» » Жиззахда: “Пандеми шароитида аҳоли ва оилалар муаммолари билан ишлашда маҳалланинг ўрни”мавзусида пресс-тур ўтказилди

Жиззахда: “Пандеми шароитида аҳоли ва оилалар муаммолари билан ишлашда маҳалланинг ўрни”мавзусида пресс-тур ўтказилди

14 сентябрь 2020 г 892 Комментарии: 0

Жиззах вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан Фориш туманига ташкил этилган Пресс-тур давомида бошқарманинг Фориш туман бўлимига ташриф буюрилди.

Республика ва маҳаллий ОАВ вакилларига янги қурилиб фойдаланишга топширилган бўлимнинг имкониятлари, шароитлар таништирилгач, қисқа тарзда матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда “Пандемия шароитида аҳоли ва оилалар муаммолари билан ишлашда маҳалланинг ўрни” мавзусида Жиззах вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан ва Фориш туман миқёсида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар берилди. 

Жиззах вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари” томонидан биринчи пандемия чекловлари ўрнатилганда 22679 та мурожаатчиларга, иккинчи бор ташкил этилганда  эса 23925 та умумий тарзда 46604  нафар оилаларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб берилган.

Фориш туман аҳолиси сони 92400 нафар,  оила сони 18885, хонадон сони 15570 ни ташкил этади. “Темир дафтар”га киритилган оилалар сони айни кунда  557 та ҳамда 25 та МФЙ ни мавжуд. Пандемия даврида Фориш туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан 4000 га яқин оилага бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарурий дори–дармон ёрдами кўрсатилган бўлса, ҳомийлар томонидан ҳам 21 та эҳтиёжманд оилага она-бола эчки, 20 та оилага биттадан қўй каби чорва моллари тарқатилган. “Замин” фонди томонидан 23 та оилага саломатлигини тиклаш учун пул маблағлари тарқатилган. Туман аҳолиси эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 151 миллион сўмлик пул маблағлари “Саҳоват ва кўмак” жамғармасининг туман бўлими ҳисобидан дори-дармонлар учун ажратилиб, эҳтиёжманд оилаларга етказилган. Хотин-қизларни моддий ва маънавий, тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш  мақсадида Касаба уюшмаси федерацияси Жиззах вилоят бошқармаси томонидан 97 нафар хотин-қизларга 185 миллион 800 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари ҳам тарқатилган.

Пресс-турнинг навбатдаги манзили Фориш туманининг “Ўзбекистон”МФЙ бўлди. Бу ерда “Хавфсиз маҳалла” тизимини ташкил этишда маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари фаолияти билан танишиш(пандемия даврида жиноятларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилган ишлар) шу билан бирга ҳудудда жорий йилда ҳеч қандай жиноятлар содир этилмагани, бу натижага қандай эришилгани юзасидан журналистларга маълумотлар берилди. Сўнг Фориш тумани маҳаллаларининг пандемия шароитидаги фаолияти ҳамда 5938 сонли Президент фармони юзасидан тизимга оид янгиликлар, уларнинг вазифалари билан танишиш юзасидан “Хонбанди” ва “Оқтом” МФЙ га ташриф уюштирилди.

Хонбанди МФЙда аҳоли сони 3911 нафар, оила сони 1019, хонадон 990 та. “Темир дафтар”га киритилган оилалар 31 тa бўлиб, уларнинг 116 нафар оила аъзолари бор. Мазкур маҳаллада яшовчи Жамила Нўмонова  бундан бир неча йиллар аввал, фақат моддий ёрдам сўраб келган кам таъминланган оилалар рўйхатида турар эди. У бугун 1,5 га ерни олиб, полиз маҳсулотлари ва мевали дарахтлар экиб, даромад топмоқда. Бу йил у шу ерга ишлов бериши натижасида 7 миллион сўм фойда олган.

- “Мен энди давлатдан пул ёки бошқа ёрдам сўрамайман, фақат ер сўрайман. Мана шу ер мени оиламни иқтисодиётини тиклади, камбағалликдан чиқарди. Менга шу ерни олиб, ишлов бериш таклифини айтган раҳбарларга минг раҳмат айтаман”, - дейди у.

Бу фуқаро эндиликда ўзини-ўзи банд қилиши орқали “Темир дафтар”дан чиқишга муваффақ бўлди.

“Оқтом” МФЙ аҳоли сони 3233 нафар, оила сони 562 та, хонадон 485 тани ташкил этади. Темир дафтарга киритилган оилалар сони 36 та, уларнинг оила аъзолари 166 нафар. Мазкур маҳаллада яшовчи “Темир дафтар”га киритилган, боқувчисини йўқотган 3 нафар фарзанднинг онаси Муаззам Эгамбердиева хонадонига ташриф уюштирилди. Мазкур оилага маҳалла томонидан пандемия даврида барча ёрдамлар кўрсатиб келинган бўлиб, у ўз томорқасида рўзғори учун керак бўлган полиз маҳсулотларини етиштирганлигига гувоҳи бўлдик. Журналистлар томонидан аёл билан суҳбат ўтказилганда, “Темир дафтар”дан чиқиш нияти борлигини, бунинг учун озгина ёрдам кераклигини таъкидлади. Унинг доимий бандлигини таъминлаш учун тикув машинаси зарурлигини айтгач, бу таклиф Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан қўллаб-қувватланди.

Кейинги манзилда туманнинг “Яссикечув” МФЙ да “Темир дафтар”га киритилган 40 нафар, “Мустақиллик” маҳалласидан 10 нафар оилага бир сотихдан ер майдони ажратилиб 50 сотих майдонни қамраган ҳолда, мазкур ҳудудда II сектор раҳбари ташаббуси билан  барпо этилган иссиқхона фаолияти билан танишилди.  Айни кунда мазкур иссиқхонада 50 нафар оиланинг аъзолари меҳнат қилмоқда, иссиқхонанинг 25 сотихи тайёр ҳолга келтирилиб, илк бодринг кўчатлари экилди. Яқин 45 кун ичида илк ҳосил кўрина бошлайди. Қолган яна 25 сотих майдонда ҳам ишлар якунига етай деб қолган, бундан ташқари атрофида яна 6-10 сотихли майдондан иборат яна қўшимча иссиқхоналар ҳам барпо этилмоқда.

“Бу ишларнинг барчаси аҳоли бандлигини таъминлаш билан бирга кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш учундир”- дейди Фориш туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Йўлдош Кенгашев. ОАВ вакиллари мазкур иссиқхонада фаолият юритаётган оила вакиллари билан ҳам самимий суҳбат ўтказдилар.

Журналистлар иштирокида ташкил этилган мазкур пресс-тур уларда ижобий таассуротлар қолдирди.

Жиззах вилоят Маҳалла ва оилани

қўллаб-қувватлаш бошқармаси матбуот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!