Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинган кун муносабати билан Айдар-Арнасой кўли атрофида улкан байроқ ёйилди
18 ноябрь 2020 г 1 558 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинган куннинг 29 йиллиги муносабати билан Арнасой тумани Наврўз қўрғонидаги Айдар–Арнасой кўли атрофида бир гуруҳ ёшлар 90 га 60 метрли Ўзбекистон байроғини кенг қулоч қилиб ёйишди.
Унда Ўзбекистон Ёшлар ишлари Агентлиги Жиззах вилоят бошқарма бошлиғи Дилмурод Худойшукуров бошчилигида фаоллик кўрсатган Жиззах олимпия захиралари коллежи ёшлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Арнасой туман Кенгашининг фаол ёшлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари иштирок этишди.
Бундан кўзланган мақсад ёшлар онги-тафаккурида мустақил Ўзбекистон байроғи — ўзбек халқининг азалий орзулари тимсоли сифатида эътироф этилиши бўлди.
Мусафо осмон ости она заминимиз узра ёйилган байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, оби ҳаёт рамзи бўлса, оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли гавдаланади. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлигини ҳамда қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқлари сифатида эътироф этилиши юзасидан тушинчалар берилди.
Шундан сўнг, байрам тадбири давомийлиги Арнасой туман Мадания марказида “Байроғимиз – фахримиз ва ифтихоримиздир” мавзусида ташкил этилган саҳнавий чиқишлар куй-қўшиқларга улашиб кетди.
Унда Арнасой туман ҳокими Хуршид Алимардонов, 4 та сектор раҳбарлари, туман Халқ қабулхонаси ва тумандаги Бош вазир қабулхонаси раҳбарлари, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, тумандаги таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда туман марказидаги аҳоли иштирок этишди.
Дастлаб, доиралар садоси остида чиқишлар йиғилганлар кўнглига хурсандчилик бахшида этган бўлса, жажжи кичкинтой болажонларнинг саҳнавий кўриниши орқали қўлларидаги сарбаланд байроғимиз йиғилганлар қалбида асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини уйғотиб юборди.
Сана муносабати билан ўтказилган тадбир давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жўра Исроилов, туман Маданият бўлими ва 5-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ижодий жамоасининг оҳанграбо дилтортар ижролари туманимиз аҳлига манзур бўлди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!