» » Фориш туманининг  туризм имкониятлари ва истиқболи

Фориш туманининг  туризм имкониятлари ва истиқболи

06 февраль 2019 г 4 298 Комментарии: 0

Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотномаларига қараганда, ўтган йили дунё миқёсида туризм фаолиятидан 1,323 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад кўрилган.

Ўзбекистон 1993 йилда ушбу ташкилотга аъзоликка қабул қилинган бўлиб, ўтган давр ичида соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Уларнинг изчил ижросини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида туроператорлар сони ҳамда меҳмонхоналар кўпайди. Бунинг самараси ўлароқ, юртимизга ўтган йили аввалги йилларга нисбатан 24,3 фоиз кўп сайёҳлар ташриф буюрди.

Туризм кўп қиррали ижтимоий-иқтисодий соҳа бўлиб, мақсади, ташкилий шакли, сайёҳлар сони, ёши, муддати, молиялаштириш манбалари каби йўналишларда уни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу орқали мамлакатимиз туризм салоҳиятини тўлиқ таҳлил қилиб, янада ривожлантириш имкониятларини аниқлаш мумкин. Мисол учун, мақсадига қараб тарихий обидаларни томоша қилиш ва ўрганиш, бизнес, зиёрат, спорт, рекрацион (дам олиш, меҳнат қобилиятини тиклаш), билим олиш, экзотик, экологик, транзит, индустриал, аграр, даволаниш сингари туризм йўналишларини йўлга қўйиш мумкин.

Бетакрор юртимиз тарихий қадамжолари кўплиги жиҳатидан дунёнинг етакчи мамлакатлари қаторидан жой олган. Туманимизда ҳам маданий мерос объектлари, тарихий обида ва муқаддас зиёратгоҳлар, археологик манзилгоҳ ва манументал ёдгорликлар давлат муҳофазаси рўйхатига киритилган. Тарихий-маданий туризмдан ташқари янги сайёҳлик йўналишлари, айниқса, экотуризмнинг ривожлангани сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилади.

Шу билан бирга жойларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича камчилик ҳамда муаммолар ҳам кўзга ташланмоқда. Табиийки, сайёҳликни ривожлантириш соҳасидаги ишларни бир йўналишидагина амалга ошириб, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳнинг мароқли саёҳат ва дам олиши учун транспорт воситалари, йўллар, меҳмонхоналар, овқатланиш масканлари, саломатлик марказлари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, хавфсизликни таъминлаш, тозалик-ободонлаштириш яхши йўлга қўйилган бўлиши керак. Маҳаллий аҳолининг муомала маданияти, савдо шохобчалари, банк хизматлари ва бошқа соҳалардаги хизматлар юқори савияда, сифатли ташкил этилиши лозим.  Кўриниб турибдики, туризмнинг жадал ривожлантириш учун юқорида санаб ўтилган хизматларни параллел ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Туманимизнинг табиий иқлими, экологик аҳволи, тоғ ва дашт, Айдаркўл, Ўхум, Порашт, Каттабоғдон, Ёмчи ва тоғ минтақаларимиз асосан экотуризмни ривожлантиришга имкон яратади. Туризмнинг бу соҳаси камчиқимлилиги, чекка қишлоқларимизнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашга ёрдам бериши билан фойдали. Экотуризмнинг бош мақсади табиатнинг барча кўринишлари билан бевосита мулоқотда бўлиш, завод-фабрикалар тутуни, чиқиндиларидан ифлосланган ҳаво, сув ва шовқин ҳамда ижтимоий қарама-қаршиликлардан чарчаган инсонларга ҳаётнинг гўзаллигини эслатишдир.

Экотуризм учун ниҳоятда мос бўлган туманимизнинг Порашт – Эски Фориш қишлоғида иккита уй меҳмонхона фаолият юритмоқда. Экотуризмнинг асосий шартларидан бири ҳудуд табиати, умумий қиёфасига кучли ўзгартириш киритилмаслиги, яъни ҳашаматли меҳмонхона, ресторан ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш учун алоҳида бинолар қурилмаслигидир.

Бундан бир неча йил муқаддам туманимизнинг тоғли ва чекка қишлоқларидаги кўнгиллилар БМТнинг махсус лойиҳаси билан тоғ қишлоқларида уй-меҳмонхоналар ташкил этишга жалб қилинган эди. Иштирокчиларга 4 йил давомида ушбу нуфузли ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳомийлигида тур-фирмалар билан боғланиш, инглиз тилини ўрганиш, ишни тўғри ташкил этиш ўргатилди. «Sarbon Travel» оилавий корхонаси раҳбари Сарбон Шавқиев ҳам ушбу лойиҳанинг иштирокчиси эди. Лойиҳа муддати тамом бўлгач, у уй-муҳмонхона фаолиятини қонуний ташкил этди. Бугунги кунда унинг сой бўйида, тоғу тош қўйнида жойлашган уй-меҳмонхонасида 20 ўринли жой мавжуд. Инглиз тилини тузиккина ўзлаштирган Сарбонга турмуш ўртоғи ҳам кўмакдош бўлмоқда. Ташриф буюраётган сайёҳлар Нурота тоғ тизмаси, Айдаркўл табиатининг мўъжизаларидан баҳраманд бўлмоқдалар.

Айни кунда туманимизда 5 та уй-меҳмонхоналар фаолият кўрсатмоқда. Бундай меҳмонхоналарга мувофиқлик сертификати уч йил муддатга берилади. Бугунги кунда қонунчиликдаги янгилик ва имтиёзлар сертификат соҳиби бўлган туризм хизматлари кўрсатувчиларга катта қулайликлар беради. Жумладан, божхона тўловисиз хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни юртимизга олиб кириш ҳамда имтиёзли кредит олиш кабилар шулар жумласидандир. 

Можрум қишлоғида тадбиркор Қўлдош Мирзаев томонидан яқинда «Muhammad Ali» хостели ташкил этилди. Яқинда ташкил этилишига қарамасдан у 20 нафар хорижлик экотуризм ихлосмандларига хизмат кўрсатди. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш давлат иқтисодий сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 8 январь куни бўлиб ўтган инвестиция лойиҳалари ижросига бағишланган видеоселекторда туризм ривожи тўғрисида алоҳида сўз юритилди. 2019 йилнинг туризм ривожида туб бурилиш йили бўлиши эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги «Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача сайёҳга вақтинча яшаш ва овқатланиш бўйича хизмат кўрсатувчи оилавий меҳмон уйлари ташкил этишга имкон берилган. Тижорат банкларига оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган субъектларнинг буюртмаларига биноан энг кам ойлик иш ҳақининг 300 барваригача миқдорда 5 йил муддатга (икки йиллик имтиёз билан) имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия қилинган. Тадбиркорларга яна бир енгиллик шундаки, кредитлар бўйича фоизлар миқдорининг ярми Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан қопланади.

Мамлакатимизда туризмни жадал ривожлантириш, бу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019 йил 5 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони ва қарорларида туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларга, чет давлатлардан ташриф буюраётган сайёҳларга виза бериш, уларга хизмат кўрсатиш борасида кенг имкониятлар яратиш кўзда тутилган. Бу борада замонавий ахборот-технологияларини кенг тадбиқ этиш назарда тутилган. Жумладан, Президентимизнинг «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан меҳмонхона қуриш учун ажратилган ер участкаси қурилиш тугаллангандан сўнг инвесторга мулки ҳуқуқи асосида сотилиши кўзда тутилган.  Шу билан бирга 3 юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач, янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторга харажатларининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда, инвесторлар харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан молиялаштириш миқдори қўшимча равишда ташкил этилаётган хоналар сони 50 мингтага етгунга қадар келгуси йил учун Давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш жараёнида ушбу миқдорни ҳар йили индексация қилган ҳолда 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм, 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил қилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ҳаким ТЎЙЧИЕВ,

туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик

масалалари бўйича биринчи ўринбосари.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!