» » Сайилжой – сайлаб олинганлар жойи

Сайилжой – сайлаб олинганлар жойи

29 сентябрь 2020 г 1 814 Комментарии: 0

 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Жиззах шаҳрининг қоқ марказида жойлашган маҳалла номини ўзбошимчалик билан шарҳлаш ниятида эмасман, албатта. Ҳақиқат шуки, маҳалладан ўтувчи Наримонов кўчасига қарийб 20 йилдан буён кўрк бериб турган Академик лицей чин маънода сайлаб олинганлар маскани. Ўқувчи ҳам, таълим берувчи ҳам бу сифатга мос. Яширмайман, «бугунги ҳолатидан хабардорлигим яхши», деб даъво қилсам, мен тарафдан балки одобсизлик бўлади. Одоб сақлаб айта оладиганим эса, биз билган даврда ўқиган ҳам ўқитган ҳам сайланган эди ва бу натижаларда яққол кўзга ташланади.
Қўшиқ айт, дарсни бошла
Ҳар бир жамоанинг ўзига хос анъаналари бўладики, улар аъзолар фикрлашини бир ўзанга солиш, ягона ғоя ва мақсад атрофида бирлашишларига хизмат қилади. Фақат буни йиллар ўтиб англаш ҳам мумкин экан. Худди лицейнинг илк расмий битирувчилари, яъни биз каби. Мақтаниш бўлса ҳам, бироз яна илгарироққа қайтиб оламиз: Жиззах Давлат педагогика институти қошидаги «Сайилжой»академик лицейи ўша пайтда вилоят ҳокими вазифасида ишлаган Шавкат Мирзиёев раҳбар ва раҳнамолигида бунёд этилган, таълим ва тарбия олиш учун ҳамма нарса муҳайё эди. Айниқса, олдига катта мақсад қўйган ва унинг салобатидан юраги ҳаяжону, орзу-ҳавас иштиёқида ёнган ўқувчи кўзи билан қаралса, бу янада яққолроқ намоён бўлади. Хусусан, 2001 йил учун энг сўнгги – “pentium 3” авлодига мансуб компьютерлар, лингафон хоналари, Ўзбек тили ва адабиёти, аниқ фанлар, ижтимоий гуманитар ва табиий фанлар йўналиши бўйича ҳам энг замонавий жиҳозланган хоналар ўқувчиларга катта ишонч, устозларга эса, қулайлик тақдим этгани бор гап.
Ўз навбатида, тарбия ва таълим олишга муносабат ҳам тамомила янгича ёндашув меваси эди. Лицей директори Малика Якушина эрталаб дарс бошланишидан аввал ҳаммани йиғиб, давлат мадҳияси ва бир қўшиқ жўровозда куйланишини, катта танаффус палласида эса, лицей ошхонасига кирган йигит-қизларнинг овқатланишини шаҳсан назорат қилар эди. Директорнинг фикрича, кайфияти ёмон ва тўйиб овқатланмаган ўқувчи ўзлаштириши етарли даражада бўлмас эди. Бизни таъсирлантирган яна бир жиҳат, айрим раҳбарлар каби кўчада, турли кафе ёки ресторанларда овқатланишга имкони бор бўлсада, директор ҳам шу ошхонада тушлик қиларди. Бу эса, мунтазам сифатли емак, нархлар барқарорлиги ва ҳ.к жиҳатларга кўра, фақатгина бизнинг фойдамизга бўлганини айтиш ортиқча.
Назаримда, халқ билан мулоқотнинг илк намунавий кўриниши ҳам лицейда жорий қилинган эди. Яъни директор ўқувчиларнинг ҳар бир мурожаатини алоҳида диққат билан кузатарди. Ҳатто муайян фандан ўқитувчини алмаштириш борасидаги талаб ҳам жойида қондирилганига бир неча мисоллар бор.
"Сен раҳбар бўлишинг керак"
Лицейнинг яна бир йирик ва самарали лойиҳаси – ўзини-ўзи бошқариш тизимининг муваффақиятли жорий қилингани эди. Унга кўра, лицей президенти, молия вазири, адлия вазири, экология вазири, гуруҳ етакчилар –ҳокимлар каби лавозимлар жорий қилинган ва ҳар бирига очиқ сайловлар натижасида ўқувчилар танлаб олинарди.
Лицей директори албатта, ҳар томонлама етук, билимли ва тартибда намуна кўрсатган номзодлар орасидан, қолганлар таълим йўналишидан келиб чиқиб, сайланган ва ўз вазифасига жавобгар саналган. Дейлик, адлия вазири лицей конституциясини ишлаб чиқиб, унинг амал қилинишига, экология вазири эса, муассаса ҳудудининг тозалигига жавобгарлик қиларди. Натижа: жавобгар курсдошинг бўлса, қоидани бузишга шунчаки, виждон йўл қўймайди. Устозларимизнинг айтишича, бу келажакда раҳбарлик лавозимларида ҳам иш юритиш қобилиятини шакллантирар экан ва бугун бунинг исботини кўплаб битирувчилар мисолида кўришимиз мумкин.
Лицейнинг илк президенти Ҳусан Абдуниязовнинг айни пайтда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари сифатида фаолият юритаётгани фикримиз тасдиғи ва бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
14484666_975305022595430_6104537266716824943_n.jpgЖумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар маҳкамаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси каби нуфузли муассасаларда ва туман прокурорлигидан тортиб, ҳокимият ва банкларда ҳам бошқарма бошлиғигача бўлган қатор лавозимларда лицей битирувчилари юрт равнақи йўлида хизмат қилишмоқда.
Устозлар ҳам сайланган
Албатта, лицейга киришда ўқувчилар турли имтиҳонлар асосида сайланиб, сараланиб олинган. Ўз навбатида ўқитувчилар ҳам қатор талабларга кўра, ишга жалб этилган. Ушбу икки ҳолатдаги адолат кейинчалик илк битирувчиларнинг қарийб 90 фоизи ўз танлаган йўналиши бўйича нуфузли олий таълим масканларида таҳсилни давом эттиришига асос бўлди. Қувонарлиси, бу натижа жорий йил ҳам такрорланди.
unnamed.jpgШунингдек, лицей ўтган давр мобайнида турли фан олимпиадаларининг вилоят босқичида жамоавий ҳисобда етакчиликни қўлдан бермай келади. Ҳар йили 10-11 ўқувчини ҳал қилувчи Республика босқичга юбориш анъана тусига кирган. Тарих фани бўйича қўлга киритилган олтин медаль бу борадаги меҳнатларга берилган юксак мукофотдир. Икки нафар ўқувчи эса, «Зулфия» мукофотига лойиқ кўрилган. Улардан бири Шоҳида Даманова айни пайтда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгашининг раиси саналади. Мақтансак, гап бу билан тамом бўлмайди. Бу йил Ўзбекистонлик ўқувчи илк бор Халқаро биология олимпиадасида олтин ва кумуш медални қўлга киритди. Масофавий тарзда ўтказилган IBO2020 Challenge - Халқаро биология олимпиадасининг натижаларига кўра, Академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси Сардор Тожибоев кумуш медаль соҳибига айланди. Умуман, лицей ҳисобида 5 та халқаро олимпиада медаллари бор.
Бу ютуқларда Аброр Камолов, Фаҳриддин Ахмедов, Олим Бердиев, Дилбар Ҳакимова, Тўлқин Холжўраев, Илёс Қаршиев, Бувигилос Тилакова, Роза Сагдуллаева ҳамда Озода Ҳайдарова каби фидоий ва меҳрибон устозлар жамоасининг меҳнати ҳал қилувчи эканини айтиш адолатдан бўлади. Зеро улардаги сабр, маҳорат ва матонат кўплаб ёшларнинг ҳаётда ўз йўлларини топишга асос бўлди.

100575418_2678902852379070_4148067629086539776_n.jpgАйни пайтда Феруза Солиева раҳбарлигида 75 нафар фидоий устозлар 910 та ўқувчига таҳсил бермоқда.

Биз – собиқ ўқувчилар, 2003 йилдан буён жонажон лицейимиз бағридан катта ҳаётга учирма бўлган ва бугун ўша дамларни соғинч билан ёдга оладиган 10 000 дан ортиқ битирувчилар устозларимиз олдида доим таъзимдамиз. Қаерда ишламайлик, ўзимиз учун яратиб берилган ўша пайтдаги шароитни ҳеч қачон ёддан чиқармаймиз. Зеро айнан биз кутган ва орзу қилган имкониятни «Сайилжой»дан топдик. Нафақат, ўқитувчи ва мураббийлар касб байрами, балки ҳар дам юрагимизнинг энг тўрида лицейни соғинамиз, унга талпинамиз. Боиси, айни ўсмирлик пайти, ширин сўзи ва меҳнати билан бошимизни қовуштириб, катта ҳаёт остонасида адашиб қолмаслигимизни таъминлаган ва буларнинг ҳаммасини беғараз, шунчаки касбига меҳр ҳисобидан амалга оширган устозларимиз бор лицейда.
IMG_20200928_0002.jpgАзиз устозлар, сиз ва сиз орқали юртимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларни яқинлашиб келаётган касб байрамингиз билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Оғир меҳнатингизни ширин мевасидан доим баҳраманд бўлиб юринг. Бизни ажратиб турган 16 йил ҳатто 100 йилга айланганида ҳам қалбан лицей ўқувчиси бўлиб қоламиз. Шу ҳиссиёт доим бизни янги марралар сари илҳомлантириб туради.
98276367_699734364110479_8307680731560148992_n.jpg
118458772_2761666300769391_262167041735247385_o.jpg
Алишер РАВШАНОВ,
журналист
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!