» » Пахтакорлик аёл жасорати

Пахтакорлик аёл жасорати

12 октябрь 2019 г 1 815 Комментарии: 0

Улбўсин Пахтакор туманида туғилган.

Онаси Озода Қўшбоқованинг эслашича эндигина атак-чечакдан ўтган уч ёшлик қизини туман саломатлик марказининг чақирувига асосан навбатдаги эмлаш учун олиб борган. Шундан сўнг турли дори-дармонлар билан чоралар кўрилишига қарамай у уч кун тўхтовсиз иситмалаган. Оқибатда қизалоқнинг бир оёғи ишламай қолган. Умид билан кўплаб шифокорлар кўригидан ўтказилган. Бироқ фойдаси бўлмаган. Бу ҳолатга бир тарафлама қоқшол, деб ташхис қўйилган. Қизалоқ бир оёқ билан ҳаракат қилишга мослашиб, мактаб ёшига етган.  

— Тошкент вилоятидаги махсус мактаб-интернатида бемор болалар ҳам даволаниб, ҳам ўқитилар эди, — дейди Улбўсин Қўшбоқова. — Менинг бир оёғимга протез қўйишди. Биз дарслардан ташқари қўл меҳнатида амалга ошириш мумкин бўлган турли ҳунарлардан бошланғич сабоқ олар эдик. Аввал қоғоз сўнгра турли матолардан ўз қўлларим билан ясаган шакллар менга чексиз қувонч бағишлар эди. Шуни алоҳида айтишим керакки (опанинг кўзларини маҳзунлик эгаллади), йиллар ўтгани сари маънан етук масканда тарбия олганимга иқрор бўламан. У ерда жисмоний имкониятлари чекланган болалар ўқир эди. Ҳеч ким бир-бирини ҳақорат қилмас, аксинча бир-бирларига эҳтиёткор ва олийжаноблик билан муомалада бўлишар эди.

Мактабни тамомлаганимдан сўнг асосий вақтим жисман соғлом одамлар орасида ўтадиган бўлди. Бироқ уларнинг бир-бирига нисбатан қўполликлари, оқибатсизлиги, андишасизлиги мени ҳайрон қолдирар эди. Ҳатто “чўлоқ” деган камситишларни эшита бошладим. Лекин ҳеч қачон хафа бўлмадим. Аксинча уларга жуда ачинар эдим. Менинг нуқсоним жисмоний, улар эса кўнгли чиркин, маънан мажруҳ, руҳан беҳаловат инсонлар. Шунинг учун ҳозирги аҳволимга тангримга беҳисоб шукурлар айтиб яшайман.

 — Катта қизим Одина 11 ёшда, — дейди опанинг турмуш ўртоғи Набижон Калонов. У расм чизишни жуда яхши кўради. Вилоят тадбирларида кўргазмалари ташкил этилган. Кичик қизим Зебо 9 ёшда. Спортнинг дзюдо тури билан шуғулланади. Вилоятимиз шаънини ҳимоя қилиб 3 та бронза, 2 та кумуш, 1 та олтин медални қўлга киритган. Фарзандларимизнинг ютуқларида онасининг ҳар ишда моҳир эканлиги катта аҳамиятга эга. Қизларнинг ҳеч бир қизиқишларини эътиборсиз қолдирмайди. Неки қилса, ҳафсала билан қилишни уқтиради.

Иродаси мустаҳкам қаҳрамонимиз ҳаракат қилишдан бир зум тўхтаб қолмади. Устози Хурсаной Маматқуловадан чеварлик сабоқларини олди. Гоҳ тўқиш, гоҳ тикиш ишларини мукаммал ўрганди. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, ўз хонадонида кийим-кечаклар учун буюртмалар олди. 15 йилдирки шу иш билан шуғулланиб келмоқда. 10 га яқин шогирд тайёрлади. Учинчи гуруҳ ногирониман, деб бир иш билан чекланиб қолмади. Якка тартибдаги тадбиркор бўлиш билан бирга 2017 йилда Жиззах шаҳридаги иккиламчи қора металл корхонасида уй касаначиси вазифасига ишга ўтди. Ўзининг намунали ҳулқи, куюнчаклиги билан тезда жамоанинг ҳурматига сазовор бўлди.  

— Улбўсин опани меҳрибон онамдек яхши кўраман, — дейди шогирди Сарвиноз Соатова. — Устознинг хушфеъллиги, меҳнаткашлиги, айниқса маъноли маслаҳатларидан нафақат чеварликни, балки инсонийлик фазилатларини ўрганаяпман. Матога шакл бериш жараёнида мижознинг кўнглини ҳисобга олиш, уни мамнун қила олиш учун жуда зийрак бўлиш кераклигини доим таъкидлайдилар. Бир иш орасида китоб мутолаа қилишга ҳам вақт ажратадилар.

Тиниб-тинчимас қаҳрамонимиз яқин кунларда машина олишни ният қилиб, ҳайдовчиликдан ҳам таҳсил олишни истади. Бироқ ўқув марказлари унинг бир оёғи ишламаганлиги сабабли машина миниши мумкин эмаслигини айтишди. Ўрганиш учун рухсат беришларини сўраб, бормаган жойи, кирмаган эшиги қолмади. Чин дилдан истаб, уринаётган аёлга қандай жавоб беришни билмай, мутахассисларнинг боши қотиб турган вақтда опа бир оёқ вазифасини бажариш учун махсус газ педаль ясатганлигини айтди. У орқали қўли билан бошқара олиши мумкинлигини исботлаб берди. Бундай ҳолатга биринчи бор гувоҳ бўлган мутахассисларнинг кўнишдан бошқа иложи қолмади. Дунёда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, деган шиор билан яшовчи опахон имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, жорий йил 29 июль куни ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритди.

Ибрат олса арзигулик ҳаёт тарзи бор унинг. Президентимиз фармонига кўра мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида “Жасорат” медали билан тақдирланган Улбўсин Қўшбоқованинг янги жасоратларига тилакдошмиз.

Гулчеҳра ХИДИРОВА

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!