазиш устида изланишлар олиб бормоқда.

Шу тариқа янги диагностика ва муолажа усуллари яратилиб, амалиётда қўлланиляпти. Юртимиз тиббиёт муассасаларида ҳам бу борада эришилган ютуқлар салмоғи катта.

Хусусан, ўтган йили республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида жами 250 турдаги, вилоят даражасида 200 турдаги, туманлар миқёсида эса 104 турдаги янги даволаш ва диагностика усуллари жорий этилди.

Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан 350 та (50 таси ҳудудларда) буйрак ҳамда 27 та жигар трансплантацияси операцияси муваффақиятли бажарилди.

Кардиология йўналиши бўйича ҳудудларда йўлга қўйилган юқори технологик жарроҳлик муолажалари тури 15 тадан 35 тагача оширилди. Коронарография амалиётлари 3,8 баробар, стентлаш 4,3 баробар, кардиохирургик операциялар ҳажми 8,3 баробар кўпайди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида юрак нуқсонларини эндоваскуляр йўл билан беркитиш, периферик томирларда эндоваскуляр, кам инвазив жарроҳлиги амалиётларини бажариш ўзлаштирилди.

Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах вилоятларида 40 турдан ортиқ юқори технологик мураккаб муолажалар йўлга қўйилди. Натижада ушбу ҳудудлардан пойтахтга беморлар мурожаатлари сони 50 фоизга камайди.

Иккита ҳудудда илк бор транскатетер орқали аорта қопқоғини ўрнатиш, онкологик касалликларда эса артериянинг кимёвий эмболизацияси, аорта аневризмасига стент-графт ўрнатиш амалиётлари ўтказилди.

Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизда юрак-қон томир касалликларидан ўлим кўрсаткичи 2021 йилдаги 61,7 фоиздан ўтган йил якуни бўйича 56,2 фоизгача камайди.

Бундан ташқари, 2022 йилдан илк бор туғма юрак нуқсони бўлган болаларга давлат бюджетидан окклюдерлар харид қилиниши бошланди.

Натижада Фарғонада 11 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида 9 нафардан, Наманганда 6 нафар, Хоразм ва Бухорода 5 нафардан бемор ўғил-қизларга кардио-эндоваскуляр жарроҳлик йўли билан шундай мосламалар ўрнатилди.

Болалар миллий тиббиёт марказида эса оғир асоратлари бўлган туғма юрак нуқсони мавжуд 170 нафар болага окклюдерлар қўйилди.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан барча ҳудудларда тизза ва елка бўғимида артроскопик, умуртқа хирургиясида эндоскопик, чаноқ-сон бўғими туғма чиқишида эндопротезлаш, туманларда эса узун найсимон суяклар синишларида замонавий остеосинтез амалиётлари илк бор бажарилди.

Онкология йўналишида ҳудудларда илк бор радиотерапия, брахитерапия, иммуногистохимия диагностикаси, кам инвазив эндохирургик ва болалар суяк ўсмаларида эндопротезлаш операциялари амалга оширилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!