» » “Ўрда” боғи янада обод бўлади

“Ўрда” боғи янада обод бўлади

26 июнь 2019 г 2 617 Комментарии: 0

Жиззах шаҳридаги энг йирик дам олиш маскани – “Ўрда” ёшлар экологик боғини қайта реконструкция қилиш ишлари бошланди.

Жиззах шаҳрининг тарихий масканларидан бири “Ўрда” қўрғони ўрнида ободонлаштириш ишлари бошланиши вилоят жамоатчилигини ғоят мамнун қилмоқда. Боиси кейинги йилларда эътиборсизлик туфайли боғ тароватини йўқота бошлаган эди. 

Айни пайтда боғни қайта реконструкция қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилиб амалга оширишга киришилди. Лойиҳага кўра 37,5 гектардан иборат бўлган боғ майдонида унинг тарихий иншоотларига, экологиясига зарар етказмаган ҳолда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. 
Боғ реконструкцияси учун вилоят ҳокимияти томонидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилди. Айни пайтда боғнинг тўртта кириш дарвозаси қайтадан қурилиб, йўлларни, йўлакларни таъмирлаш, кошинлар ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда. 
Ушбу боғнинг қайта барпо этилиши нафақат ободонлаштиришда, балки халқимизнинг тарихий қадриятларини тиклашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Боғ барпо этилаётган “Ўрда” қўрғони ҳудуди Жиззах шаҳрининг қадим тарихи, халқимизнинг миллий озодлик ҳаракатлари, ўтган асрнинг бошида бўлиб ўтган Жиззах қўзғолони билан бевосита боғлиқ маскан. 
– Боғни янгидан қуришда Президентимизнинг ёшларга оид бешта муҳим ташаббуси бўйича лойиҳаларни амалга оширишишга алоҳида аҳамият беримоқда, – дейди Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари Суюн Силлиев. – Шунинг учун боғда тарихий ватанпарварлик, спорт, кутубхоналар, интернет кафелар, маънавий маърифий масканлар барпо этилмоқда. “Ўрда” боғи йирик дам олиш масканларидан бири бўлиши билан бирга ёшларни ватанимиз тарихига бўлган ҳурматини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган масканга ҳам айланади. 
Шу мақсадда боғнинг асосий дарвозасидан киришда болалар учун иккита замонавий аттракцион, ёшлар коворкинг маркази барпо этилди. Боғда иккита кутубхона, жумладан, битта мутолаа маркази бўлади. Боғда болалар ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратишга эътибор қаратилиб, 2 та сунъий қопламали спорт майдони, 2 та сув ҳавзаси, умумий узунлиги 30 километрдан зиёд бўлган айланма велоспорт йўлаги, картинг йўли, машқ қуролида мерганликни ўрганиш маскани барпо этилмоқда. 
Боғни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида реконструкция қилиш билан бирга ҳудуднинг тарихий иншоотларини, экологик хилма-хиллигини сақлаб қолишга эътибор қаратилмоқда. Қурилиш таъмирлаш ишларини бошлаш олдидан тарихий аҳамиятга эга иншоотлар ва табиий хилма-хилликка зарар етказмаслик мақсадида ҳудуддаги 24 турдаги 1 минг 800 та дарахтнинг, “Бобо якка” тарихий обидасининг муҳофазаси таъминланди. 
“Ўрда” боғидаги асосий иншоотлар тадбиркорлар томонидан қурилмоқда. Боғ дирекцияси томонидан спорт ва хизмат кўрсатиш иншоотлари барпо этиш учун майдонлар тадбиркорларга ҳудуддаги экологик, тарихий объектларга зарар етказмай фаолият кўрсатиш шарти билан ижарага берилаяпти. 
Айни пайтда боғда қурилиш, таъмирлаш ишлари қизғин бормоқда. Ҳозиргача режалаштирилган ишларнинг ярмидан зиёди бажарилди. Боғни реконструкция қилиш ишларини Мустақиллик байрамигача тўлиқ битказиш мўлжалланган.
Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат)
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!