» » Онанинг табассумини кўришдан бахтиёрликни туйган шифокорнинг бахти

Онанинг табассумини кўришдан бахтиёрликни туйган шифокорнинг бахти

13 сентябрь 2019 г 1 761 Комментарии: 0

Жиззах вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази бош врачи Холида Алимовани кўпчилик нафақат малакали мутахассис, деб билади балки муассасада даволанаётган мурғак қалб эгаларига меҳрибонлигини ҳам алоҳида эътироф этади.

50 йиллик иш тажрибасига эга бу шифокор муассасага келган болаларнинг барчасига ўз фарзандидай меҳрибонлик қилади. У даволаган, маслаҳат берган, ёрдам кўрсатган болалар жуда кўп. Шу боис Холида Алимованинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофоти – “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвонига сазовор бўлишини кўпчилик хурсандчилик билан қарши олди, десак муболаға бўлмайди.
Кейинги 32 йил мобайнида вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига раҳбарлик қилиб келаётир. Бу даврда унинг қўлида қанча бола шифо топганлиги ҳисоблаб чиқиш қийин. Фақат бир нарса аён – ҳеч ким опадан норизо бўлиб кетмаган.
Муҳими, бугун шу катта муассасани бошқаришдек масъулиятли вазифани муваффақиятли бажармоқда. Айниқса, кейинги йилларда тиббиётни ислоҳ қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли тиббиёт марказининг тубдан янгиланишида опанинг ҳиссаси катта.
2.jpg
Марказ биноси 2016-2017 йилларда тўлиқ реконструкция қилиниб, 300 қатновли маслаҳат поликлиникаси, 6 ўринли жонлантириш ва 20 ўринли чақалоқлар бўлими фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, 150 ўринли ошхона ишга туширилди.
Бош врачнинг саъй-ҳаракати билан болалар табобатхонаси замонавий УЗИ, ФГДС, ЭКГ, ренген, аудиограмма каби аппаратлар, биохимик анализаторлар билан тўлиқ жиҳозланди. 15 турдаги муолажа қилинадиган физиотерапия хоналари фаолият кўрсатаётир.
Марказда болаларни оналари билан биргаликда даволаш усулининг қўлланиши яхши натижа бераётир. Марказ мажмуасини капитал реконструкция қилишда оналар ва болалар хоналари ташкил этилиб, улар зарур жиҳозлар билан таъминланиши даволаш ишларининг самарасини янада оширди. Бу бўлимда болаларнинг зерикмасликлари учун турли ўйинчоқлардан тортиб, оналарнинг фарзанди ёнида бўлиши учун ҳам барча шароит яратилган.
Марказда ишнинг кўлами ортганлигини биргина ўтган йили 11 минг 455 нафар бола даволангани ҳам кўрсатиб турибди. Бир йил ичида муассасанинг маслаҳат поликлиникасида 181 минг 918 нафар бола кўрикдан ўтказилди.
Кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази томонидан вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги болалар шифохоналарига услубий-амалий ёрдам кўрсатиш доимий йўлга қўйилган. Айниқса, вилоятнинг олис қишлоқларидаги қишлоқ врачлик пунктларига болалар саломатлигини муҳофаза қилишни яхшилашда амалий ёрдам кўрсатилаётир.
Марказ томонидан ижтимоий муассасалар тарбияланувчиларининг саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ўтган йили ва шу йилнинг ўтган даврида Жиззах шаҳридаги 29 – “Меҳрибонлик уйи”, 32 махсус интернат-мактаб, Зомин туманидаги Ём мурувват уйи тарбияланувчилари, Бўстон шаҳридаги махсус мактаб ўқувчилари тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 400 нафардан зиёди даволанди.
4.jpgМарказ мутахассислари туманларда тиббий кўриклар ўтказиб, болалар ўртасида касалликларнинг олдини олиш, барвақт даволаш ишлари туфайли болалар ўлими кескин камайди. Даволаш ишларидаги сифатнинг яна бир кўрсаткичи – вилоятдан республика марказий тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган беморлар 2018 йилда 2009 йилга нисбатан 54 фоизга камайди.
– Соғлиқни сақлаш соҳасига авваллари ҳозиргидай катта эътибор берилган эмас, – дейди Холида Алимова. – Давлатимизнинг баркамол авлодни вояга етказишга бераётган доимий эътибори туфайли муассасамиз фаолияти йилдан йил яхшиланиб бораётир. Айниқса, 2017-2018 йилларда амалга оширилган реконстукция ишлари натижасида марказ мажмуаси тўлиқ янгиланиб, мамлакатимиздаги энг яхши даволаш муассасаларидан бирига айланди.
Холида опа кадрлар малакасини оширишга алоҳида эътибор беради. Айни пайтда муассасадаги шифокорларнинг 92 фоизи олий тоифали. Марказда ходимларнинг билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш тизими яратилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ёрдами билан шифохона врачлари хорижий мамлакатларда
малака ошириб келмоқда. Жумладан, ўтган йилларда марказ врачлари Украина, Россия, Германия, Исроил ва Японияда малака оширди.
Хорижнинг етакчи тиббий муассасалари билан ўрнатилган ҳамкорлик доирасида мутахассислар ўзаро тажриба алмашилиб, ҳамкорликда жарроҳлик амалиётини бажармоқда. Жумладан, кореялик шифокорлар билан 35 болада юз-жағ, танглай операциясини амалга оширди.
Холида Алимованинг болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги хизматлари муносиб тақдирлаб келинмоқда. Опа 1995 йилда “Шуҳрат” медали, 2011 йилда II-даражали “Соғлом авлод” ордени билан мукофотланди. 2009-2014 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида мамлакатимизда тиббиёт қонунчилигини мустаҳкамлашда фаол иштирок этди.
6.jpg
– Мен учун муассасамиздан боласи соғайиб чиқаётган оналарнинг табассумини, болаларни саломат кўриш жуда катта бахт, – дейди Холида Алимова. – Болаларнинг саломатлигини муҳофаза қилишда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳеч бир шифокорни лоқайд, бефарқ қолдирмайди. Ахир бу иш миллионлаб оналарнинг, болаларнинг бахтли ҳаёти, келажагимиз билан боғлиқ беқиёс, улуғ иш.
Холида Алимованинг оиласи чин маънода шифокорлар оиласи. Учала фарзанди ҳам ота-онаси йўлидан бориб, республикамизнинг етакчи илмий марказларида шифокорлик қилмоқда.

Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат)
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!