Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-36-51
» » Plickers дастури—интерфаол синов технологияси энди Жиззахда

Plickers дастури—интерфаол синов технологияси энди Жиззахда

18 март 2020 йил
1 765
0

Фан ва техника тараққий этиб, ахборот технологиялари кундан кунга ривожланиб бораётган айни замонда келажагимиз эгалари бўлган ёшларни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол қилиб тарбиялаш биз ўқитувчилар олдида турган энг муҳим вазифалардан бири. Бу борада шаҳримизда, жумладан мактабимизда ҳам тизимли тадбирлар амалга оширилаяпти.

“Бугунги кун ўқитувчиси универсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиб яшаши керак”—деган эди муҳтарам Президентимиз. Бу сўзлар замирида қанчалар маъно мужассамлигини ўзини ёш авлод тарбиячиси деган ҳар қандай инсон  жуда яхши тушунади. Шунинг учун ўқитувчилар зиммадаги масъулиятли вазифани тўлақонли уддалаш учун таълим ва тарбиянинг замонавий усулларидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилаяптилар.

Дарс жараёнларига  ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш ўқувчиларнинг фан сирларини пухта эгаллашларига кенг йўл очади. Уларнинг дунёқарашларини кенгайтириб, интеллектуал салоҳиятини оширади. Ана шундай инновацион технологиялардан бири бу PLICKERS дастуридир.

Европа мамлакатларида таълим тизимига мазкур дастурнинг татбиқ этила бошлаганига анча бўлди. Ўқитиш жараёнларида PLICKERS дастуридан фойдаланаётган педагоглар ўқувчиларнинг билим олиш самарадорлиги юқори эканлигини амалиётда исботладилар. Чунки мазкур дастур ўқувчининг ўтилган машғулотлар ва уйга берилган вазифаларни чуқур ўзлаштиришига кенг имконият яратади. Бу дастурнинг таълим жараёнига татбиқ этилиши  ҳар бир ўқувчининг билим даражасини сезиларли ошириш баробарида уларнинг  дунёқарашини кенгайтиради.  

Жорий ўқув йилидан ўзим раҳбар бўлган 4-синфларда  ўтилаётган машғулотлар давомида PLICKERS дастуридан фойдалана бошладим. Тўғри, бошида  ўзим ҳам, ўқувчиларим ҳам бироз қийналди. Ҳар қандай янгилик қўшимча билим ва маҳорат, сабр-тоқат талаб этади. Дастлаб қандайдир муаммолар туғдирган дастур бугунга келиб ўтилаётган машғулотлар чоғида берилган билимларни мустаҳкамлаш, уй вазифаларини ким қандай тайёрлаб келганлигини бир зумда аниқлаш имконини бераётир.

Эътиборли томони шундаки, дастур ниҳоятда содда ва қулай. Ундан фойдаланган ўқитувчи ўқувчилар аудиторияси билан тезкор алоқани амалга оширишга эга бўлади. Мазкур дастур ўқитувчига уйга берилган вазифа ёки ўтилган машғулотларни мустаҳкамлаш қисмида ҳам бутун синф ўқувчиларининг билимини бир зумда, атиги бир ярим, икки дақиқа давомида баҳолаш имкониятини беради.

Кўп ўқитувчилар, айниқса кекса авлод вакиллари таълимнинг янги технологияларидан фойдаланишни унчалик ҳам хуш кўравермайдилар. Улар PLICKERS дастуридан фойдаланиш ортиқча дахмазаларни келтириб чиқаради, дейиши табиий ҳол. Аслидачи? PLICKERS дастурини дарс жараёнига татбиқ этиш  алоҳида компьютер синфи ёки ўқувчиларни бошқа жиҳозлар билан таъминлашга эҳтиёжини туғдирмайди. Машғулот ўқитувчининг планшети орқали бошқарилади. Бу ўқувчилар учун ҳам жуда қизиқарли. Чунки дарс жараёнида берилган саволларга ким тез ва тўғри жавоб топиши каби ўйин элементлари пайдо бўлади.

 Мазкур дастур орқали дарс ўтмоқчи бўлган ўқитувчи смартфон ёки планшетига интернет тармоғидан PLICKERS мобил иловасини юклаб олиши керак.  Ушбу илованинг афзаллиги шундаки,  ўқитувчининг планшетига  ўрнатилган мобиль илова ўқувчиларга тарқатилган қоғоз карталаридаги QR кодларни ўқийди. (QR —Quisk Response - инглизча "тезкор жавоб" мазмунини англатади). Ўқитувчи проектори бўлган компютер ёки ноутбук орқали ўқувчиларга савол йўллайди. Сўров охирида унинг натижаси экранда  пайдо бўлади. Айни пайтда ўқувчиларим ушбу дастур асосида саволларга жавоб йўллашни  мукаммал ўрганиб олишди.

PLICKERS дастуридан фойдаланган ҳолда машғулотлар жараёнига инновацион технологияларни татбиқ этаётганлигим самарали натижалар бера бошлади. Бу ўқувчилар ўтилаётган сабоқларни пухта эгаллаётганлигида кўринаётир. Айни пайтда она тили, ўқиш, табиатшунослик ва математика дарсларида PLICKERSдан фойдаланаяпман. Мазкур дастур бир вақтнинг ўзида бутун синф ўқувчиларининг билим даражасини аниқлаб, синфнинг умумий ўзлаштиришини  шаффоф тарзда, ўша дақиқанинг ўзида экранда намоён қилади. Бу усул ўқувчиларда катта таассурот қолдириб, дарс жараёнида уларнинг фаоллигини оширади.

Бу дастур асосида дарс ўтиш учун ўқитувчига планшет, ноутбук, телевизор ёки проектор, ўқувчиларга эса юқорида таъкидлаганимиздек рақамланган  QR  штрих кодлари керак бўлади. PLICKERS интерфаол синов технологиясидан фойдаланиш ўқитувчининг вақтини тежайди. Ўқувчиларнинг билим даражасини асосида тез аниқлаш имконини беради.

Шаҳло САИДОВА

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар