» » Фуқароларнинг жиноят процессидаги ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш янада мустаҳкамланди

Фуқароларнинг жиноят процессидаги ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш янада мустаҳкамланди

21 май 2020 г 882 Комментарии: 0

Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланган эди. Куни кеча мазкур Қонун давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига тузатишлар киритилган.

Биринчидан, видеоёзув орқали қайд этилиши шарт бўлган, ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти процессуал ҳаракатлар қаторига шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш қўшилган.

Ўз ўрнида Кодексга ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги нормаси киритилиб, бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳамда адвокат, суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланадиган баённома тузилиши ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилиши, шунингдек, видеоёзув материаллари баённомага илова қилиниши ҳам қатъий белгиланган.

Энг муҳими, бундай процессуал ҳаракатлар амалга оширилиши жараёнида ҳимоячининг ҳимоя остидаги шахс билан ҳоли учрашиши видеоёзув орқали қайд этилмаслиги алоҳида таъкидланган.

Иккинчидан, гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан процессуал мажбурлов чораларининг қўлланиши хақида ва унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаса бошқа қариндошлари ёки яқин кишиларига хабар берилиши лозим. Шунингдек, бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиш мажбурияти Кодекснинг аввалги матнида белгиланган муддатда (24 соатдан кечирмасдан) амалга оширилиши қайд этилган бўлса, энди бу мажбурият дарҳол бажарилиши шарт.

Шунингдек, агар ушлаб турилган, қамоққа олинган, уй қамоғига ёки тиббий муассасага жойлаштирилган шахс бошқа давлатнинг фуқароси бўлса, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига дарҳол хабар бериш мажбурияти ҳам белгиланган.

Учинчидан, жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсни жиноят иши қўзғатилгунга қадар ушлаб туришда, унга нисбатан қўлланиладиган процессуал ҳаракатларни видеоёзув орқали қайд этиш шартлиги талаби мустаҳкамланган.

Шу билан бирга, шахсни ушлаш видеоёзув воситаларини қўллаш имконини бермайдиган турли вазиятларда (жиноят содир этилган жойда шахсни ушлаш, қидирувда юрган шахсни ушлаш ва ҳ.к.) амалга оширилиши мумкинлигини инобатга олиб, ЖПКнинг 224-моддасида ушлаб туришни видеоёзув орқали қайд этишнинг мажбурийлигини белгиловчи қоидага қуйидагилар истисно назарда тутилган.

Хусусан, шахсни ушлаш, шахсий тинтув ва олиб қўйишни ўтказишнинг кечиктириб бўлмайдиган ҳолларида, уларни видеоёзув орқали қайд этмасдан ўтказишга йўл қўйилиши белгиланган. Бироқ амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг биносида ўтказиладиган шахсни ушлаш ҳаракати олдиндан режалаштирилишини инобатга олиб, ушбу истисно этувчи қоида шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биносида ушлашга татбиқ этилмаслиги қайд қилинган.

Аҳамиятлиси, шахсни ушлаш жараёнида видеоёзув қўлланилмаган тақдирда, давлат органи ходими ушланган шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган биносига олиб келганидан сўнг, унга ҳуқуқларини видеоёзувга қайд қилган ҳолда тушунтириши шартлигига оид қоида қатъий белгиланган.

Мухтасар қилиб айтганда, Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчилари  ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Шуҳрат ЧЎЛЛИЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга
қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!