Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Жиззахда “Ёш журналистлар мактаби” иш бошлади

Жиззахда “Ёш журналистлар мактаби” иш бошлади

13 январь 2021 йил
278
0

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими қошида ташкил этилган “Ёш журналистлар” мактабида янги йил бошида дастлабки машғулот бўлиб ўтди.

Жиззахда журналистикага қизиқувчи ёшларни касбга ўргатиш тарихи анча олис тарихга эга  “устоз-шогирд” мактаби  анъаналаридан бири. Айниқса ўтган асрнинг 70-90 йилларида “Жиззах ҳақиқати” вилоят газетаси  таҳририяти қошида мунтазам фаолият кўрсатиб келган “Ишчи қишлоқ мухбирлар университети” кўплаб ёшларни журналистика касбига йўналтирган эди.

Таҳририят  қошидаги ҳафтасига бир марта машғулот ўтказадиган икки йиллик университетда ижод алифбоси билан танишган ўша пайтдаги ўқувчи, талаба, ишчи ёшларнинг кўпчилиги кейинчалик  ушбу касбнинг ҳақиқий эгаси бўлиб етишиб, ҳозир республикамизнинг  турли матбуот органларида фаолият кўрсатиб келаётир.  

Орадан ўттиз йил ўтгач тарихий анъанани тиклаб,  ёш журналистлар мактабини тиклашдаги ташаббускорлар ҳам  “Жиззах ҳақиқати” қошидаги  ишчи қишлоқ мактаби битирувчилари  бўлди.  

Мактаб Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг “Етук маънавиятли ва юксак маданиятли ёшлар Ватан тараққиёти пойдевори” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг грант маблағи  билан ташкил этилди.  

Лойиҳа муаллифлари   – уюшманинг вилоят бўлими раиси Эркин Шермонов ва бўлим мутахассиси Нодира Алимова дастлабки ижод сабоғини “Жиззах ҳақиқати” қошидаги  ёш мухбирлар университетида олиб,  меҳнат фаолиятини шу соҳага бағишлаб келаётган таниқли журналистлар.  

Журналистика соҳасига қизиққан ёшларнинг билим ва малакасини ошириш орқали истеъдодларини намоён этишларига кўмаклашиш, оммавий ахборот воситаларида ёш кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳа саккиз ойга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида ёш журналистлар мактабидан ташқари уюшма ҳудудий бўлимининг  “jurnalistika.uz” расмий сайти яратилди  

Мактабга журналистикага қизиққан 30 ёшгача бўлган ўттиз  нафар йигит-қиз танлаб олинди.    

Мактабда тингловчиларга матбуот, телевидение, радио, интернет журналистика ва фотожурналистика йўналишлари бўйича тажрибали  мутахассислар томонидан билим ва маҳорат дарсларини ўтказиш белгиланган. Дастлабки машғулотларни 80-йилларда Жиззахдаги хаваскор журналистлар мактабида сабоқ олган,  Ўзбекистон жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети доценти, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери Наргис Қосимова  ўтказди. Машғулотда тингловчилар журналистика тарихи, журналистиканинг ижтимоий маъсулияти, журналистика фани ва унинг таркиби, жанрлар бўйича  ёш журналистларга тушунтириш берди.

Шунингдек,  тажрибали журналистлар  “Ўзбекистон – 24” телеканалининг вилоят бўйича мухбири Дилмурод Абдураҳимов, вилоят телерадиокомпанияси, радио гуруҳи бош муҳаррири Сайёра Тўхтаевалар тил ва услублар, ахборот ва таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича амалий машғулотлар ўтказди.  

– Кейинги йилларда вилоятда ёш журналистлар сони анча камайиб кетди, – дейди лойиҳа раҳбари Нодира Алимова. – Ўтказилган таҳлилларимизга  кўра вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётганлар орасида    25 ёшгача бўлган журналистлар атиги олти нафаргина. Пойтахтда ушбу йўналишда олий маълумот эгаллаган ёшларнинг аксарияти вилоятга қайтмаётир. Шунинг учун бу соҳага иқтидорли ёшларни жалб қилиш зарурияти пайдо бўлди.  

Ушбу зарурият туфайли ташкил этилган “Ёш журналистлар мактаби” самара беришига кўпчилик ишонмоқда.  

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар