» » Жиззахдаги “Кўзи ожизлар жамияти”нинг шуъба корхонаси иқтисодий танг аҳволда

Жиззахдаги “Кўзи ожизлар жамияти”нинг шуъба корхонаси иқтисодий танг аҳволда

22 апрель 2019 г 2 341 Комментарии: 0

“Кўзи ожизлар жамияти”нинг Жиззах вилояти бўлими тасарруфидаги ўқув ишлаб чиқариш комбинати масъулияти чекланган жамиятининг “Жиззах саломатлик” шуъба корхонасида ўтган йили режадагидан 350 миллион сўмлик кам маҳсулот ишлаб чиқарилди. Нега?

Уч қаватли замонавий бинонинг иккинчи қаватидамиз. Ҳайҳотдан ишлаб чиқариш цехида ўн чоғли аёлларнинг бири кўрпа қавиётган бўлса, бири ёстиқ тикаяпти. Бошқаси эса чойшаб тайёрлаш билан банд. Цех катта бўлганлиги боис бу ерда одамлар ишлаётган бўлсада киши кўзига худди бўм-бўшдек кўринади. Бу бинонинг биринчи, учинчи қаватлари ҳам бўм-бўш.
—Илгари шу цехнинг ўзида 100 нафардан зиёд кўзи ожиз ногиронлар меҳнат қиларди,—дейди корхона раҳбари Низом Бобоев.—Ишлаб чиқараётган маҳсулотимизга бўлган талаб йилдан йилга камайиб бораяпти. Бу ўз навбатида иш ўринларини қисқартиришни тақозо этаётир.
Унинг бу сўзларидан сўнг беихтиёр тайёрланаётган кўрпа-ёстиқ ва тўшаклар сифатсиз бўлгандан кейин унга талаб бўлармиди, деган фикр пайдо бўлди.
—Бозор талабини ўрганиб, шу асосда маҳсулот тайёрланса бўлмайдими?
—Биз айнан истеъмолчи талаби асосида, давлат стандартларига мос равишда маҳсулот ишлаб чиқарамиз,—дейди Низом Бобоев. —Энг қизиғи, бизда сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Негаки, ишлаб чиқарилаётган ҳар бир маҳсулот махсус қолиплар ёрдамида тайёрланади. Чунки чеварларимиз зиммаларидаги топшириқни кўз билан эмас, қалбдан ҳис этган ҳолда уддалайдилар. Қолиплар ёрдамида кўрпа-ёстиқ тайёрлаётган чевар бирорта операцияни амалга оширмаслиги мумкин эмас. Чунки, тикув жараёнида амалга оширилиши зарур бўлган операциянинг лоақал биттаси эътибордан четда қолса ҳам ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг бўйи энига, ёки эни бўйига тўғри келмайди. Бундан ташқари, тайёрланаётган маҳсулотларнинг барчасига соф пахтали матолардан ишлатилади.
—Унда муаммо нимада?
—Муаммо шундаки, биз ишлаб чиқараётган маҳсулот давлат стандарти талаблари даражасида бўлиб, нархи юқорилигида,—дейди корхона раҳбари. —Бозордаги пахтали бўлмаган, инсон саломатлиги учун қайсидир маънода зарар етказувчи синтетик матолардан тайёрланган кўрпа-ёстиқлар эса арзонлигидадир. Бизнинг асосий истеъмолчиларимиз бўлган тиббиёт, мактабгача таълим ва бошқа муассасалари арзонига учиб, бизнинг маҳсулотлар омборларда қолиб кетаяпти.
Корхонанинг нархномасига кўз югуртирамиз. Кўрпа—130 минг сўм, тўшак—103 минг 500 сўм, ёстиқ—31 минг сўм, чойшаблар жамламаси—150 минг сўм. Буларнинг барчаси пул ўтказиш йўли билан сотилади. Лекин бозордан ана шундай маҳсулотларни сотиб олаётганлар савдони нақд пулда амалга оширадилар. Бунинг корхона, ташкилот ёки муассаса учун қайси бири ўнғайлиги биргина харидорларга боғлиқ.
Шу ўринда Президентимизнинг “Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмак бериш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир” деган сўзлари ёдимизга келади. Яқинда корхона маъмурияти Жиззах шаҳар ҳокимлигига махсус тижорат таклифи билан муражаат этди. Таклифларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури, салмоғи, сифати, нархи кўрсатиб ўтилган.
Бироқ, ҳокимликдаги мутасаддилар бу таклифга на “Ҳа”, на “Йўқ” деб жавоб берганларича йўқ, ҳозирча. Корхона раҳбарининг сўзларига қараганда ўтган йили ҳам тақдим этиилган таклифлар “Отангга бор, онангга бор” қабилида ташкилотма-ташкилот жўнатилиб, ҳеч қандай чора-тадбир белгиланмай аро йўлда қолиб кетган. Ана шунинг оқибатида кўзи ожиз корхона ишчиларининг бир қанчаси ишсиз қолганлар.
Бир куни дўстимнинг ўғли кўрпа-ёстиқ кўтариб, шифохонага кириб кетаётганини кўриб қолдим. Унга йўл бўлсин, десам, дадам шифохонада даволанаётганди. Унга кўрпа-тўшак олиб бораяпман, деди. Ҳайрон бўлиб дўстимдан сўрадим.
—Шифохонанинг пахтаси узуқ тўшагида ётиб бўлмайди. Бу ердагиларнинг барчаси кўрпа-тўшакни уйидан олиб келишган. Мен ҳам шундай қилдим, деди.
Ана сизга арзон маҳсулот.

Бекпўлaт Тоғаев 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!