» » Коррупция иллатини йўқотайлик …

Коррупция иллатини йўқотайлик …

22 сентябрь 2020 г 1 284 Комментарии: 0

“Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас. Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир.

Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади, адолат ҳам шундай ҳуқуқшунос ва судьялар қўлида завол топади.

Таълимнинг инқирози – бу миллат инқирозидир”.

Азиз ўқувчи ушбу ибора Жанубий Африка Республикаси Стелленбос университети пештоқига ёзиб қўйилган.

                       “Афсуски бу ҳақиқат”...

Тан олиш керак шу кунгача Олий таълим соҳасида коррупция авж олиб, тизим  бу иллат ботқоғидан тўлиқ  қутула олмаган. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, таълим соҳасида масъул ходимлар ўртасида пора олиш билан боғлиқ ҳолатларга кўз юмиб ҳам кетаверганмиз. Эсланг яқин уч йилгача коррупция ҳолатлари, асосан, талабалик сафига қабул қилиш, ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклаш ҳолатларида  кузатилган.

               Эндичи ? Нима  ўзгарди?...

Пандемия муносабати ҳамда тизимдаги нохуш ҳолатларни олиш учун Тест синовлари муддатлари 14 кун қилиб белгиланганлиги, ижодий имтиҳонлар шаффоф ва бошқа вилоят комиссиялари томонидан ўтказилаётганлиги, магистратурага қабул, ўқишни кўчириш ва тиклаш каби жараёнлар онлайн республика миқёсида бўлаётгани, айни муддао бўлди. Аниқроғи коррупцияга йўл қўйиш мумкин бўлган жараёнлар олий таълим муассасаларидан бегоналаштирилиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда Олий таълим тизими юзи ёруғ бўлиб қаддини тикламоқда.

Азиз ўқувчи балки Мен юқорида келтирган муаммолар, нохуш ҳолатлар ёдингизда қолиб кетгандир ёки оз сонли муассасаларда бу каби унсурлар ҳам  қолиб кетгандир, аммо 3-4 қовун пишиқлар ўтди, қонунчилигимиз ва фаолиятимизда кўплаб ўзгаришлар бўлди, иш ҳақлари етарли даражада оширилди, ва ниҳоят талабалик сафига қабул қилиш жараёнларида ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди.

Бу йил Имтиҳонлар ўтадиган хоналар ва тест синовлар ўтадиган жойлар тўлиқ трансляция қилинди.  Ўтган йилги айрим  ҳудудларда кузатилган техник носозликлар бу йил қайтарилмаслиги учун имкон қадар ҳаракат қилинди. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини қандай имтиҳон топшираётганини онлайн кузатиш мкониятига эга бўлди.

“Пул билан” ва турли “ўйинлар “ орқали  ўқишга кириш,  энг катта ёлғон!

Пандемия муносабати билан бу йил жуда кўп ўзгаришлар бўлди. Абитуриентлар ўз уйида ҳеч бир ерга чиқмасдан онлайн ҳужжат топширишди. Тушунмовчиликлар ва маълумотлар учун юртимизнинг барча ОТМ калл центлар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, тест синовларига узоқ ҳудудлардан келаётган абитуриентлар учун автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Хуллас барча қулайликлар талаба бўлиш истагида бўлган йигит қизларимиз учун яратилди.

Биргина Жиззах вилояти мисолида олиб кўрадиган бўлсак  олий таълим  муассаларига талаба бўлиш истагида  70 минг 743 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлса шулардан 48011 нафарини А. Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институтига ҳужжат  топширган абитуриентлар ташкил этади. Олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовлари Жиззах вилоятида тўлиқ якунланди. Шу жараён давомида Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ва секторларга киришда абитуриентларнинг 7 нафари ўринга ўрин киришга урингани учун 12 нафари эса телефон олиб киришга уринганлиги сабаб, 4 нафари шпаргалка олиб киришга ҳаракат қилгани учун 1 нафари алоқа воситаси (микро чип) олиб киришга урингани учун тест синовларидан четлаштирилди. Шу ерда ҳақли бир савол туғилади биз қачонгача ўзимизни ўзимиз алдаймиз?

Иллатни йўқотиш учун нима қилиш керак?

Агарки, биз барчамиз биргаликда, ҳамкорликда ишламасак, фақат айрим масъул лавозимдаги инсонларгагина ишониб ўтираверсак, жамоатчилик назоратини кучайтирмасак, коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканини англаган ҳолда иш юритмасак, режаларимиз, мақсадларимиз шундай қолиб кетаверади яна ўша эски чиркин ўйлар ўқишга “пул” билан кириш ва уни “танка” ёрдамида битириш тизимини қайтадан авж олишига йўл очамиз.
Бу борада таълим муассасасининг бошқа фаоллари, касаба уюшмаси, талабалар, ота-оналар вакилларидан иборат жамоатчилик кенгаши ҳам муҳим таъсир кучига айланмоғи керак. Ҳар бир олий таълим муассасасида жамоатчилик кенгаши институти шакллантирилган. Унинг барча ваколати ишга солинадиган бўлса, ўйлаймизки, самарадорлик ҳам шунга яраша бўлади.

Эзгу мақсад йўлида адашмайлик !

Фарзандларимизни тарбиялаш ва уларга билим беришда ҳар доим тўғри йўл тутайлик. Уларга ўз кучи, билими билан илм олишларига имконият яратиб берайлик, мурғак қалбига таъмагирлик иллатини оғу каби жойлаштиришга йўл қўймайлик. Ўғил-қизларимизни таниш-билишлик ёки пора эвазига ўқишга олиб кириш йўлидан сақланайлик.
Мақсадимиз бир – коррупцияга қарши курашиш. Шундай экан, йўлимиз ҳам бир бўлсин!

Жиззах давлат педагогика институти ректори Ш.Шарипов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!