» » Жиззах аккумулятор заводи қандай қилиб самарадорликка эришмоқда?

Жиззах аккумулятор заводи қандай қилиб самарадорликка эришмоқда?

24 сентябрь 2019 г 3 967 Комментарии: 0

“Жиззах аккумулятор заводи” акциядорлик жамиятида кейинги икки йилда 2017 йилдагига қараганда хорижга маҳсулот экспорт қилиш икки бараварга ошди. Жорий йилда ишлаб чиқаришни 25 фоизга ошириб, 1 миллион дона батарея ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Мамлакатимизда автомобилсозлик саноати ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун барча турдаги қўрғошин кислотали батареялар ишлаб чиқарадиган “Жиззах аккумулятор заводи” акциядорлик жамияти фаолият кўлами, рентабеллик даражаси, ишлаб чиқариш қуввати, маҳсулотлар тури, ишчи-хизматчилар сони ва ижтимоий дастурларни молиялаштириш ҳажми жиҳатидан нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда энг йирик корхоналардан биридир.
Саноатнинг устувор йўналишларини узоқ муддатли истиқболли ривожлантириш дастурлари асосида корхонада кейинги уч йилда ишлаб чиқаришни бошқариш ва ташкил этишга замонавий ёндашувлар жорий этишда туб ўзгаришлар юз берди.
– Президентимизнинг 2016 йил 22 декабрдаги “Саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини жадал янгилаш, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида корхонада ишлаб чиқариш модернизация қилинди ва янги линиялар ўрнатилди, – дейди корхона техник директори Шуҳрат Умаров. – Корхонамизни модернизация қилиш учун 2017 йилда 672 минг АҚШ доллари, 2018 йилда 830 минг АҚШ доллари сарфланди. 2017 йилда Туркиядан қиймати 150 минг АҚШ долларилик элементлараро пайвандлаш ускунаси, Россиядан 22 минг АҚШ долларилик сувни юмшатиш линияси, 50 минг АҚШ долларлик электролит совутиш ускунаси ҳамда Италиянинг “Совема” компаниясидан 140 минг евролик аккумулятор пластиналарини суваш линияси олиб келиб ўрнатилди. Бу ишлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот сифатини янада яхшилашда муҳим қадам бўлди.
Модернизация қилишдан олдин корхонада сиғими 35 ампер соатдан то 190 ампер соатгача бўлган аккумулятор батареяларининг 10 турдагиси ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда ушбу маҳсулотларнинг тури 25 тага етди. Жорий йилда 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ ускуналар етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди. Ушбу маблағ билан Туркияда, Германияда, Эстонияда ишлаб чиқарилган янги технологик ускуналар олиб келиниб ўрнатилди ва ишлай бошлади.
Шунингдек, 2020 йилгача технологик ускуналар паркини янгилаш учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилган. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш натижасида маҳсулот сифати яхшиланади ва ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади.
Ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш давомида йилига 7,5 миллион дона пишиқ ғишт ишлаб чиқарадиган мини-завод қурилиши лойиҳаси амалга оширилиб, 60 дан ортиқ иш ўрни яратилди.
6.jpg
Инновацион технологияларни жорий этишда ҳар бир лойиҳа акциядорлик жамияти илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари бўлимида етакчи техник олий ўқув юртлари мутахассислари билан чуқур ўрганилиб, жорий этилаётгани туфайли корхонада юқори техник ва иқтисодий кўрсаткичларнинг барқарор ўсиши таъминланмоқда. Ушбу ёндашув асосида қишлоқ хўжалиги, йўл қурилиши ва тоғ-кон саноатида ишлаётган оғир транспорт воситаларига мўлжалланган аккумулятор батареяларининг янги туркумларини йиғиш технологияси яратилди.
Янги технологиялар жорий этилиши маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсишига олиб келмоқда. 2017 йилда 140 миллиард сўмлик маҳсулотлар сотилиб, 0,4 миллиард сўм фойда олинган эди. 2018 йилда савдо ҳажми 195,7 миллиард сўмни, олинган фойда 3,8 миллиард сўмни ташкил қилди. Жорий йилда савдо ҳажмини 198,8 миллиард сўмга етказиб, 6,6 миллиард сўм фойда олиш кўзда тутилмоқда. 2020 йилда савдо ҳажмини 346 миллиард сўмга, даромадни эса 18 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.
Корхона маҳсулотлари мамлакатимизнинг “Uz Auto Motors”, “SamAvto”, “MAN” каби йирик корхоналарнинг аккумулятор батареяларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришдан ташқари, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. 2017 йилда экспорт ҳажми 600 минг АҚШ долларини, 2018 йилда 1 миллион 200 минг АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 1 миллион 500 минг АҚШ долларига етказиш кўзда тутилмоқда.
Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хорижий давлатларнинг автомобиль корхоналарига етказиб бериш бўйича буюртмалар портфели тузилмоқда. Масалан, Россиянинг “КАМАЗ” автокорхонаси билан келишилган ҳолда аккумулятор батареяларининг тажриба-синов партияси жўнатилди. Бугунги кунда маҳсулотлар дала шароити ҳамда “КАМАЗ”нинг стендларида лаборатория синовларидан ўтказилмоқда. Синов ишлари якунланиши билан ҳар йили 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги 10 минг дона аккумулятор батареялари етказиб бериш тўғрисида шартнома имзоланиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Беларуснинг “МАЗ” ОАЖ билан музокара олиб борилмоқда. Улар билан 6-СТ220 батареяларини ишлаб чиқариш нархи келишиб олинди. “МАЗ”га йилига 12 минг дона аккумулятор батареяларини етказиб бериш кўзда тутилган.
28.jpg
Корхонада маҳсулотларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– 2006 йилдан бошлаб заводимизда ISO 9001 стандартига амал қилиниб келинмоқда, – дейди корхонанинг истиқболли ривожлантириш ва маҳсулот сифати бўйича директори Ботир Холмирзаев. – Автомобилсозлик саноати учун қўлланиладиган IATF 16949:2016 “Автомобиль воситалари сифат бошқаруви тизими стандарти” жорий этилиб, халқаро сертификат олинган. Шунингдек, ISO 50001 энергия бошқарув тизимининг стандарти жорий қилинган ва амалда қўлланилмоқда. Ҳозирги вақтда ISO 14001 экология сифат бошқарув тизими ва ISO 45001 саноат хавфсизлиги стандартларини жорий этиш жараёни давом этмоқда.
Жорий йилда автомобилсозлик саноатидаги етакчи корхоналар орасида “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ 86 фоизли кўрсаткич билан бириктирилган сифат тизими – BIQSнинг 3-даражасига эришди. Кейинги йилда 93 фоизли кўрсаткич билан 4-даражага эришиш режалаштирилган.
Заводда аналитик ва синов лабораторияси ISO IEC 17025 халқаро стандартига мувофиқ аккредитациядан ўтган. Бу ерда халқаро сифат стандартларига мувофиқ кимёвий, электр ва механик синовлар ўтказилаётир. Ушбу синовларга мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифати хорижий маҳсулотларнинг ҳар қандай кўрсаткичларидан кам эмас. Ўтган йили Россиядан лабораторияда совуқ айлантириш токини аниқлаш ускунаси сотиб олинди ва ишга туширилди. Ушбу ускуна батареяларни тайёр ҳолатда тестдан ўтказиш имконини беради.
Маҳсулот сифати ишчи-ҳизматчиларнинг малакасига боғлиқлиги назарда тутилиб, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимли йўлга қўйилган. Шу мақсадда корхонада Жиззах политехника институти ўқитувчилари жалб қилиниб, ўқув машғулотлари ўтказиб келинаётир. Бундан ташқари, корхона мутахассислари ўз билимларини “Ўзстандарт” агентлиги СМСИТИ малака ошириш маркази ҳамда Турин политехника университетида ошириб келмоқда. Биргина 2017 йилнинг ўзида 339 та ишчи ва 24 та мутахассис, 2018 йилда 317 ишчи ва 11 та мутахассис, жорий йилнинг биринчи яримида 218 та оператор ва 10 та мутахассис малакасини оширди.
Мавжуд бошқарув тизимларини сертификатлаш бўйича халқаро органлар томонидан сифат даражасининг тан олиниши “Жиззах аккумулятор заводи” АЖнинг ишлаб чиқаришни халқаро стандартлар даражасига чиқариш имконини ҳамда республика ва халқаро миқёсда корхонанинг ишбилармонлик обрўсини янада ошишига имкон яратмоқда.
Корхонада маҳаллийлаштириш дастури изчил амалга оширилаётгани иқтисодий самарадорликнинг ўсишида асосий омиллардан бири бўлмоқда. Маҳаллийлаштириш даражаси 2017 йилда 58 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилга келиб 82 фоизга, жорий йилда эса 90 фоизга етди. Бунга асосан қўрғошин импортидан воз кечиш туфайли эришилди.
Статистик таҳлилларга кўра, мамлакатдаги автопаркларда ҳар йили ўз даврини ишлаб бўлган аккумулятор батареяларидан 28 минг тонна қўрғошин ломи ҳосил бўлиши аниқланди. Бу қўрғошин ломининг атиги 5-7 минг тоннаси ёки 20-30 фоизи йиғиб олинар, қолган асосий қисми хорижий мамлакатларга олиб чиқиб кетилар ёки аҳоли қўлида қоларди. Эски аккумулятор батареяларини кесиш жараёнида ҳосил бўлаётган 9 минг тонна атрофидаги электролит тўкиб ташланиши эса атроф-муҳитга жиддий зарар етказар эди.
Буларнинг барчаси инобатга олиниб, ўтган йили корхона таркибида чиқиндиларни қайта ишловчи лойиҳа қиймати 10 миллиард сўмлик “Жиззах аккумулятор заводи дистрибьютор” МЧЖ ташкил этилди. Иккиламчи қўрғошин ломини қайта ишлаш учун янги ускуналар ўрнатилиши натижасида ротор печининг бир меъёрда ишлаши ва қўрғошин ломи йиғишни кўпайтиришга имкон яратилди.
14.jpg
Ушбу линиянинг лойиҳавий қуввати йилига 19 минг тонна қўрғошин чиқитини қайта ишлаб, 12 минг тонна тоза қўрғошин олишга мўлжалланган. Бу заводнинг қўрғошинга бўлган талабини тўлиқ қоплашдан ташқари, 4 минг тонна тоза қўрғошинни экспорт қилишга имкон яратади. Шу ҳисобдан йилига 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги валюта маблағи тежалмоқда.
Маҳаллийлаштириш туфайли корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни “ўзбек бренди” остида ташқи бозорда бемалол сотиш имконияти яратилди. Материаллар ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш туфайли, энергия ва хомашё таннархининг ошишига қарамай, сўнгги 3 йилда маҳсулот таннархини 20 фоиз атрофида пасайтиришга эришилди.
Корхона маъмурияти кейинги 3 йил мобайнида маҳсулот сотиш нархларини ўзгаришсиз қолдириш бўйича ўз олдига аниқ мақсадни қўйган.
Бугунги кунда корхонада 12 миллатга мансуб 650 дан зиёд ходим ишлайди, уларнинг 30 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этади. Барча ходимларнинг ижтимоий ҳимояси кафолатланган, ойлик иш ҳақлари ҳар йили ўртача 30 фоизгача ошириб борилаётир.
Корхонанинг 9 нафар ходими самарали меҳнати учун давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланган.
– Корхонада ишчи-хизматчилар меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, маиший шароитини яратиш, маданий ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш ва турмуш даражасини оширишга катта эътибор берилаётир, – дейди корхона касаба уюшмаси Улуғбек Ўрозбоев. – Ишчилар бепул иссиқ овқат, махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминланган, тиббий хизмат, йиллик профилактик кўриклар йўлга қўйилган. Корхона маъмурияти томонидан 2017 йилда ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилишга қарийб 3 миллиард 760 миллион сўм, 2018 йилда 6 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Жорий йилда ушбу мақсадлар учун 10 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди. Хусусан, ҳар бир ходимга ойлик маошидан ташқари йилига ўртача 5 миллион сўмдан зиёдроқ маблағ сарфланмоқда.
18.jpg
Корхонада соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида ўтган йили футбол майдони, югуриш йўлакчаси, баскетбол, гандбол, волейбол, теннис майдончалари, кийиниш ва ювиниш хоналари қуриб ишга туширилди. Шунингдек, ходимлар ўзларининг ташаббуслари доирасида тренажёр зал, фитнес-клуб, бассейн ва бошқа спорт турларини мужассам этган спорт-соғломлаштириш комплекси фойдаланишга топширилди. Турли спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Корхона ходимларининг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларга саёҳатлари ташкил этилаётир. Ҳар йили 20 дан ортиқ ходим республика ҳамда хориждаги дам олиш масканларида ҳордиқ чиқараётир.
Кам таъминланган ишчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида корхона томонидан имтиёзли шартларда уй-жой олишга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бугунги кунга қадар 15 ишчи-ходим янги коттеж ва уй-жойларга эга бўлди. Бундан ташқари, корхонанинг мини заводида ишлаб чиқарилган ғишт маҳсулотлари ходимлар учун таннарх баҳосида сотилмоқда.
Кейинги уч йил давомида ёш оилалар ва республика ҳамда хорижий олий таълим муассасаларида ўқиётган ёшларга 291 миллион сўмдан кўпроқ ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Жумладан, талабаларнинг 198 миллион сўмлик тўлов-контракт пуллари тўлаб берилди.
Корхонада ҳар йили янги ўқув йили олдидан, ходимларнинг биринчи синфга бораётган фарзандлари учун байрам тадбири ташкил этилиб, планшет-компьютер ҳамда ўқув қуроллари ва бадиий китоблар эсдалик совға сифатида тарқатилаётир. Кейинги уч йилда 200 дан ортиқ ходимларнинг фарзандларига қимматбаҳо совғалар берилди.
Уч йил олдин Шароф Рашидов тумани, Уобсой қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудуди тоғ ёнбағридаги сўлим гўшада очилган корхонанинг “ENERJI” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ишчи-хизматчилар фарзандлари мириқиб дам олишлари учун маъмурият ва касаба уюшмаси томонидан барча зарур шароитлар яратилган. Ушбу оромгоҳда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда ҳар йили корхона ходимларининг 300 дан ортиқ, бошқа корхоналарнинг 50 нафар, шунингдек, Оролбўйи минтақасидан 80 нафар болаларнинг дам олишлари ташкил этилмоқда.
9.jpg

Т.БЕКНАЗАРОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!