» » Экстремизм ва терроризм иллатининг кучайиши нимага бориб тақалмоқда?

Экстремизм ва терроризм иллатининг кучайиши нимага бориб тақалмоқда?

28 февраль 2020 г 3 148 Комментарии: 0

Тинчлик буюк неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти ҳисобланади.

Чунки, осуда ҳаёт, яратувчанлик ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби энг аввало шу неъматга боғлиқдир. Шунинг учун ҳам қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун курашиб келганлар. 

Аммо бугунги воқейлик тинчликни кўплаб мамлакатлар учун ҳали-ҳануз орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Мутахассислар тинчликка раҳна солувчи омилларни турлича келтирадилар – давлатлар ўртасидаги низоли вазиётлар, фуқаролик урушлари, миллий ва этник низолар, табиий офатлар...  

Лекин бу омилларнинг ичида  бугунги кунда энг хатарли ва ҳар қандай давлат тинчлиги, осойишталиги учун жиддий хавф солишга қодир бўлгани экстремизм ва терроризим эканини ҳар бир соғлом фикрли инсон тан олмоқда.

Экстремизм ва терроризм иллатининг сўнгги пайтларда тобора кучайиб бораётгани мазкур муаммонинг нақадар долзарб эканлигини кўрсатади.

Бугунги таҳликали ва мураккаб замонда дунёда юз бераётган кескин зиддиятлар, тўқнашувлар ва қарама-қаршиликлар, миллатлар ва динлар ўртасидаги турли можороларни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Айниқса, ёвуз мақсадлари йўлида муқаддас ислом динимизни ниқоб қилиб олган ғаразли ҳаракат ва кучлар соғлом фикрлайдиган ҳеч бир инсонни  ташвишга солмаслиги мумкин эмас.

Дунёнинг турли бурчакларида, мусулмон давлатларида рўй бераётган қўпорувчилик ва бузғунчилик ҳаракатларидан барчамиз тегишли хулоса чиқариб, доимо ҳушёр, сезгир ва огоҳ бўлиб яшашимиз кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Ўзбекистон мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзининг динга муносабатини аниқ ва қатъий белгилаб олди. Давлатнинг динга муносабати “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” деган аниқ тамойиллар асосида белгиланди.

Бу тамойил бош қомусимиз Конституция ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида ўзининг ҳуқуқий ифодасини топган.

Сўнги йилларда дунёнинг қатор мамлакатларида, хусусан, Яқин Шарқ мамлакатларида турли ноқонуний қуролли тузилмалар томонидан исломий давлат қуриш шиори остида инсониятга қарши жиноятлар содир этилмоқда.

Оқибатда, Ироқ, Сурия, Ливия каби аслида улкан иқтисодий салоҳиятга эга мамлакатлар чуқур ижтимоий-сиёсий, иқтисодий таназзулни бошидан кечирмоқда.

Террорчилар айрим мамлакатларда оммавий қатл, гаровдагиларни қийнаб ўлдириш, хотин-қизларни аёлларни зўрлаш ёки уларни қул қилиб сотиш каби жирканч ва қабиҳ ишларга қул уриб, ўзларини эътиқоди пуч, имонсиз кимсалар эканликларини намоён этмоқда.

Юзлаб зиёратгоҳлар, шиа мусулмонларининг масжидлари, христианларнинг черков ва монастирлари, мактаб ва кутубхоналар вайрон қилинди.

Сиёсий ҳокимиятга интилаётган, диний шиорларни ниқоб қилиб олган ақидапараст оқимлар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда.

Сўнги йилларда “жиҳодчилар”, сохта “салафийлар” каби диний-сиёсий гуруҳлар, шунингдек, “Хизбут таҳрир” диний-экстремистик гуруҳи республикамизда фаол ҳаракат қилишга уринмоқдалар.

Бугунги кунда экстремистик оқимлар ўз мақсадларини амалга ошириш учун замонавий ахборот коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, интернет орқали турли тилларда тарғибот олиб бориш ва пухта ишланган стратегия асосида виртуал жамоатлар тузиш асосий вазифага айланган.

Айниқса, ёшлар орасида мутаассибликка йўғрилган бундай форумларнинг тобора оммалашуви муаммонинг нақадар жиддий эканини намоён этади.

“Жиҳодчи” гуруҳлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернет сайтлари, “Одноклассники”, “Твиттер” каби ижтимоий сайтларда ташкил этилган турли номлардаги форум ва гуруҳлар, “You Tube” порталидан кенг фойдаланилмоқда.

Мазкур гуруҳларнинг тарғиботчилари кўп вақтини интернетда ўтказувчи, вақтинча ишсиз, хорижда пул топиш илинжида юрган ва ижтимоий ҳолатдан норози шахсларни ўз сафларига қўшиш мақсадида улар билан гўёки “мусулмонларнинг азобланаётгани” ҳақида суҳбатлар олиб борадилар.

Бизнинг юртимиздан ҳам айрим ёшлар ота-онасини қон йиғлатиб Сурия, Ироқ каби фитна ўчоқларига кетиб қолмоқдалар.

У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар ўз юртига қурол ўқталиб, ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар. Оқибатда улар ўзларини ҳалокатга улоқтирмоқда.

Бундай вазиятда юртимизнинг ҳар бир фуқаросидан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш, ён-атрофда юз бераётган ҳодисаларга бефарқ қарамаслик талаб этилади.

Бу масалада халқ тинчлигига ва хавфсизлигига бевосита масъул бўлган соҳа ходимлари кўпроқ ҳушёр ва сергак бўлмоғи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ўзига хос билим ва тажрибага эга бўлиши муҳимдир.

Мустақил тадқиқотчи 

Э.Исматов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!