» » Пахтакорда тўртинчи сектор кўмагида туяқуш бизнеси йўлга қўйилди

Пахтакорда тўртинчи сектор кўмагида туяқуш бизнеси йўлга қўйилди

07 май 2019 г 2 752 Комментарии: 0

Бугунги кун ҳар бир раҳбардан одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини вақтида ҳал этиб, фаровон турмушини таъминлашни давр талаб этмоқда.

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани Солиқ инспекцияси  бошлиғи Орзимурод Эргашев раҳбарлигидаги тўртинчи сектор аъзолари ўз ҳудудларида тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга, оилаларни кичик бизнесга жалб қилиш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий ишлар олиб борилмоқда. 

Пахтакор туманидаги "Оқбулоқ” МФЙда истиқомат қилувчи Даврон Холиқов Африка туя қушлари парваришини йўлга қўйди. "Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури доирасида Пахтакор тумани Давлат солиқ инспекцияси раҳбарлигидаги 4-секторнинг тавсияси билан ТИФ "Миллий банк” томонидан ажратилган 30 миллион сўмлик кредит асосида 16 та туяқуш жўжаси сотиб олди. Сектор раҳбариятига қилинган мурожаат ижобий ҳал этилгач, оилавий тадбиркор турмуш ўртоғи ва ўғлини доимий иш билан таъминлашга муваффақ бўлди.

- Туяқуш юз фоиз чиқитсиз жонзот ҳисобланади. Унинг ҳамма нарсаси: гўшти, териси, суяги, ёғи, пати, тирноғи ва тухумидан фойдаланиш мумкин, - дейди туяқуш бизнесини йўлга қўйган Д.Холиқов. - Гўшти шифобахш, пат ва парлари жаҳон бозорида жуда қадрланади.  Хуллас ҳақиқий етти хазинанинг бири. Туяқушлар тухум бера бошлагач, уларнинг сонини яна кўпайтириб, оилавий корхонани кенгайтириш ниятидамиз.

Бугунги кунда Пахтакор туман ДСИга қарашли 4-секторга 4 та маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилган. Ҳудудда 15 минг 582 нафар аҳоли истиқомат қилади. Сектор аъзолари уйма-уй юриш давомида фуқароларнинг муаммоларини аниқлаб, уни ҳал этиш чораларини кўрмоқдалар.

Дилбар Жозилова турмуш ўртоғи вафот этгач 2 нафар фарзандини ёлғиз ўзи вояга етказмоқда. Секторга ишга жойлашиш бўйича қилган мурожаати тез орада  ижобий ҳал этилди.  У туман бандликка кўмаклашиш маркази тавсиясига кўра банд бўлмаган фуқаро сифатида пул тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Туманда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинганда бир қатор камчиликлар жойида бартараф этилаётганлиги маълум бўлди. Бу эса секторга нисбатан мурожаатчиларнинг ишончи ортиб бораётганлигини кўрсатади.

Секторлар ишини яхшилаш учун қабул қилинган давлат раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳар бир масъул идора учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!