» » Жиззахда фермерлар қуёш станциялари ўрнатишни бошлади

Жиззахда фермерлар қуёш станциялари ўрнатишни бошлади

10 сентябрь 2019 г 1 673 Комментарии: 0

Ўзбекистондаги фермер хўжаликлари электр энергиясини тежаш мақсадида замонавий қурилмаларни ўрнатишни бошладилар. 

Фориш туманидаги «LAZZAT KAFOLAT» узумчилик-фермер хўжалигига қарашли узумчилик плантациясида чуқурлик насосини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида «ОфтобНур» компанияси мутахассислари томонидан фотоэлектр (қуёш) станциясини ўрнатиш ва ишга тушириш бўйича ишларни якунладилар. Насос қишлоқ хўжалик экинларини доимий суғорилишини таъминлаш учун қудуқдан сув чиқаришга мўлжалланган. 

Юқори самарадорликка эга бўлган фотоэлектр (қуёш) панеллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган. Уларнинг кафолатланган хизмат кўрсатиш муддати 25 йилни ташкил этади. 

Замонавий қурилма соатига 10 киловатт электр энергияси ишлаб чиқаради. Бир ёруғ кунда у 80 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Ойлик электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати эса 2400 киловаттга тенг. Суғориш мавсумида (март-октябрь ойлари) бу рақам 19200 киловатт электр энергиядан ошиб кетади. 

Таққослаш учун, фермер ўзини электр энергияси билан таъминлаш учун 1 км қиймати 35 млн сўмга яқин бўлган электр узатиш линияси қуришга мажбур бўлади. Бунга қўшимча тарзда, амалдаги тарифга кўра ҳар йили фойдаланилган электр энергияси учун 9 млн. сўм тўлашига тўғри келади. 

Кўрсатиб ўтилган қуёш қурилмасини ўрнатиш учун фермер 78 млн. сўмга яқин маблағ сарфлайди. Мазкур қурилма 8 гектар ерни одатий усул билан, 30 гектар ерни эса томчилаш усулида суғориш имконини беради. Бунда фермер ҳар бир гектар ердан, мисол учун, полиз (қовун, тарвуз) экинларидан бир йилда 30 млн сўм фойда олиши, 8 гектардан эса мос равишда 240 млн сўм даромад олиши мумкин. Ўрнатилган қурилма харажатлари биринчи йилнинг ўзида қопланади.

Президентнинг «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигига эришиш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, юридик ва жисмоний шахсларга банк кредитлари эвазига қайта тикланувчи энергия қурилмаларини, электр тежовчи газ қурилмалари ва қозонларини сотиб олганлик учун фоиз тўловлари компенсация ҳисобидан қопланиши белгилаб берилган.

Қарор билан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани энергия самарадорлигига эришишни таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида 2019-2022 йилларда энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг Комплекс дастури ишлаб чиқилган.

Комплекс дастурга кўра, 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши умумий ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 25 фоизига тенг бўлиши лозим.

Ҳужжатда замонавий қуёш фото электр станцияларини ва қуёш сув иситгичларини (марказий иситиш тизимига уланган объектлар истисно қилинган ҳолда), шунингдек энергия тежамкорлиги юқори бўлган иситиш тизимларини, хусусан замонавий иссиқлик насослари ва рекуператорли қурилмаларни босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!