Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўзбекистон Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти ҳоким Эргаш Салиевнинг байрам табриги
31 август 2024 г 275 Комментарии: 0
Азиз юртдошлар! Дуогўй отахонлар, мунис онахонлар!Қадрли Жиззахликлар!
Шу кунларда юртдошларимиз мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида, маҳаллалар, қишлоқ ва овулларда “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида энг азиз, энг улуғ ва қадрли байрамимиз - Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллигини кенг нишонлашмоқда.
Мана шу шукуҳли дамларда устоз ва мураббийларни, жонкуяр шифокорларни, миришкор деҳқонларни, тадбиркорлар ва ёшларни, муҳтарам нуронийлар, отахон ва онахонларимизни, жасур ҳарбийларни, бир сўз билан айтганда, бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Мустақиллик куни билан билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман !
Ҳурматли фаоллар, қадрли Жиззахликлар!
Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 33 йил тўлди.
Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистоннинг мустақиллик даврини2 босқичга бўлиш мумкинлигини алоҳида таъкидлашимиз жоиз.
Яъни, 1991-2016 йиллар оралиғи дастлабки давр бўлган бўлса, 2017 йилдан бошлаб Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистон давлати сифатида мамлакатимизда улкан ижобий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда, хусусан Жиззах вилоятида сўнгги йилларда эришилаётган ютуқларга вилоятимиз аҳлининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидламоқчиман.
Мустақилликнинг сўнгги саккиз йили давомида мамлакатимизда барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилди, қишлоқ ва маҳаллаларимиз қиёфаси тубдан ўзгарди, одамлар ҳаётида катта ўзгаришлар бўлди. Бутун юртимизнинг қиёфаси тобора очилиб, янада обод бўлмоқда.
Бунинг тасдиғи сифатида сўнгги йилларда эришилган қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Ўтган етти йилда вилоят иқтисодиёти 3,1 баробарга ўсди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8,2 млн. сўмдан 25 млн. сўмга етказилди.
Ўртача ойлик иш ҳаққи 1,5 млн сўмдан 2,6 баробарга ортиб 3,8 млн сўмни ташкил қилмоқда. Жорий йилда ҳам барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда.
Ҳаммамизга маълумки, саноат – ҳудуд иқтисодиётининг асосий таянч тармоғидир.
Шундай экан, ушбу соҳани ривожлантириш, вилоятни аграр ҳудуддан саноат ҳудудига айлантириш борасида сўнгги етти йилда Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуслари ва кўрсатмалари билан улкан ишлар амалга оширилди.
Вилоятимизда бундан 7 йил аввал саноат корхоналари томонидан 341 турдаги саноат маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, бугун уларнинг сони 3 баробар ортиб, 1 100 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Мазкур саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилда 2,5 трлн сўмни ташкил қилган бўлса, 2023 йил якуни билан саноат маҳсулотлари ҳажми 7,6 баробар ортиб, 19 трлн сўмга етди. Жорий йил якуни билан эса 23,1 трлн сўмга етказишни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.
Маҳаллийлаштириш дастури бўйича корхоналар сони 6 тадан 48 тага, лойиҳалар сони 16 тадан 78 тага, ишлаб чиқариш ҳажми эса 11 млрд сўмдан 12,6 трлн сўмга ошди.
Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг етти ойида Республика бўйича маҳаллийлаштириш дастури доирасида жами 23,7 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, шундан 7,7 трлн.сўми ёки 30 % қисми айнан Жиззах вилояти ҳиссасига тўғри келди.
Вилоятда 2017-2024 йилларда умумий қиймати 30 трлн. сўмлик 3 650 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 50 минг нафар иш ўринлари яратилди.
Мустақиллик байрами арафасида Фориш туманида “Жиззах цемент” МЧЖнинг умумий лойиҳа қиймати 150,0 млн долларлик “цемент ишлаб чиқариш” лойиҳаси ишга туширилиб, 2 млн тонна 450 маркали сифатли цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилди. Натижада 450 нафар янги иш ўринлари яратилмоқда.
Бир неча кун олдин Шароф Рашидов туманида “БМБ Агро Плюс” МЧЖ томонидан умумий лойиҳа қиймати 3,5 млн долларлик “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш” лойиҳаси ишга туширилди. Натижада 100 нафар янги иш ўринлари ташкил этилди.
Азиз дўстлар!
Вилоят саноат соҳаси деганда бугун ҳаммамизнинг кўз олдимизга беихтиёр яқин ойларда янги ташкил қилинган йирик автомобиль ишлаб чиқариш корхоналари келади.
2021 йили давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан мулоқоти давомида Жиззахда ҳеч ким тасаввур қилмаган 2−3 та автомобиль заводи очилаётганини маълум қилганди.
Ушбу мулоқотдан сўнг, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Жиззах эркин иқтисодий зонасида “АДМ Жиззах” енгил автомобилсозлик заводи ўз фаолиятини бошлади.
Лойиҳа доирасида 234 миллион доллар миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, ўтган уч йилда “Лада”, “КIА”, “Chery” ҳамда “Haval” брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган. 2024−2027 йилларда 348 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Айни пайтда Ўзбекистондаги 21 та корхона билан кооперация тизими йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 25 январь куни давлатимиз раҳбари Хитой Халқ Республикасининг Шэньчжэнь шаҳрида
“BYD” компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига ташриф буюриб, вилоятимизда электромобиллар ишлаб чиқаришга старт берган эди.
Қиймати 160 миллион долларлик ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида дастлаб, йилига 50 минг дона гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлди.
Иккинчи босқичда эса қиймати 300 миллион долларлик лойиҳа ҳисобига электромобиллар сонини йилига 200 минг донага, 500 миллион долларлик учинчи босқичда эса 500 минг донагача етказиш кўзда тутилган. Корхонага Хитойдан роботлаштирилган тизимлар ва ускуналар келтирилиб, ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилди.
Ҳозирда бу ерда “Chazor” ва “BYD SONG PLUS” моделлари ишлаб чиқарилмоқда. Давлатимиз раҳбари жорий йил 27 июнь куни вилоятимизга ташрифи чоғида мазкур корхонага ташриф буюриб, конвейердан чиққан илк электромобилга имзо қўйди.Бугунги кунда корхонада 1 200 киши меҳнат қилмоқда.
Муҳтарам фаоллар! Ишбилармон тадбиркорлар!
Сўнгги йилларда халқаро муносабатлар орқали вилоят ҳудудига инвестициялар жалб қилиш борасида ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда.
Жорий йилнинг 22-26 январь ва 1-10 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасига Жиззах вилояти делегациясининг ташрифи амалга оширилди.
Ташриф давомида Хитой давлатининг бир қатор провинцияларида Хитойлик йирик тадбиркорлар билан Жиззах вилоятида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича икки томонлама шартномалар имзоланди.
Зомин туманида Хитойлик йирик тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 1,0 млрд долларлик “Зомин саноат технопарки мажмуаси”ни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарори қабул қилинди ва ҳозирда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Шунингдек, мустақиллик байрами арафисида, 15 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Жиззах вилоятида “Учқулоч” полиметалл конини комплекс ўзлаштириш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Қарори имзоланди.
Туркиянинг нуфузли компанияси томонидан Фориш туманидаги “Учқулоч” полиметалл конида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва конни комплекс ўзлаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Экспорт қилувчи корхоналарга берилаётган имтиёзлар натижасида вилоятнинг экспорт салоҳияти йилдан йилга ўсиб бормоқда. 2018 йилда вилоятдаги корхоналар томонидан 72,8 млн доллар саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 2023 йилда 202,3 млн долларга етказилиб, 2,8 баробар ўсишга эришилди.
Жорий йилда эса 315 млн доллар миқдорида экспорт амалга ошириш белгилаб олинган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 1,6 баробар кўп экспорт кўрсаткичлари таъминланади.
Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кўпайтириш борасида янгича, “маҳалла еттилиги” тизими жорий қилинди.
“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 2022-2024 йиллар давомида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган жами 70 795 нафар фуқароларга 1,3 трлн сўм кредитлар ва 7 793 нафар фуқароларга охирги икки йилда жами 32 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Ажратиб берилган иқтисодий ва молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда “маҳаллабай” тизимида ишларни тўғри йўлга қўйиш орқали 66 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси йил бошидаги 14,2 фоиздан 9,7 фоизга туширилди.
Азиз нуронийлар, мутабар отахонлар, мунис онахонлар!
Сизларга яхши маълум, Жиззах вилояти 1973 йилда Мирзачўл чўлларини ўзлаштириш баробарида ташкил этилган бўлиб, 50 йил давомида ҳудуднинг инфратузилма объектлари, коммуникация соҳаларига деярли эътибор қаратилмади.
Ҳурматли Президентимизнинг эътибори ва шахсан ташаббуслари билан вилоятимизда ижтимоий инфратузилма ва коммуникацияни яхшилаш мақсадида сўнгги етти йилда Давлат бюджетидан 6,0 трлн.сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
2018-2022 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳар бир тумандан 2-3 тадан жами 127 та ҳолати оғир маҳаллаларга жами 1,4 трлн.сўм маблағлар йўналтирилиб, мазкур маҳаллаларда яшовчи 650 минг нафар ёки вилоятнинг 43,3 фоиз аҳолисининг турмуш шароити яхшиланди.
Вилоятда уй-жой таъминотини яхшилаш борасида жами 13 871 та, шундан 2 528 та якка тартибдаги ҳамда 357 та кўп қаватли уйларда 11 343 та хонадонлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур кўп қаватли уйларнинг аксарияти яъни, 240 таси ёки 67 % (8 820 хонадонли) кўп қаватли уйлар бозор тамойиллари асосида хусусий тадбиркорлар томонидан қурилган тижорат уй-жойларидир.
Энг аҳамиятлиси, сўнгги йилларда уй-жойлар қурилишида янгича тизим яратилиб, “Янги Ўзбекистон” массивлари ташкил қилинмоқда. Ҳозирда вилоятда 1 та шундай массив фойдаланишга топширилди.
Яъни, Шароф Рашидов тумани “Қаҳрамон” маҳалласида 8 та 5 қаватли (240 хонадонли), 21 та 7 қаватли (882 хонадонли), 3 та 9 қаватли (117 хонадонли) ва 7 та 16 қаватли (608 хонадонли) жами 39 та 1 847 та хонадонли уй-жойлар фойдаланишга топширилди.
Шароф Рашидов тумани “Оқтош ота” ва Дўстлик тумани “Чинобод” маҳаллаларида “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши давом эттирилмоқда. Мазкур массивларда 137 та кўп қаватли уйлар ва уларда 4 576 та хонадонлар қурилиши ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда мазкур “Янги Ўзбекистон” массивларда 670 та хонадонли 28 та кўп қаватли уйлар қуриб битказилди. Куни кеча сизлар билан ушбу хонадонларни ўз эгаларига топширдик.
Вилоят аҳолисининг уй-жойга бўлган талабини қоплаш, уларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида, сўнгги 4 йилда 2 184 нафар фуқаролар уй-жой сотиб олишлари учун 61,6 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратиб берилди.
Йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳар ва туманлар марказларини ободонлаштириш мақсадида 1,7 трлн. сўм маблағ ажратилиб, жами 5 482,2 км йўллар ёки вилоят бўйича жами автомобиль йўлларининг 58 фоизида ҳамда 91 та кўприкларда реконструкция, тўла таъмирлаш ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Яна бир ўта муҳим масала.
Вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида сўнгги етти йилда давлат дастурлари асосида Давлат бюджетидан 2,2 трлн.сўм маблағ ажратилиб, 2 654,4 км ичимлик суви тармоқлари ҳамда 364 та сув иншооти қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ташаббуслари билан 2018 йилда бошланиб, жорий йил якуни билан тўлиқ фойдаланишга топшириладиган Зарафшон дарёсидан ичимлик суви олиб келиш бўйича қиймати 721 млрд.сўмлик йирик лойиҳа доирасида Зарафшон дарёсидан Мирзачўл тумани Гагарин шаҳарчасигача 166,5 км масофада ичимлик суви тармоғи тортилди.
Бугунги кунда мазкур йирик лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига вилоятнинг Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳридаги 625 минг ёки вилоятнинг 41,6 фоиз аҳолиси 3 - 3,5 қаттиқликдаги яъни, минерал сув билан тенг бўлган тоза ичимлик сувидан ичиб бошлаганлиги, халқимизнинг тарихий орзуси ушалганидан далолат деганидир.
Оқова суви тармоқлари ҳамда оқова сувларни тозалаш иншооти қурилиши бўйича яна бир тарихий лойиҳа Жиззах шаҳрида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан 91,2 млн. долларлик, Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Жиззах шаҳри канализация тизимини ривожлантириш” лойиҳасининг дастлабки босқичи ишга туширилди.
Лойиҳани Жанубий Корея давлатининг энг малакали мутахассислари жаҳон талабларига жавоб берадиган даражада амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида 110,0 км оқова сув коллекторлари ва 5 та оқова сув насос станцияларида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди ҳамда
9,7 км мавжуд оқова сув тармоқлари тозаланди.
Энг муҳими, суткасига 30 минг метр куб қувватли оқова сув тозалаш иншооти қурилиб, тўлиқ қувватда ишламоқда.
Ушбу иншоотга кунига 27 минг м3оқова сув қабул қилиниб, тозаланиб, махсус лаборатория хулосасига кўра 25 минг м3сув қишлоқ хўжалиги мақсадларига қайта чиқариб берилмоқда.
Азиз устоз ва мураббийлар ! Фидойи шифокорлар!
Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ишларни алоҳида таъкидлаш зарур.
Хусусан, 2017-2024 йиллар давомида жами 367 та мактабларда қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Жумладан, 21 та янги мактаблар қурилди, 196 та мактаблар биноси реконструкция қилинди ва 150 таси мукаммал таъмирлади,39 та мактабларга спорт заллари қуриб берилди. Натижада, 2 ва ундан юқори коэффициентда фаолият олиб борган 42 та мактабнинг коэффициенти 1,2 га туширилди.
Мактабларга берилаётган эътиборга айрим мактабларимиз ўзининг ютуқлари билан муносиб тарзда жавоб бермоқда.
Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг Республика босқичида Жиззах шаҳридаги 22-сонли умумтаълим мактаби жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, 500 млн сўм пул мукофоти ҳамда хорижга таълим саёҳат совринларини қўлга киритишди.
Шунингдек, Жиззах шаҳар 1-сон ихтисослашган мактаб-интернати битирувчиси Рустамов Шохжаҳон 9 та энг нуфузли хорижий университетларнинг грант соҳибига айланди.
Мазкур мактабнинг ўқитувчи ва мураббийларини, билимдон ва зукко ўқувчиларини, билимда тенги йўқ Рустамов Шохжаҳонни вилоятимиз фаоллари номидан табриклайман!
Сўнгги йилларда мактаб таълимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мактаб битирувчиларининг олий таълимга кириш кўрсаткичлари 8,4 фоиздан 41,0 фоизга ошди.
Тиббиётда ҳам кескин ижобий ўзгаришлар юз берди.
Бундан саккиз йил олдин, 2016 йилда Ҳурматли Президентимизнинг энг биринчи эътибор қилган соҳаси бу – тиббиёт, хусусан аҳоли саломатлигини яхшилаш йўналишидир.
Ўтган саккиз йил давомида соғлиқни сақлаш йўналишида Жиззах вилоятида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, вилоятда тиббиёт муассасалари сони жами 175 тага кўпайиб, 400 тага етди. 2017-2023 йилларда тиббиёт муассасаларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш учун Давлат бюджетидан жами 765,7 млрд.сўм йўналтирилди.
Бунинг ҳисобига 36 та тиббиёт муассасалари янгидан қурилди, 156 та тиббиёт муассасалари реконструкция қилинган бўлса, 133 таси капитал таъмирдан чиқарилди.
2017 йилгача вилоятда Республикадаги 22 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларидан бор-йўғи 3 тасининг вилоят филиаллари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 12 тага етди.
Кардиология, эндокринология, онкология соҳасида вилоятда тарихий ишлар бошланди десам муболаға бўлмайди.
Хусусан, 2021 йилдан янги бинода иш бошлаб, барча замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида уч йиллик қисқа давр мобайнида 5 000 дан зиёд юрак қон томир касалликлари билан боғлиқ юқори технологик, мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Онкология соҳасида олдин вилоятда мавжуд бўлмаган, кўкрак қафаси, ошқозон ва қорин бўшлиғидаги барча онкологик касалликларни ўз вақтида аниқлаб, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари орқали даволаш йўлга қўйилди.
Қисқа қилиб айтганда, вилоят аҳолисининг республика тиббиёт марказлари ҳамда қўшни вилоятларга даволаниш учун қатнови кескин, 65-70 фоизга камайтирилди.
Аксинча, қўшни вилоятлар, ҳатто чет эл фуқароларининг ҳам вилоятдаги ушбу марказларга қатнови кўпаймоқда.
Ҳурматли фаоллар! Азиз ёшлар!
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшлар билан ишлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жумладан, ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилиб, ёшлар билан ишлашнинг янги, вертикал тизими яратилди.
Тизимни рақамлаштириш, ёшларга берилаётган имтиёзлар шаффофлигини таъминлаш, жойларда амалга оширилаётган ишларни 3 босқичда мониторинг қилиб бориш имконини берувчи “Ёшлар дафтари” электрон платформаси ишга туширилди. Вилоят бўйича 2021-2024 йилларда “Ёшлар дафтари” орқали 40,3 минг нафар ёшларга 122,4 млрд.сўм миқдорида ёрдамлар кўрсатилди.
Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, сўнгги 4 йил мобайнида вилоятимизда деҳқончилик қилиш истагидаги 28 859 нафар ёшларга
17 418 гектар ер ажратилди, 36 193 нафар ёш тадбиркорларга 743,2 млрд.сўмлик имтиёзли кредитлар ажратиш орқали ёш тадбиркорлар синфини шакллантиришга кўмаклашилди.
2023 йилдан бошлаб эса, ҳар бир маҳаллада ишсиз ҳамда меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида “Ёшлар бандлик дастурлари” ишлаб чиқилиб, ушбу дастур асосида жорий йилда 2 293 нафар ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, “оғир” тоифадаги ёшлар муаммолари ҳал этишда жами 4 474 нафар ёшларга 3,7 млрд.сўм ёрдам кўрсатилди. Байрам арафасида вилоят Маҳалла уюшмаси ташаббуси билан 1 704 нафар кам таъминланган, қаровчисини йўқотган болаларга 681,6 млн сўмлик мактаб формаси ва кийим-бошлар тарқатилди.
Шижоатли ўғил-қизлар ! Спортчи ва мураббийлар !
Сўнгги йилларда вилоятимизда спортни ривожлантириш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Бахмал туманида спорт мактаби янги ташкил этилди, Жиззах шаҳридаги 3 та ва туманлардаги 10 та спорт мактаблари таъмирдан чиқарилди.
Жиззах шаҳрида Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилиб, 200 ўринли қўшимча ётоқхона, камондан отиш ёпиқ спорт зали, замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси қурилди.
Шунингдек, Футбол академияси, Киберспорт аренаси, вилоят спорт ўйинлари мактабида универсал спорт зали ҳамда барча замонавий шароитларга эга Футбол мактаби янги ташкил этилди.
Зомин, Зарбдор, Мирзачўл, Пахтакор ва Янгиобод туманларида енгил конструкцияли ёпиқ спорт заллари ташкил этилди.
Жорий йилда вилоятимиз спортчилари Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида жами 420 та (63 та олтин, 150 та кумуш, 207 та бронза) ва халқаро спорт мусобақаларда 80 та (23 та олтин, 23 та кумуш, 34 та бронза) медалларни қўлга киритишди.
Спорт соҳасида сўз кетганида мамлакатимиз тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган жорий йилги ёзги Олимпиада ўйинларини таъкидлашимиз зарур.
Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси, 26 июлдан 11 августгача Парижда бўлиб ўтган 33-ёзги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистонлик спортчилар илк бор 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалларини қўлга киритиб, 200 дан ортиқ иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.
Жорий ёзги Олимпиада ва Паралимпиада ўйинларига вилоятимиз спорти тарихида илк бор 9 нафар спортчимиз йўлланма қўлга киритишди.
Шундан, 5 нафари, Озода Собиржонова таеквондо-ВТ бўйича (Зомин туманидан), Олга Забелинская спортнинг велоспорт тури бўйича (Янгиобод туманидан), Игор Мялин сувга сакраш спортидан (Шароф Рашидов туманидан), футбол бўйича Олимпия терма жамоа таркибида Абдувоҳид Нематов (Шароф Рашидов туманидан) ва Русланбек Жиянов (Мирзачўл туманидан) Олимпиада ўйинларида иштирок этишди.
Айни кунларда, яъни 28 августдан 8 сентябргача Паралимпиада ўйинларида яна 4 нафар спортчимиз Ёқутхон Холбекова - параенгил атлетика бўйича (Бахмал туманидан), Роза Қўзиева – парапаурлифтинг бўйича (Дўстлик туманидан), Мадина Мухторова - параенгил атлетика бўйича (Ғаллаорол туманидан), Махлиё Акромова - параенгил атлетика бўйича (Фориш туманидан) юртимиз шарафини ҳимоя қилишмоқда.
Шу фурсатдан фойдаланиб, мен бутун Жиззахликлар номидан барча спортчи ёшларимиз ва мураббийларига келгуси фаолиятларида улкан зафарлар тилайман.
Бизнинг вилоятимиздан ҳам Олимпиада чемпионлари чиқсин!
Азиз меҳмонлар !
Барчамизга яхши маълум, туризм соҳаси – вилоятимиз иқтисодиётининг “драйвер” соҳаларидан бири ҳисобланади.
Вилоятга маҳаллий ва хорижий сайёҳларни кенг жалб қилиш мақсадида жорий йилда 20 та фестиваль, концерт ва туризм тадбирлари ўтказилиши белгиланган бўлиб, 27-30 июнь кунлари Зомин туманида Юнеско ва Айсеско шафелигида “II Халқаро мақом санъати анжумани” юқори савияда ўтказилди.
Туризм инфратузилмасини яхшилаш натижасида вилоятга ташриф буюраётганлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда.
Жумладан, икки йил олдин, 2022 йилда вилоятимизга бор йўғи 13 минг нафар хорижий сайёҳлар ташрифи кузатилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври давомида 298,0 минг нафар хорижий туристлар ташриф буюришди.
Жорий йил якунига қадар хорижий сайёҳлар сони 350,0 минг нафарга етказилади.
2023 йил давомида Туризм хизматлари экспорти 31 млн.долларини ташкил этган бўлса, фақатгина жорий йилнинг ўзида 43,2 млн долларини ташкил этди. Йил якунига туризм хизматлари экспорти 50,0 млн долларга етказилади.
Миришкор деҳқонлар! Қишлоқ хўжалиги фидойилари!
Барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, сўнгги уч йилда 68,5 минг гектар, жорий йилда 12 минг гектар ерлар ўзлаштирилди.
Жорий йил ҳосили учун 101 минг гектар сувли майдонда ва 100 минг гектар лалми ерларда бошоқли дон экинлари парвариш қилиниб, жами 1,0 млн тонна дон ўриб олинди. Бир гектар сувли майдонда ўртача ҳосилдорлик 85-88 центнерни (ўтган йилга нисбатан 13 центнер кўпни) ташкил қилди.
Жорий йилда 82,1 минг гектар, жумладан 1 273 гектар ер майдонида Хитой технологияси усулида ғўза парвариш қилинмоқда. Ушбу майдонлардан ўртача 40 центнердан, жами 300 минг тонна ҳосил олиш белгилаб олинган.
Пахтачиликда ҳам йилдан-йилга ўсишга эришилмоқда. Хусусан, 2018 йилда пахтадан ўртача ҳосилдорлик 25 центнер бўлган бўлса, 2021 йилда 35 центнерни, 2022 йилда 36,2 центнерни ва 2023 йилда 37 центнерни ташкил этди.
Жорий йилги мавсумда ҳам 40 центнердан, юқори ҳосил олишни кўзлаб, бунинг учун барча зарур тадбирларни амалга оширмоқдамиз.
Қадрли дўстлар !
Энг улуғ, энг азиз байрам - Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги кенг нишонланаётган кунда вилоятимизда жамиятнинг турли соҳаларида фидокорона хизмат қилаётган юртдошларимизнинг меҳнатларига Ҳурматли Президентимиз томонидан муносиб баҳо берилганлиги барчамизга катта ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Давлатимиз раҳбарининг матбуотда эълон қилинган фармонига мувофиқ вилоятимизнинг бир гуруҳ вакиллари мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар.
Жумладан, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан Бахмал туманидаги 1-умумтаълим мактаби директори Даниёр Қаландаров, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан Жиззах шаҳридаги “Баркамол транс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Махмуджон Ғафуров, “Дўстлик” ордени билан Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев, меҳнат фахрийси Ольга Хван ва Бахмал тумани “Хунарманд” уюшмасининг эгарчилик йўналишидаги аъзоси Сапарбой Қурбоновлар, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан Зарбдор туманидаги меҳнат фахрийси Нормурадов Исамиддин, II даражали “Саломатлик” ордени билан Жиззах шаҳри “Доктор Акмал” масъулияти чекланган жамияти урология бўлими мудири Ўрал Бегалиев ва “Жасорат” медали билан Жиззах шаҳридаги 2-гуруҳ ногирони (ҳунарманд, тандирчи) Тоҳир Холматов, “Шуҳрат” медали билан Арнасой туманидаги 100 ёшли отахон Низом Пардаев, Дўстлик туман “Агросервис МТП” маъсулияти чекланган жамияти директори Ориф Норқулов, Мирзачўл тумани Ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Жамила Мамадиева ҳамда Янгиобод туманидаги “Совот” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Самандар Бердиёровлар тақдирланишди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, давлат мукофотлари билан тақдирланганларни самимий муборакбод этиб, келгусидаги фаолиятларига омад ва зафарлар тилайман!
Азиз юртдошлар! Меҳнаткаш, олийжаноб Жиззах халқи !
Биз бугун тарихий янгиланиш даврда яшамоқдамиз. Бундай улуғвор ўзгаришларга нафақат гувоҳмиз, балки уларнинг иштирокчиси эканлигимиз ҳар биримизга ғурур, ифтихор туйғуларини бахш этади.
Асрлар ўтса ҳам, халқимизга ўзлигини англаш, инсоний шаъни, қадр-қиммати, ўз Ватанини севиш, ардоқлаш имконини берган, тилимиз, муқаддас динимизни ва тарихимизни қайтарган, тараққиётга даъват этган Мустақиллик - тарихимиз саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилишига ишонаман.
Сиз, азиз ва муҳтарам ватандошларимизни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман!
Мустақил Ватанимизнинг тинчлиги, гуллаб яшнаши, юрт равнақи учун қилаётган меҳнатларингиз янада баракали бўлсин!
Барчангизга фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!
Юртимиз ва хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!
Жонажон Ватанимизга, Мустақиллигимизга кўз тегмасин!
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!