» » Наврўз муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

Наврўз муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

21 март 2020 г 12 531 Комментарии: 0

 Азиз юртдошлар!

Тароватли кунларда табиат уйғониб, жонажон диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.

Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.

Вилоятимизнинг жонкуяр, фидойи, меҳнатсевар ҳамда меҳрибон халқини шарқ миллий байрами Наврўз айёми билан чин қалбимдан табриклайман.

Мана шундай файзли, шодиёна айёмда шаҳар ва туманлардаги, маҳалла ва қишлоқлардаги барча-барча воҳадошларга юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин!

Шарқона Янги йилимиз — Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин! Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга сиҳат-саломатлик, бахт, омад, оилаларингизга тинчлик-тотувлик, файз ва барака тилайман.

Ҳурматли дўстлар!

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан белгилаб берилган аниқ вазифалар ижросини таъминлаш бўйича вилоятимизда 2019 йилда салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" Давлат дастури доирасида вилоятда 2,2 триллион сўмлик 468 та саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида биргина мазкур йўналишнинг ўзида 7 241 та янги иш ўринлари яратилди.

Вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида 2019 йилнинг 29 август куни Жиззах шаҳрида "II Халқаро инвестицион форуми" ўтказилди. Инвестицион форум доирасида ўнлаб чет эл корхона ва компанияларнинг вакиллари иштирок этиб, якунда умумий қиймати 1 миллиард 100 миллион долларлик 11 та тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш юзасидан шартномалар имзоланишига эришилди.

Шунингдек, саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш, транспорт, йўл қурилиши, қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа қатор тармоқларда чуқур кенг кўламли ислоҳотлар бошланди.

Саноатнинг 5 та етакчи тармоғида модернизациялаш ва рақобатдошликни кучайтириш дастурлари жадал амалга оширилмоқда. Натижада ўтган йили иқтисодий ўсиш 5,9 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 5,8 фоизга, экспорт — 58 фоизга кўпайди.

2019 йил якуни билан вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 15 трлн. 212 миллиард сўмни, ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 105,9 фоизни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 11,1 миллион сўмдан тўғри келди.

Саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 120,3 млн.долларни, жумладан, ҳудудий экспорт ҳажми 61,5 млн. долларни, шунингдек, 388,7 млн. долларлик маҳсулотлар импорт қилиниб, умумий ташқи савдо айланмаси 509,1 млн. долларни ташкил этди.

Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,0 фоизга кўпайиб, 10,9 фоизни, қишлоқ хўжалигининг улуши 56,8 фоизни, қурилиш соҳасининг улуши 6,6 фоизни, хизмат соҳасининг улуши 25,7 фоизни ташкил этди. Ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 84,1 фоизни ташкил этди.

Тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва бу соҳа учун янги шароитлар яратишга барча имкониятлар сафарбар этилмоқда. Хусусан, барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 4,1 триллион сўм, шундан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 2,6 триллион сўм, "Ҳар бир оила — тадбиркор" дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга вилоят бўйича 295,7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Тадбиркорлик фаолиятига яратиб берилаётган шарт-шароитлар, яратилган қулай тадбиркорлик муҳити натижа-сида ўтган йили 3 минг 549 та ёки 2018 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг 18  фоизи қишлоқ хўжалиги, 25 фоиз саноат, 15 фоизи қурилиш ва 36 фоизи хизмат кўрсатиш  ҳамда 6 фоизи бошқа тармоқларга тўғри келди.

Юртдошларим, қадрдонларим!

Барчамизга маълумки, Наврўз — янги кун, янги фасл демакдир. Бугун она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланмоқда.

Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз.

Неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз. Ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади.

Жонажон Ўзбекистонимиз ҳам бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда.

Бу ҳақда гап кетганда, мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2020 йил юртимизда "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб эълон қилинди.

Биз 2020 йил номида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз лозим. Хусусан, боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 80 фоизга етказишимиз зарур.

Мурожаатномада айтилганидек, бу йилдан бошлаб, тарихимизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунга бюджетдан вилоятимизга қарийб 10 миллиард сўм ажратилиб, бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади.

2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 529 миллиард сўм маблағ ҳисобидан жами 99 та, шундан 3 та мактаб, 7 та соғлиқни сақлаш, 4 та мактабгача таълим, 3 та спорт ва 1 та олий таълим муассасаси, 2 та ичимлик суви, 10 та мелиорация ва 6 та бошқа иншоотлар янгидан қурилиб, 55 таси реконструкция ва капитал таъмирланади. 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.

Шунингдек, янги ўқув йилига қадар марказлашган маблағлар ҳисобидан 80 миллиард сўм маблағ ажратилиб, Жиззах шаҳрининг қоқ марказида Президент мактаби ташкил этилади.

2021 йилги халқаро баҳолаш жараёнига тайёргарлик кўриш учун 20 та таянч мактаб белгиланиб, 300 дан ортиқ ўқитувчининг малакаси оширилади.

Жорий ўқув йилидан бошлаб, мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 16 та касб-ҳунар мактаби, 9 та коллеж ва 9 та техникум ташкил этилади.

Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 3 та олий таълим муассасалари қаторига Россиянинг нуфузли университети филиалини ташкил этиш чораси кўрилади.

Бу ишларни бошқа йўналишларда ҳам давом эттирамиз. Илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш ҳамда вилоятдаги мавжуд олий таълим даргоҳларининг нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш чоралари кўрилади.

Қадрли дўстлар!

Наврўз — янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи.

Бободеҳқонларимиз янги йилнинг ёғин-сочинга мўл, серҳосил, қут-баракали келишини, тўкин-сочин бўлишини сўраб дуога қўл очишган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг хилма-хиллигини кўпайтириш орқали халқимиз дастурхонини тўлдириш асосий вазифамиз ҳисобланади. Шу мақсадда жорий йилда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмоқда.

Айни пайтда миришкор деҳқонларимиз 101 минг 500 гектар сувли ҳамда 68,1 минг гектар лалми ерга экилган ғалла майдонларида униб чиққан майсаларни меҳр билан парваришламоқдалар.

Мақсадимиз — экилган ғалладан камида 40 центнердан 70 центнергача ҳосил йиғиб олиш бўлиб, шу мақсад сари тинимсиз меҳнат қилишимиз ва халқимиз хонадонини донга тўлдиришимиз даркор.

Бугунги кунда саноат ва деҳқончиликнинг барча бўғинларида кластерларни жорий этиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш муҳим вазифа бўлиб турибди.

Шу мақсадда жорий йилда амалга ошириладиган пахтачилик, ғаллачилик, паррандачилик ва чорвачилик йўналишида кластер тизимини кенг жорий этиш билан қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарорлаштиришга ҳамда вилоятимиз иқтисодиётини юксалтиришга эришамиз.

Жумладан, шу кунларда Зомин туманида "Жиззах органик" МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 100 млн. АҚШ долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган 10 минг бош гўшт ва 3,0 минг бош қорамолчиликка  мўлжалланган сут йўналишидаги чорвачилик кластерида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушиши натижасида йилига 2 минг тонна гўшт, 22 минг тонна сут ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва 1000 та янги иш ўринлари яратилади.

Бугунги кунда мазкур лойиҳага вилоятнинг Зомин ва Зарбдор туман ҳудудларидан 10 минг гектардан зиёд ер майдони ажратилди. Лойиҳа доирасида Европа давлатларидан 600 бошдан зиёд гўшт йўналишидаги наслли қорамоллар келтирилди.

Ҳурматли жонкуяр деҳқон ва фермерлар!

Бугун барчангиз катта орзу-ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошламоқдасиз. Барчамизнинг тилагимиз битта: йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, меҳнатингиздан барака топинг!

Зеро, бугун Сиз, олийжаноб ва оқкўнгил вилоятимиз аҳлининг дастурхонини тўкис ва бут қилишдек ўта масъулиятли вазифани уддалашингизга ишончимиз комил.

Муҳтарам ватандошлар!

Вилоятимизда бугун "Наврўзинг — янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!" деган эзгу тилаклар янграмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, Наврўз ўзининг буюк қудрати билан табиатни уйғотмоқда. Ислоҳотлар эса жамиятни, олийжаноб халқимизнинг онгу тафаккури, беқиёс салоҳиятини намоён этмоқда. 

Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар айни шу улуғ мақсадга — ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни, эл-юртимиз ҳаётининг обод ва фаровон бўлишига қаратилган.

Ҳаммамиз учун суюкли ва ардоқли Наврўз байрами билан барчангизни яна бир бор чин қалбимдан табриклайман!

Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун вилоятимиз аҳлига тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!

Барча эзгу ният ва мақсадларимиз амалга ошсин! Она Ватанимиз фаровон бўлиб, Жонажон юртимиз обод бўлсин!

Меҳрибон халқимиз доим соғ-омон, Наврўз айёми барчамизга муборак бўлсин!

 

                                         Вилоят ҳокими                          Э.Салиев

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!