Ёшларнинг фаоллиги жамият тараққиётига хизмат қилади
15 ноябрь 2019 г
1 717
Жиззахда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят сайлов комиссияси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ёш сайловчи – 2019” форуми ўтказилди.
Парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўладиган сайловларда ёшларнинг иштироки, Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексининг мазмуни, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқ ва бурчлари, вилоятда сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Форумда фуқароларнинг конституциявий бурчи, миллий сайлов тизими, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайловни ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида ўтказишга қаратилган ислоҳотлар тўғрисида сўз борди. Сайловда ҳар бир фуқаро Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқидан фойдаланиб, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши, бу сиёсий тадбирга ёшларнинг бефарқ бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.
Жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда вилоятда 36 мингдан зиёд илк бор овоз берадиган ёшлар иштирок этиши кутилмоқда. Айни пайтда давом этаётган Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманларида турли тарғибот тадбирлари ва ёшлар билан учрашувлар ўтказилаётир.
– Бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда илк бор иштирок этаман, – дейди Жиззах юридик коллежи ўқувчиси Шарофат Ҳасанова. – Коллежимизда ва ёшлар иттифоқида сайловолди тарғибот тадбирларида иштирок этиб бўлажак сайловлар тўғрисида билимимни анча бойитдим. Тўғриси, мен ва коллежимиздаги тенгдошларим кимларнинг депутат бўлишига, парламентда энг кўп ўринни қайси партия эгаллашига бефарқ эмасмиз. Чунки сайлов якунлари мамлакатимиз ҳаёти, биз ёшларнинг келажаги учун нечоғли муҳим эканлигини яхши биламиз.
Форумда ўзаро мулоқотлар, савол-жавоблар бўлиб ўтди. Тадбирда фаол иштирок этган ёшлар рағбатлантирилди.
скачать dle 12.0
Похожие новости