» » Жиззахда Сузиш ҳавзаси ёшлар ихтиёрига топширилди

Жиззахда Сузиш ҳавзаси ёшлар ихтиёрига топширилди

26 май 2023 г 917 Комментарии: 0

Жиззахда янги ёпиқ сузиш ҳавзасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Жиззах вилояти ҳокимлиги, спорт фахрийлари, жамоатчилик вакиллари, Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турлари тайёрлаш маркази мураббий ва тарбияланувчилари иштирок этди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, спортга ҳукумат миқёсида қаратилаётган эътибор, ёшлар учун яратилаётган шароитлар хусусида тўхталиб ўтди.  

Олимпиа спорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш мақсадида спортсевар  ёшлар учун замонавий объектлар қуриб берилмоқда. Бу ўз навбатида мусобақаларда қўлга киритилаётган натижалар салмоғини оширяпти.  Жиззахда сув спорт турлари ёшлар ўртасида янада оммалашиб бормоқда. Ҳозирги кунда Зомин, Пахтакор, Зарбдор, Дўстлик туманларидаги спорт мактаблари ва Жиззах шаҳри “Сўғдиёна” спорт мажмуасида жами 5 та ёпиқ ва Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турлари тайёрлаш марказида 1 та очиқ сув ҳавзаси фаолият юритмоқда. Уларда сузиш бўйича 316 нафар, сувга сакраш йўналишида 22 нафар, сув полоси йўналишида 35 нафар, синхрон сузиш йўналишида 38 нафар ва парасузиш йўналишида 16 нафар ўғил-қизлар шуғулланиб келмоқда.

 Қувонарлиси, Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турлари тайёрлаш марказида яна 1 та замонавий ёпиқ сув ҳавзаси бунёд этилди. Узунлиги 25 метр бўлган мазкур объект “Навоий конметаллургия” АЖ томонидан 8 миллиард сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобидан барпо этилди. Ҳавзада бир вақтнинг ўзида 80 нафар ёшлар сув спорти билан шуғулланиш имкониятига эга. Шунингдек, кийиниш ва ювиниш учун барча шароитлар мавжуд.  

– Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турлари тайёрлаш марказида ўқийман. Мен сузиш бўйича Тошкент, Хоразм ва бошқа вилоятларда ўтган мусобақаларга борганман ва уларда фахрли ўринларни қўлга киритганман, – дейди Фотима Мусурмонқулова. – Ушбу ҳавза қуриб берилганидан хурсандмиз.  

Янги ва замонавий сузиш ҳавзаси ҳудудда олимпиа ва паралимпиа сув спорти бўйича кучли атлетларни етиштиришга хизмат қилади ва бу даргоҳдан келгусида олимпиада, Жаҳон, Осиё ва мамлакат чемпионлари етишиб чиқишига ишонч билдирилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!