Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахдаги “Эски шаҳар” деҳқон бозорида ҳаддидан ошган сотувчига чора кўрилди
18 март 2020 г 5 230 Комментарии: 0
Уч қоп картошка, уч қоп ун, 20 литр ёғ ортилган арава “Нексия” олдига тўхтади. Бунча маҳсулотни уйга олиб кетиш учун махсус транспорт ёллаш кераклигига харидорнинг кеч ақли етди. Ноилож, баҳор қуёшида қорайиб, мижоз кутиб ўтирган мотороллерчиларнинг олдига жўнади...
Шу кунларда бозорларда бу каби ҳолатларга бот-бот дуч келаяпмиз. Гўё юртга қаҳатчилик келаётгандай. Ота-боболаримиз аксинча, баҳорда “кўкка етдик” дея шукрона қилишарди. Аммо бугун кўк билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Нима эмиш, “коронавирус бизга ҳам келди, энди бозорлар ёпилиб, нарх-наво ошади”.
Барака топгур, солиқ тўловчи! Сиз тўлаган солиқлардан давлатимиз куч-қудрати мустаҳкамланиб бораяпти. Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи бўлса, нега давлатнинг асосий функцияларидан бири фуқароларининг ҳимояси эканини унутиб қўяяпсиз? Биринчидан, коронавирусга картошка ва ун билан эмас, тез-тез ювиб турилган қўллар, шахсий ва жамоат гигиенасига амал қилишингиз билан қарши тура оласиз. Иккинчидан, озиқ-овқат етишмовчилиги масаласини ҳал қилиш ҳар доимгидек давлат назоратида. Буни бозорларда иш куни ўтаётган солиқчилар мисолида кўриб турибсиз.
Айнан шу солиқчилар саҳардаги улгуржи савдони ва кун бўйи давом этадиган чакана савдо жараёнини кузатиб, нархлар ошишига қарши қатъий кураш олиб бормоқдалар. Қарийб уч кундан буён бозорлардаги нарх-наво назорат қилиниб, сотувчи ва харидорлар билан тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Аммо яхши гап таъсир қилмаган, вазиятдан фойдаланиб, мўмай пул ишлаб топишни мақсад қилган сотувчилар ҳали ҳам учраб турибдики, уларга амалий чора кўришга тўғри келмоқда.
17 март “Эски шаҳар” деҳқон бозори ҳудудида куни ўтказилган мониторинг тадбирида картошка савдоси билан шуғулланаётган икки нафар сотувчининг икки миллион сўмлик маҳсулоти олиб қўйилди. Уларнинг ҳеч қаердан рўйхатдан ўтмай, савдо қилаётгани камдек, маҳсулотга қиммат нарх қўйиб олишган. Тушунтириш кор қилмаган бу “тадбиркорлар”нинг маҳсулоти иш қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинча олиб қўйилди.
Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 222-07-00 рақамли “Ишонч телефони” га 15 мартдан буён жойлардаги нарх-навонинг асоссиз оширилиши юзасидан 29 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларни ўрганиш давомида 5 марта мониторинг рейдлари ташкил этилди. Нархларни сунъий ошириб, вазиятни янада чигаллаштираётган инсофсиз тадбиркорларга амалий таъсир чораларини кўришни шароит тақозо этмоқда.
Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!