Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-36-51
» » Зоминлик Холбек бобо ҳикояси: Ватанпарварлик туйғуси ҳамма нарсани енгди

Зоминлик Холбек бобо ҳикояси: Ватанпарварлик туйғуси ҳамма нарсани енгди

18 апрель 2020 йил
1 194
0

– Насиб этган умрни яхшиликка ва фақат яхшиликка сарфламоқ керак, – дейди иккинчи жаҳон урушининг қирғинбарот жангларидан омон қайтиб, пири бадавлат оилада фарзандлари, невара-чеваралари бағрида юз ёш сари юзланаётган зоминлик Холбек ота Равшанов.

Холбек Равшанов 1943 йилда ҳарбий хизматга чақирилганда 18 ёшдаги навқирон йигит эди. Украинанинг Харков шаҳрида қисқа муддатли жанговар тайёргарликдан сўнг Белоруссия фронтида жанг қилаётган қўшинлар таркибида жангга киришди. У шу ерда машъум урушнинг даҳшатига дуч келди. Ўз номи билан урушда ҳар жангда кўплаб қурбонлар бўларди. У бу жангларнинг гувоҳи эмас, фаол иштирокчиси сифатида Белоруссия тупроғидан бошлаб ярим Европани босиб ўтди. Вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларда бошпанасидан, яқинларидан айрилган аёлларни, болаларни, кексаларни кўриб урушга, уни бошлаганларга нафрати ошди.

Қишнинг қаҳратони, кўкламнинг тинимсиз ёмғири, ёзнинг жаримасини окопларда ётган, минглаб километр масофани жанг билан босиб ўтган аскарлар қийинчиликни, ўлимни писанд қилмай фақат олға интилишларини бугун сўз билан таърифлаш қийин, деб хотирлайди собиқ жангчи. Ўқ ёмғирларини, тўсиқларни уларни олға ундаган куч Ватан озодлиги эди. Ватанпарварлик туйғуси ҳамма нарсани енгди.

1944 йил Псков шаҳрини душмандан озод қилиш учун бўлган шиддатли жангларнинг бирида душман снаряди портлашидан оғир яраланди. Ҳарбий госпиталда жарроҳлар унинг танасидан анчагина снаряд парчасини териб олган. Аммо ҳаммаси олинмаган экан. Қовурғаси орасида қолиб кетган сўнги осколка 1978 йилда олиб ташланди.

У фашизм устидан қозонилган ғалабани Югославияда кутиб олди. Аммо уруш ҳамма учун ҳам тугамади. Биринчи навбатда хизматга урушнинг бошида борганлар, ёши катта аскарлар уйларига қайтди. Холбек Равшанов каби ёш аскарлар эса урушдан сўнг вайрон бўлган халқ хўжалигини тиклаш учун керак эди. У Грузияда ҳарбий қисм сафида хизматни давом эттириб, уруш асоратларини тугатишда иштирок этди.

Ва ниҳоят 1948 йилда Холбек Равшанов ҳарбий хизматни тугатиб, уйига – Бахмал туманидаги Беклар қишлоғига қайтиб жамоа хўжалигида ишлай бошлади. Уйланиб, турмуш ўртоғи Зумрад хола билан беш ўғил, тўрт қизни вояга етказди. 1954 йилда унча олис бўлмаган Зомин туманидаги Еттикечув қишлоғига кўчиб ўтди. Туғилиб ўсган жойидан бу қишлоққа кўчиб ўтишининг сабаби Зомин ўрмон хўжалигида ишга ўтиши билан боғлиқ эди. Ўн йил шу хўжаликда, сўнг Зомин халқ паркида ишлаб, она табиатни қўриқлаш, уни бойитишга катта ҳисса қўшди. Урушда олган орден медаллари қаторига тинч меҳнат даврида олган давлат мукофотлари қўшилди. Шу ердан пенсияга чиқди.

Ҳозир ота катта ўғли Бердиёр аканинг оиласи билан туради. Ота ҳамон бардам, хотираси ҳайратланарли даражада кучли, ўтган йиллардаги барча воқеаларни аниқ-тиниқ эслайди. Ҳатто 32 нафар набирасининг номини бирон марта адаштирмас экан.

Отахон фақат оиласи, қишлоғи ҳаётида эмас, мамлакатдаги, дунёдаги ишларни кузатиб боради. Бўлаётган воқеаларга муносабат билдиради.

– Мен бахтли инсонман, – дейди Холбек ота. – Уруш жаҳаннамидан тирик чиқиб, фарзандлар ўстириб уларнинг камолини, давлатимизнинг мустақиллигини, юртимиз ободлигини, элимизнинг фаровонлигини кўриб, доруломон кунларда яшаётирман. Айниқса кейинги йилларда мамлакатимизда катта ўзгаришларни амалга ошириб, халқимиз ҳаётини яхшилаётган Президентимиздан миннатдорман. Давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган оқилона сиёсати, халқпарварлиги туфайли бутун дунёга хавф солган коронавирус касалига қарши мамлакатимизда самарали кураш олиб борилаётир.

Отахон оиласи қишлоқнинг ўзига тўқ, фаровон оилаларидан бири. Шундай бўлсада туман ҳокимлиги, ҳамқишлоқлари ҳол-аҳвол сўраб келиб туришади. Ота сўраб келувчиларни хурсандлик билан кутиб олади. Айниқса патронаж ҳамшира Бувиҳожар Мухторованинг тез-тез келиб саломатлигидан хабардор бўлиб турганидан мамнун.

Ишқилиб, юқумли касаллик тезроқ бартараф бўлиб, элнинг бошидан ташвиш эртароқ арисин, раҳбаримизнинг, шифокорларимизнинг эзгу ишларида Яратганинг ўзи мададкор бўлсин деб дуо қилди отахон.

Холбек бобо каби кўпни кўрган, фариштадек отахонларимизнинг дуоси ижобат бўлсин.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар