» » 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

08 март 2023 г 2 390 Комментарии: 0

Азиз ва муҳтарама аёллар, онахонлар ва опа-сингилларимиз!

Барчангизни баҳорнинг илк байрами, 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбдан муборакбод этаман. Барчангизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, хонадонингизга тинчлик-осойишталик, дастурхонингизга қут-барака, ўзингизга эса оддий АЁЛЛИК БАХТИни тилаб қоламан! Илоҳим ҳар бир кунингиз байрам, ҳар бир онингиз баҳор бўлсин! Доимо баҳор гулларидай чиройли, нафис, гўзал ва бетакрор бўлишингиз тилакдошиман!

Миллат онага қараб қад ростлайди. Хонадонимизда бир кунгина аёлимиз, қизимиз ёки келинимиз бўлмаса, уйимиз гўё файзсиз бўлиб қолгандай туюлади. Шунинг учун аёлларни минг бир сифат билан таърифлаймиз. Уларни ойга, қуёшга, гулга ўхшатамиз. Ҳаё маликаси, муҳаббат меҳвари деймиз. Аммо аёл аввало она сифатида юксак қадр-қимматга, ҳурмат ва эъзозга лойиқ. Бинобарин, она ўз зурриёдига қалб қўрини берувчи инсон, унинг илк устозидир. Ўз фарзандига панду насиҳат қила оладиган, ҳаётнинг зарур кўникмаларидан сабоқ бериб, дунёни энди англаётган гўдакни тўғри йўлга бошқарадиган она, шубҳасиз инсоният давомчиси ва йўлчи юлдузидир.

Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Хотин-қизлар ва оила масаласи — бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади" — деган сўзлари жамиятимизда аёлларга бўлган маданиятли муносабат, уларни қадрлаш, қўллаб-қувватлаш бўйича зиммамизга юклатилган юксак вазифа деб ҳисоблайман.

Ҳурматли опа-сингиллар!

Халқаро хотин-қизлар байрамини нишонлар эканмиз ҳар йили ажойиб юртдошимиз, атоқли жамоат арбоби, ҳассос шоира Зулфияхонимни ёдга оламан. Нега Зулфияхонимни шу кунгача қизларимиз, аёлларимизга ибрат қилиб кўрсатиб келамиз? Чунки у нафақат ўтли шеърлари билан балки бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини намоён этган, миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган улкан қалб соҳибаси бўлган. Умр йўлдоши билан тўққиз йилгина бирга яшаб, умрининг 49 йили давомида унга содиққолган, тақдир бошига қанча синовлар ёғдирсада, уларни матонат билан енгиб, дунёдан эзгулик ва гўзаллик излаб яшаган. Унинг кучи, ғайрати, қудрати ҳам вафосида, маънавий жасоратида эди.

Азалдан момоларимиз орзу қилган давр келди, десам хато қилмаган бўламан. Чунки хотин-қизларимиз жамиятимизнинг ҳақиқий аъзоларига айланди, сайлаш ва сайланиш, илм олиш, касб эгаллаш, меҳнат қилиш ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланмоқда.

Айниқса, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни, ҳиссаси ошиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 6 нафар жиззахлик сенаторларидан уч нафари аёл бўлса, Қонунчилик палатасида доимий фаолият кўрсатаётган олти нафар депутатларимизнинг тўрт нафар аёл депутатларига ҳам вилоятимиз халқи ишонч билдирган.

Вилоятимиз миқёсида 89 нафар аёл депутатлар фаолият кўрсатаётганини мамнуният билан таъкидлашни истардим. Улардан 20 нафари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатидир.

Вилоятимиздаги 302 та маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинди. Шу тариқа опа-сингилларимизнинг муаммолари, дарду ташвишлари билан доимий шуғулланадиган адолатли ва самарали тизим яратилди.

Айни пайтда вилоятимизда бошқарув органлари таркибида 27 нафар аёл раҳбар, шундан 13 нафари ҳоким ўринбосари лавозимида меҳнат қилмоқда.

Ҳам оила, ҳам лавозим юкини бирдек кўтараётган аёллар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида 18, иқтисодиёт соҳасида 12, банк соҳасида 17, халқ таълимида 307, соғлиқни сақлаш соҳасида 66, мактабгача таълим ташкилотларида 398 нафар хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатишмоқда.

Оилада фарзанд тарбияси, рўзғор тебратиш, кундалик вазифалардан вақт топиб, аёлларимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам меҳнат қилишга имкон топаяпти. Ушбу соҳада нафақат ишлаш, балки ташкилот ёки корхоналарни бошқаришга ҳам вақт ажратаяпти. Бугунги кунда бу соҳада 456 нафар аёлларимиз раҳбарлик лавозимларини эгаллаб турибди.

Қишнинг изғиринли совуқлари, ёзнинг жазирама иссиғига дош бериб, тупроқдан олтин яратаётган, эл дастурхонига барака қўшаётган деҳқон, фермер хўжаликларининг 935 тасини хотин-қизлар бошқараётганлиги ҳар қанча эътирофга сазовордир.

Қадрли аёллар!

Давлатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлардан кўзланган мақсад, энг аввало, инсоннинг ҳаёт кечириши учун имконият ва шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилгандир. Кеча қандай яшаган эдик, бугун ҳаётимизда қандай ўзгаришлар бўлмоқда? Ҳар бир инсон ўз турмуш тарзидаги ўзгаришларга ана шу мезон билан ёндашади.

Энди шаҳар ва туманларда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ёндашувлар ҳам тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Жумладан, эҳтиёжманд аёлларга зарур шароитлар яратиш, хотин-қизлар саломатлигини тиклаш ва муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ жойларда яшайдиган аёлларнинг касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш бўйича муҳим тадбирлар амалга оширилаётир.

99 нафар эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинган бўлса, олий таълим муассасаларида тўлов шартномаси асосида таҳсил олаётган 1 750 нафар талаба хотин-қизларга тўлов-шартномаси маблағлари тўлаб берилди.

Бу ота-онасидан айрилган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари учун улкан имконият эшикларини очди.

Мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга бўлган хотин-қизларнинг 50 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилинди.

2022 йилда маҳаллаларда 37 152 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилди. Ўтган давр мобайнида уларнинг 30 267 нафари бевосита иш билан таъминланди.

Жумладан, хотин-қизларнинг 8 733 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 3 818 нафари мавсумий ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. 12 861  нафарига 220 млрд. сўм имтиёзли кредит, 2 872 нафарига субсидиялар ажратилди.

Ушбу маблағлар ҳисобидан енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилди, уруғлик ва кўчатлар, асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилинди. Натижада якка тартибда тадбиркор сифатида 1 983 нафар хотин-қиз рўйхатга олинди.

Шунингдек, ишламаётган фуқароларга бир гектаргача ер ажратиш тўғрисидаги ташаббусдан 1 213 нафар хотин-қизлар фойдаланди.

Бугун қайси соҳа бўлмасин янги яратилган иш ўринларига биринчи навбатда илмли, етарли малакаси бор одамлар қабул қилинади. Ўқимаган, аввал ишламаган хотин-қизларни ишга жойлаштириш ёки тадбиркорлик субъекти ташкил этишга ёрдам кўрсатиш учун дастлаб уларни ўқитиш, касб эгаси қилиб етиштириш зарур.

Вилоятимизда хотин-қизларни касб эгаси бўлишлари, тадбиркорлик кўникмаларини ўзлаштиришлари учун  "Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари" томонидан 8 та йўналишда 2 261 нафар, вилоят бандлик бошқармаси тасарруфидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан 14 та йўналишда 4 877 нафар, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан 2 976 нафар хотин-қизлар ўқитилди.

Аёллар ўртасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганлар сафи ўсиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Маҳаллаларда олиб борилган "маҳаллабай", "хонадонбай" ишлар жараёнида ўтказилган сўровларда кўплаб хотин-қизлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагини билдирган.

Масалан, 2021 йилда хотин-қизлар томонидан ташкил этилган 1 187 та тадбиркорлик субъектлари рўйхатга олинган.

2022 йилда эса бу кўрсаткич 1 781 тани ташкил этди. Энг муҳими, улар нафақат ўз оиласини, балки қўни-қўшниларини ҳам иш билан таъминламоқда. Ўтган йили аёллар томонидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектларида 2 296 та янги иш ўринлари яратилди.

Давлатимиз тадбиркор ва ишбилармон хотин-қизларни доим қўллаб-қувватлаб келмоқда. 2022 йил давомида 12 861 нафар хотин-қизларга тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун  219 млрд. сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди. 2 872 нафар аёлларга муаммоларини ҳал этиш учун 10 млрд. 112 млн. сўм миқдорида субсидиялар ажратилди. Барча манбалар ҳисобидан бандлиги таъминланган хотин-қизлар сони 60 157 нафарга етди. Бундай эзгу ишлар 2023 йилда ҳам давом эттирилади.

2 800 нафар хотин-қизларга мавжуд манбалар ҳисобидан 10 млрд. сўм субсидия ажратиш кўзда тутилган. Жумладан, "Аёллар дафтари" рўйхатида турган 2 291 нафар аёлларга 8 млрд. 373 млн. 381 минг сўм субсидия берилади.

Якка тартибда тадбиркорликни бошлаган 2 554 нафар хотин-қизлар учун эса асбоб-ускуналар харид қилиш учун 9 млрд. 486 млн. сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Ҳурматли онахонлар, опа-сингиллар!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш мақсадида 2022 йилнинг 3 мартида қабул қилган "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони аёлларимизга катта имкониятлар эшигини очиб берди.

Ҳар бир раҳбар аёлларимизнинг иш излаб хорижий давлатларга кетаётганини эшитиб дили оғрирди. Мана, қарийб олти йилдирки, хотин-қизларимиз хорижга малакали мутахассис сифатида таклиф этилмоқда. Қизларимиз эса олий таълимда таҳсил олиш учун боришмоқда.

Бугун биз эркин ва очиқ жамиятда яшамоқдамиз. Бу имкониятдан тўғри фойдаланиб, давр билан ҳамқадам бўлишимиз, замонавий илм ва касб-ҳунарларни эгаллаб, илғор тараққиёт ютуқларини ўзлаштиришимиз, айни вақтда миллий ўзлигимизга содиққолишимиз керак.

Эл-юртимизнинг ана шундай юксак умиди ва ишончини оқлаётган опа-сингилларимизнинг 14 нафари ўтган 2022 йилнинг ўзида  давлатимизнинг юксак даражадаги олий мукофотларига сазовор бўлишгани ҳам сўзимиз исботидир. Бугун байрам арафасида яна тўрт нафар юртдошимиз муҳтарам Президентимизнинг фармонига мувофиқ, юксак Давлат мукофотлари соҳиблари бўлишди. Жиззах давлат педагогика университетининг умумий тарих кафедраси профессори Фания Ахмедшина “Меҳнат шуҳрати”, “Ҳунарманд” уюшмаси Жиззах вилояти бошқармаси аъзоси, қуроқчи Арзихан Алимова “Дўстлик”, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиали неврология бўлими мудири Замира Холмуродова II даражали “Саломатлик” орденлари билан, Шароф Рашидов туманидаги “Махмуда Зарина Зарифа” масъулияти чекланган жамияти директори Махмуда Зиятова “Шуҳрат” медали билан мукофотландилар.

Шунингдек, вилоятимизда туғилиб ўсган ва бугун Зулфияхонимга муносиб издош сифатида 28 нафари эътироф этилиб, совриндорлар сафида зукко фарзандларимиз борлигини кўриб, қалбим чексиз фахр ва қувончга тўлди. Куни кеча эса Муҳтарам Президентимизнинг қарорига мувофиқ яна икки нафар қизимиз — Тошкент давлат аграр университетининг 1-босқич магистранти Анварбекова Чарос Анварбек қизи ва Жиззах шаҳридаги 19-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Шокирова Самира Салоҳиддин қизи шундай мукофот соҳибалари бўлишди.

Муҳтарама онахонлар, опа-сингиллар ва дилбар қизларим, барчангизни Халқаро хотин-қизлар куни билан яна бир бор муборакбод этаман. Сизларга дунёдаги энг эзгу ниятларимни билдирар эканман, аввало оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик ва фарзандларингиз камолини кўришни тилайман!

Бахтимизга ҳамиша соғ-омон бўлинг!

 Жиззах вилояти ҳокими                         ЭРГАШ САЛИЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!