» » Жиззахда олтиндан қиммат гул – заъфарон етиштирилади

Жиззахда олтиндан қиммат гул – заъфарон етиштирилади

22 май 2020 г 7 384 Комментарии: 0

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида жорий йилда 400 гектарли заъфарон плантациялари яратилади.

Яқинда давлат рўйхатидан ўтган “BMB-OPERA ZAFFERANO” Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқда. Мазкур қўшма корхона Ўзбекистоннинг “BMB TRADE GROUP” инвестицавий ва консалтинг компанияси ва Италиянинг “OPERA SRL” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Мамлакатимизда кенг миқёсда заъфарон етиштирилиши қишлоқ хўжалиги  ривожланиши, фармацевтика корхоналари маҳаллий хомашё билан таъминланиши, шунингдек, экспорт ҳажмини оширишда муҳим омил бўлиши кутилмоқда.

Италиянинг “OPERA SRL” компанияси президенти Паоло де Анжелиснинг таъкидлашича, заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш бўйича имзоланган шартнома иккала мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди. Лойиҳа ишга тушиши билан Ўзбекистонда етиштирилган заъфарон тўғрисида бутун Европа хабардор бўлади. Заъфарон плантациялари тўлиқ Италия технологиялари асосида яратилади. Ўзбекистоннинг тупроқ иқлим шароити заъфарон етиштириш учун мос бўлиб, халқаро тадқиқот фирмалари хулосалари асосида лойиҳани амалга ошириш учун Бахмал тумани танлаб олинган.

Таъкидлаш лозимки, юртимиз табиати доривор гиёҳларга ниҳоятда бой. Заъфарон ўсимлиги ҳам қадимдан халқ табобатида кенг қўлланилган. Улуғ аждодимиз Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобида заъфароннинг бир қатор шифобахш хусусиятлари саналган. У нафас йўллари (жумладан, астма), кўз, жигар, юрак хасталикларида даво бўлади, инсон рангини тиниқлаштиради. Айни кунда ҳам мазкур ноёб ўсимликнинг фармацевтика, косметология, озиқ-овқат саноатида аҳамияти ортса орттики, асти камаймади. Бугун заъфароннинг 90дан ортиқ дардга даво бўлиши исботланган. Кимёвий дориларнинг фойдасидан зарари кўплиги ўз исботини топаётган бир пайтда, табиий дориларнинг аҳамияти янада ортади.

 - Лойиҳанинг қиймати 25 миллион евро ташкил этади, - дейди “BMB Trade Group” компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов. - Лойиҳа ишга тушиши натижасида 800та доимий, 20 мингга яқин мавсумий ишчи ўрни яратилади. Айни кунда лойиҳани амалга ошириш учун ер майдонлари ажратилган. Ерга ишлов бериш, экин учун тайёрлаш ишлари июнь ойидан бошланаши, август ойида заъфарон экилиши, илк ҳосил октябрь-ноябрь ойларида териб олиниши режалаштирилган. Заъфарон туганак пиёзлари Италиядан келтирилади, малакали агроном, технологлар жалб этилади. Заъфарон кўп йиллик ўсимлик ҳисобланади, 7 йилгача ҳосил олиш мумкин. Ҳосилдорлик биринчи йилда гектарига 1-1,5 кгни ташкил этса, йилдан-йилга туганак пиёзлари кўпайиши ҳисобига ошиб боради. Сабаби Ўзбекистон шароитида бир йилда битта туганак еттита туганаккача кўпаяди.

Бундан ташқари, заъфаронни қайта ишловчи ускуналар олиб келинади. Ундан тиббиёт, фармацевтика, парфюмерияда ишлатилувчи эфир мойи, саноатда ранг олинади. Шу тариқа, лойиҳада босқичма босқич кенгайиб боради. Шунингдек, тупроқни ўрганиш, маҳсулот сифатини жаҳон талабларига мос тарзда текшириш ва сертификатлаш учун илмий-инновацион лаборатория ташкил этилиши кўзланган. Бу лабораторияда нафақат заъфарон, балки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун сертификатлар берилади. Қўшма корхона негизида машина-трактор парклари яратилса, ён-атрофдаги фермерлар учун ҳам қулайликлар ошиб боради.

Дунёдаги энг қиммат ўсимликларидан бири “қизил олтин” дея эътироф этилувчи заъфарон гулининг нархи 1 кг учун 8 минг евродан юқори баҳоланади. Нави ва сифатидан келиб чиқиб нарх 30 минг еврогача чиқиши мумкин. Сабаби маҳсулот етиштириш учун катта плантация керак бўлади ва гулларни териш ишларининг барчаси қўлда бажарилади. Заъфарон гуллари очилиши биланоқ терилиши керак. Гулдаги асосий қимматга эга хомашё унинг қизил тумшуқчаларидир.

- Мазкур лойиҳанинг аҳамияти тўғридан-тўғри инвестициянинг киритилиши, янги ишчи ўринларининг яратилиши, мамлакатимизнинг доривор ўсимлик етиштириш бўйича салоҳияти ошиб боришида кўринади, - дейди Бахмал туман ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Дилшод Умаров. – Заъфароннинг Crocus sativus нави ноёб ва харидоргир ва лойиҳада айнан шу нав етиштирилиши кўзда тутилган.

Санобар Жуманова,

“Янги Ўзбекистон”

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!