» » Марказий банкнинг вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Султонбек Алишев билан суҳбат ўтказилди

Марказий банкнинг вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Султонбек Алишев билан суҳбат ўтказилди

26 сентябрь 2019 г 2 130 Комментарии: 0

Республикамизда валюта сиёсатини эркинлаштириш, экспортбоп махсулотлар етиштиришни рағбатлантириш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилаяпти.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилишнинг аниқ вазифалари белгилаб берилган. Бугунги кунда республикамизда, қолаверса, вилоятимизда қандай тадбирлар амалга оширилаяпти?

Бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида Марказий банкнинг Жиззах вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Султонбек Алишев билан суҳбат ўтказилди.

-Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қандай қулайлик ва имкониятлар яратишни кўзда тутади?

—Ушбу фармон Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари жорий халқаро операциялар (товар, иш ва хизматлар импорти, фойда репатриацияси, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган ўтказмалар) бўйича тўловларни амалга ошириш учун тижорат банкларида чет эл валютасини чекловсиз сотиб олиш имконини яратди.  Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган жисмоний шахслар чет эл валютасини тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларига эркин сотиши ва конверсион бўлимларида сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш бўйича амалдаги тартибга асосан сотиб олиши ва чет элда ҳеч қандай чекловларсиз ишлатиш имкониятига эга бўлдилар.

Қолаверса, истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорларга чет эл валютасини жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, банклардаги ҳисобварақлар орқали сотиб олишга рухсат берилди.  Мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди.   Ушбу фармондан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан 2018 йил 29 июнда “Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилганди. Ушбу Низом орқали жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан  валюта операцияларини амалга ошириш тартиблари белгилаб берилган.

Шу билан бирга, 2019 йил 20 августдан бошлаб тижорат банклари томонидан аҳолига чет эл валютасини ҳеч қандай чекловларсиз нақд кўринишда сотиш жорий этилди.

—Кейинги пайтда АҚШ доллари курси тўхтовсиз ўсиб бораяпти. Бунинг туб сабаблари нимада?

—АҚШ доллари курсининг ўсиб бориш сабаблари тўғрисида жорий йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Молия Вазирлиги билан биргаликда оммавий ахборот воситалари учун ички валюта бозоридаги жорий ҳолат ва алмашинув курси динамикасига боғлиқ масалаларни тушунтириш мақсадида ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раиси Мамаризо Нурмуратов атрофлича изоҳ бериб ўтди. Хусусан, АҚШ доллари нархи ҳам бошқа товарлар нархи сингари бозорда шаклланади, унинг нархини сотувчи билан олувчи белгилайди. Марказий банк фаол аралашадиган бўлса, бозор мувозанатини бузиб қўяди ва бу салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Марказий банк валюта курси бозорда, яъни сотувчининг ҳам, сотиб олувчининг ҳам манфаатларига мос келадиган тарзда шаклланиши тарафдори. Шунда, бозор иқтисодиёти қонунлари ишлайди. Алмашув курсининг охирги икки йил давомида шаклланиши қуйидаги ташқи ва ички омиллар таъсирида вужудга келди.

Биринчидан, глобал иқтисодиётда кузатилаётган халқаро савдо алоқаларидаги қарама-қаршиликлар, келишмовчиликлар (конфликтлар), йирик давлатларда протекционизм (ички бозорни ҳимоялаш) кайфиятининг кучайиши. Қолаверса, АҚШ томонидан айрим йирик давлатларга нисбатан халқаро савдо алоқаларида чекловлар (санкциялар) киритилишидир. Бу халқаро иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини секинлаштириш билан бирга кўпчилик давлатларнинг молия бозорларига ва уларнинг миллий валюталарининг алмашув курслари шаклланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугунги глобаллашув даврида дунё мамлакатлари иқтисодиёти бир бири билан чамбарчас боғлиқ. Ташқи дунё иқтисодиётида бўлаётган ўзгаришлар Ўзбекистонга таъсир қилмайди, дейиш ноўрин. Ўзбекистон дунё иқтисодиётининг кичик бир бўлаги, бошқа давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқалар орқали узвий боғлиқ. Фақат жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар Ўзбекистон иқтисодиётига дарҳол ёки маълум бир вақтдан (даврдан) сўнг таъсир қилиши мумкин. 

Иккинчидан, сўм алмашув курси қадрсизланишига ички омиллар таъсирини ҳам инкор этиб бўлмайди. Охирги икки ойда (курс ошиши тезлаша бошлагандан сўнг) интернетда, ижтимоий тармоқларда кўплаб блогерлар, иқтисодий таҳлилчилар ўз фикрларини билдиришди. Иқтисодиётга ажратилаётган кредитлар миқдори кўплиги, бюджет харажатлари ошиб кетаётганлигини эътироф этишди.

Албатта, бу фикрларда ҳам жон бор. Лекин бошқа томондан Ўзбекистонда ўтган йилларда ҳаммага маълум бўлган “ёпиқ эшиклар” сиёсати ва бозор иқтисодиётига ўтишдаги чекловлар натижасида иқтисодиётда хусусий бизнес ва тадбиркорлик ривожланиши учун молиявий ресурслардан фойдаланишга етарли шароит яратиб берилмаган эди. Натижада, иқтисодиётда инвестицион чанқоқлик йиғилиб қолди. Бугун мамлакатда тадбиркорлик кайфияти ва инвестицион фаоллик юқори. Президентимиз таъбирлари билан айтганда, халқимиз бугун яхши яшашни хоҳлайди. Ўзбекистонда халқ учун зарур бўлган болалар боғчаси, мактаб, касалхонани бугун қуриш керак. Бугун йўлларни таъмирлашимиз, кўприклар қуришимиз, уй-жой фондини кенгайтиришимиз зарур.

Буларнинг барчаси учун маблағ керак ва барчаси ижтимоий жиҳатдан ўта муҳим ва халқ учун асосий (элементар) шароитларни яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш демакдир. Давлат ресурслари ҳисобидан ажратилган кредитлар жойларда тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилаётган бўлса, бюджет харажатлари қўшимча солиқ тушумлари ҳисобидан амалга ошириб келинмоқда.

Албатта, бу ўринда ажратилган кредитларнинг самарали ва мақсадли ишлатилиши жуда муҳим. Кредитлар мақсадли ишлатилган шароитда келажакда (ўрта муддатли истиқболда) ички ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига бозорлардаги нарх-навога ва миллий валюта қадрига ҳам ижобий таъсир салмоқли бўлади.

—Вилоятимизда валютани либераллаштиришга оид амалдаги қонунлар ижроси юзасидан қандай  ишлар амалга оширилаяпти?

—Шуни таъкидлаш жоиз, вилоятимизда 2017 йил 5 сентябрга қадар 16 та валюта айирбошлаш шаҳобчалари фаолият кўрсатиб келган эди. Ҳозирги кунда  қўшимча равишда 22 та  валюта айирбошлаш шаҳобчалари очилиб, уларнинг умумий сони 38 тага етказилди. Шундан, 3 таси бозор ва аҳоли гавжум бўлган худудларда, 2 таси Ўзбекистон-Тожикистон чегара постида, 33 та валюта айирбошлаш шаҳобчалари эса банк биноларида фаолият юритиб келмоқда. Ушбу валюта айирбошлаш шаҳобчалари замонавий валюта ҳақиқийлигини аниқловчи детекторлар ҳамда ҳалқаро талабларга жавоб берадиган валюта терминаллари  билан жихозланган.

2019 йил 20 августдан 1 сентябрга қадар вилоят тижорат банк филиаллари томонидан аҳолига 1 миллион 593,8 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий валюта нақд кўринишда сотилди. Бундан ташқари, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида, банк филиалларида 13 та конверсион операциялар бўлимлари фаолият кўрсатиб келган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 31 тага етказилди. Ушбу конверсион бўлимлар ҳам замонавий зарурий техниклар билан жиҳозланган.

Ҳозирги кунда, тижорат банклари томонидан телефонларга ўрнатиладиган мобиль дастурлар орқали онлайн конверсия операцияларини амалга ошириш имконияти яратилган. Бунда, мижоз ўзининг сўм пластик карточкасидаги маблағларини телефони орқали валюта маблағларига конверсия қилиши мумкин. Ўз навбатида ушбу валюта маблағларини ҳеч қандай чекловларсиз чет элда ишлатиши ёки тижорат банк филиалларида ташкил этилган валюта айирбошлаш шаҳобчалари орқали нақд кўринишда ечиб олишлари мумкин.

2017 йил 5 сентябрга қадар вилоятимиз худудида халқаро пул ўтказмалари бўйича шаҳобчалар сони 30 тани ташкил этарди. Ҳозирги кунда уларнинг сони 38 тага етказилди.  Ҳар ойда ўртача 5-6 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ўтказмалари вилоятимиз аҳолисига тарқатилмоқда. Ушбу шаҳобчалар орқали ҳар ойда ўртача 400-500 минг АҚШ доллари миқдоридаги валюта эса чет давлатларга пул ўтказмалари сифатида жўнатилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 23 мартидаги ПҚ-3620-сонли Қарорига асосан 2018-2019 йилларда Жиззах вилоятида тижорат банклари 12 та автоматлаштирилган валюта айрибошлаш шаҳобчаларини ўрнатди. Ушбу банкоматлар ва автоматлаштирилган валюта айрибошлаш шаҳобчалари 24 соат режимида аҳолига хизмат кўрсатилишини таъминлайди.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!