» » Халқаро сайёҳлик манзилига айланаётган Зомин

Халқаро сайёҳлик манзилига айланаётган Зомин

04 январь 2021 г 1 606 Комментарии: 0

Одамзод ҳамиша табиатга интилиб яшайди. Балки бунга ўзини тириклик дунёсининг ажралмас бўлаги, деб билиши сабабдир. Ёхуд атроф-муҳитга азият етказишдан тортинган аждодларни қўмсаш ҳисси ана шу хоҳишни уйғотар.

Шаҳарнинг шовқинли, бироз хиралашган ҳавосидан ёки умуман дунё ташвишларидан холи бўлиш нияти минг йиллар илгариги ҳуснини йўқотмаган борлиқ сари чорлар инсонни.

Жиззах вилоятидаги Зомин тоғларини макон тутган юз йиллик арчаларни кузатар экансиз беихтиёр шу каби ўйлар кечади хаёлингиздан. Тош устида ўсгувчи бу дарахтлар ўнлаб катта-кичик булоқларнинг онаси ҳисобланади.  Мутахассислар таъкидига кўра, бир туп арча томирлари атрофида 2 тоннагача сув тўпланар экан. Қолаверса, бу дарахтнинг вояга етгани сутка давомида бир қишлоққа етгулик кислород ишлаб чиқаради.

Денгиз сатҳидан 2400 метр баландликда жойлашган 27 минг гектарлик арчазорлар ҳудуд ҳавосини кислород билан муттасил тўйинтиради. Арчалардан ажраладиган эфир эса бронхиал астма, томоқ оғриғи ҳамда қатор аллергик касалликларга даво ҳисобланади. Бу ернинг бой ҳайвонот дунёси ҳам арчалар сабаб ўзини эркин ҳис қилади. Шу маънода, Зомин тоғларининг кўрки ва саховати бевосита арчаларга боғлиқ, дейилса хато бўлмайди.

Мазкур гўшада ёзнинг энг жазирама кунларида ҳам ҳаво ҳарорати 20 даражадан ошмайди, кечаси эса 5-10 даражагача тушиб кетади. Аксинча, қишда тоғлар бағри илиқ бўлади. Аммо тунда совуқнинг ҳақиқий нафасини туйишингизга тўғри келади. Шу боис бу манзил қишин-ёзин сайёҳлар билан гавжум. Чунончи, 2019 йилда Зоминга 75 мингдан ошиқ меҳмонлар ташриф буюрди. Пандемия бўлишига қарамасдан ўтган 2020 йилда 11 мингдан ошиқ сайёҳ ҳордиқ чиқариш мақсадида келган. Улар орасида Самарқанд шаҳрининг Кимёгарлар қўрғонида яшовчи 70 ёшли Қувватбой Худойбердиев ҳам бор.

- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фахрийсиман, - дейди истеъфодаги катта прапоршик Қувватбой бобо. - Мен мамлакатимиздаги барча санаторийларда соғлигимни тиклаганман. Шу мақсадда хорижий давлатларда ҳам бўлганман. Аммо Зомин табиатидек гўзал, мусаффо ҳаволи жойни кўрмаганман. Ҳавосининг ўзи ҳар қандай дардингизни аритади, осудаликни айтмайсизми! Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши тизимидаги “Зомин” санаторийсида соғлигимни тикладим. Сиҳатгоҳдаги шароит ҳамда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати аъло даражада. 

Маълумот ўрнида айтиш керак, Зомин тоғлари этагида 3 та санаторий, 4 та ёзги болалар оромгоҳи, 90 та уй меҳмонхонаси, 4 та меҳмонхона, 70 дан ошиқ дам олиш масканлари фаолият кўрсатмоқда. Яъни, хизмат кўрсатиш соҳасида яхшигина рақобат юзага келган ва шунга уйғун тарзда сервис сифати ортаётир. Табиийки, ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Зомин тоғлари бағрида жойлашган Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғинига икки нафар профилактика инспектори бириктирилган. 

- Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 11 та қишлоқда 5170 киши истиқомат қилади, - дейди  Зомин тумани ИИОФМБ 4- сонли ИИБ 89- сонли ички ишлар органлари таянч пункти инспектори, капитан Зоҳид Маманазаров. - Ёзги дам олиш мавсумида сайёҳлар ҳисобига ҳудудда яшовчилар сони 30 минггача етади. Бу даврда бор куч ва имкониятларни ишга солишга тўғри келади. Хусусан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғиботни кучайтирамиз, узлуксиз патруллик олиб борилади. Ҳар қандай мурожаат жойига зудлик етиб борамиз. Яхши маълумки, сайёҳлар бехавотир жойни маъқул кўришади. Шу боис зиммамиздаги вазифаларни мукаммал бажаришга интиламиз.  

Яна шуни эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда республикамизнинг барча аҳоли пунктлари сингари Зоминда ҳам шаҳарсозлик борасида эътироф этишга аризгулик ишлар қилинди. Бугунга келиб, меъмор ва қурувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида Зомин шаҳарчаси республикамизнинг энг кўркам аҳоли пунктларидан бирига айланган. Муҳташам маъмурий ва маданий иншоотлар, турар жойлар, сўлим хиёбонлар, кенг кўчалар, равон йўллар ҳар бир юртдошимиз юрагида ғурур уйғотиши шубҳасиз. 

Таъкидлаш керак, сайёҳлар эътиборини нафақат Зоминнинг фусункор табиати, балки қадимий ёдгорликлар ва муқаддас масканлар ҳам тортмоқда.

Жумладан, туманда Кўк тўнли ота, Қўрғонтепа, Азлартепа, Бобо ёнғоқ каби 17 та тарихий ёдгорлик ва муқаддас қадамжолар бор. Шунингдек, қорахонийлар даврига оид Оқтепа ва Култепа номи билан аталувчи шаҳар қолдиқлари ҳамда деворларига энг қадимий ёзувлар битилган Пшоғор ғори мавжуд. Ушбу манзиллардан топилган 4500 дан ошиқ тарихий экспонатлар туман марказидаги музейда сақланмоқда.  

Зоминга сайёҳларни жалб қиладиган жиҳатлардан яна бири ўзига хос таъомлардир. Бу ерда меҳмонлар сигир, қўй, эчки, от сутидан тайёрланган қатиқ, айрон, чакки, қурт, кувида пиширилган сариёғ ҳамда қимиз билан сийланади. Тоғ бағрида ўсган гиёҳлардан озиқланган жониворлардан олинадиган бу маҳсулотларнинг соғлиқ учун нақадар фойдали эканлиги хусусида гапирмаса ҳам бўлади. Зоминда бодом атала, лочира, қозон патир, гўжа, қатлама, оқ палов сингари 60 турдан ортиқ емак ва нонлар тайёрланади.

Шунингдек, сайёҳлар уй меҳмонхоналари ва ўтовларда яшаб, юртдошларимиз ҳаёти, қадрият ва урф-одатларимиз билан танишиш имкониятига эга бўлишаётир. Табиийки, бундай уйларда замонавий меҳмонхоналардан қолишмайдиган шароитлар яратилган. Булардан ташқари туман ҳунармандлари томонидан 30 турдан ортиқ тўқувчилик, тикувчилик, дурадгорлик ва темирчилик буюмлари ишлаб чиқарилаяпти. Чопон, дўппи каби кийимлар, кичик гилам, зулбароқ, олача каби тўшамалар, нақшли қути, шахмат каби дурадгорлик буюмлари ва эсдалик совғаларга меҳмонларнинг эҳтиёжи юқори.

Хуллас, туманнинг туристик имкониятларидан самарали фойдаланиш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Чунончи, 2020 йилнинг 9 ноябрида республика Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2022 йилларда Жиззах вилоятининг Зомин туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда туманда саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида 98 та, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш борасида 89 та, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, таъмирлаш, жиҳозлаш мақсадида 72 та, ирригация ва мелиорация тизимларини яхшилашга қаратилган 12 та, туман марказини шаҳарсозлик талаблари асосида тартибга солиш бўйича 20 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. 

Қарорда тумандаги Суффа платосида “Зомин” туристик рекреацион зонасини ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилган.

Хусусан, ҳудудда 4 ва 5 юлдузли меҳмонхона мажмуалари, замонавий маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва сайёҳлик аҳамиятига эга муҳандислик инфратузилма объектларини ташкил қилиш кўрсатиб ўтилган. Умуман олганда, қарорнинг ҳар бир банди ҳудуднинг туризм салоҳиятини юксалтиришга қаратилган.

- Республика Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қароридаги 27 та банд жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга  йўналтирилган “Хавфсиз ҳудуд” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишни назарда тутади, - дейди Зомин тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, майор Шерзод Қосимов. - Жумладан, 2 та ички ишлар бўлими ҳамда 26 та ички ишлар органлари таянч пункти биноларини қуриш, 11 та таянч пунктини таъмирлаш, барча таянч пунктларида телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида 150 километр масофага оптик толали тармоқ тортиш, 4 та автотранспорт билан таъминланган ЙПХ ва ППХ гуруҳларини ташкил қилиш, профилактика инспекторларини замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминлаш режалаштирилган.

Шунингдек, бошқармада хизматдаги ходимлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи вазият марказини юзага келтириш, Даштобод шаҳарчасида 5 ўринга мўлжалланган наркология пункти фаолиятини йўлга қўйиш, ташкилот, корхона ва муассасалар, кўп қаватли уйлар ҳамда жамоат жойларини юздан танувчи кузатув камералари билан жиҳозлаш ва уларнинг интеграциясига эришиш, ақлли светофорлар ҳамда ёритиш мосламалари ўрнатиш каби ишлар амалга оширилади. Яъни, аҳоли билан бирдек сайёҳлар учун жиноятдан холи хавфсиз муҳитни ҳосил қилиш мақсад қилинган. 

Айтганча, яқин орада Зомин тумани марказида туризм ва сервис касб-ҳунар коллежи фаолият бошлайди. Шу билан бирга Зомин тоғидаги санаторийни тоғ чанғи ҳудуди ҳамда мазкур манзилда бунёдга келтирилаётган шаҳарча билан боғловчи 2640 метрли замонавий дор йўли қурилади. Ушбу шаҳарчада анфитеатр, анжуманлар зали, кинотеатр барпо этилади. 250 километр йўлда таъмирлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилади. Бу йўналишда юзага келтирилган инфратузилма эса 1 миллион 300 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконини беради.

Мазкур ўзгаришлару қулайликлар хорижлик сайёҳларни ҳам эътиборсиз қолдирмаслиги аниқ. Қисқаси, яқин келажакда Зоминда халқаро талабларга мос йирик сайёҳлик марказларидан бири пайдо бўлади, десак адашмаймиз.

Алижон АБДУСАТТОРОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!