» » Жиззах  жаҳонга  юз  тутмоқда

Жиззах  жаҳонга  юз  тутмоқда

18 февраль 2021 г 881 Комментарии: 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг чиқишларидан бирида  "Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли ҳам инвестиция — бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди", дея таъкидлаган эди. 

Дарҳақиқат, инвестицияларни иқтисодиётга кенг миқёсда жалб этиш  турли соҳаларнинг фаол ривожланиши, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий томондан равнақ топиши, янги замонавий технологиялар кириб келиши,  ер юзининг юксак малакали мутахассислари тажрибасини ўзлаштиришга замин бўлади.

Шу маънода олиб қараганда, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 августдаги "Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони  мамлакат инвестиция салоҳиятини ривожлантиришга қаратилгани билан ўта аҳамиятлидир. Ана шу муҳим ҳужжат асосида, ҳудудлар салоҳиятини инобатга олган ҳолда, иқтисодиётнинг турли йўналишларини бир маромда ривожлантириш чоралари кўриляпти. Аҳоли бандлиги таъминланаётир. Иқтисодиётда инвестиция улушининг сезиларли даражада ўсиб бориши  миллий ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига, алал-оқибат, бу ишга алоқадор  бошқа  кўрсаткичларнинг юқори кўтарилишига сабаб бўлмоқда.   

Бу сўзларнинг исботини Жиззах вилояти  мисолида яққол кўришимиз мумкин. Статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатимизнинг ушбу ҳудудига киритилган инвестициялар ҳажми кейинги беш йил ичида мунтазам равишда ўсиб борганига амин бўламиз.

Масалан. 2015 йилда бу борадаги кўрсаткич  1 триллион 304,9 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилда  5 триллион 919,3 миллиард сўмни ташкил этгани ёки қарийб 5 мартага  ошгани маълум бўлади. Энг муҳими, бу маблағнинг 465,8 миллион  долларлик қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобланади.

Вилоятда ўтган йили умумий қиймати 3,1 триллион сўм бўлган 322 та  инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, улар натижасида 4 минг 235 та янги иш ўринлари яратилди. Албатта, ҳаётга татбиқ этилган  лойиҳаларнинг каттагина қисми воҳанинг чекка ҳудудларига тўғри келаётгани кишини мамнун қилади.

Мисол учун, Зафаробод туманида умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг бўлган  МЧЖ шаклидаги "Ҳуаксин семент Жиззах” хорижий корхонасининг цемент ишлаб чиқаришни ташкил этишни кўзда тутган 1-босқичи ишга тушиши натижасида 350 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Ҳозирча 130 миллион  долларлик хориж сармояси  ўзлаштирилиб, йилига 1 миллион 200 минг тонна экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятиг яратилди.

Жиззах вилоятида автомобиль ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида қатор йиллардан буён оғизма-оғиз кўчиб юрган гап-сўзлар ҳақиқатга айланмоқда.   

2020 йилнинг ноябрь ойида вилоят марказидаги янги заводда “KИA K5” ва “Селтос” русумли автоуловлар ишлаб чиқариш ишлари бошланди. Келгусида жаҳонга танилган бошқа брендларни ҳам ишлаб чиқариши кутилаётган “AДМ Жиззах” МЧЖ нинг қуввати биринчи босқичда йилига 25 минг, кейинчалик эса, 100 мингтани ташкил этиши режалаштирилган. Яна бир эътиборли томони, лойиҳада “Жиззахда  ишлаб чиқарилган” тамғаси босилган автомобилларнинг салмоқли қисмини МДҲ давлатлари бозорига экспорт қилиш кўзда тутилган.  

Вилоятда 30 га яқин тўқимачилик корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ортда қолган йилда ушбу тармоқга  инвестициялар жалб қилиш борасида ҳам муайян ишлар бажарилди. Жумладан, "Жиззах текстиль" МЧЖ да  трикотаж мато бўяш линиясини жорий этиш учун 100 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилиб, 180 га яқин  янги ишчи ўринлари яратилди, салкам  4 ярим  минг тонна  матоларга инновацион усулда ранг бериш имконияти вужудга келди.

"Мирзачўл текс" МЧЖ да эса,  80 миллиард сўмлик маблағ эвазига вилоятда илк бора йилига 864 минг погонметр жинси мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 100 киши доимий иш билан таъминланди.

- 2020 йил якуни билан ана шундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 1 триллион 200 миллиард  сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди ва улар ёрдамида  40 миллион доллардан ортиқ миқдордаги маҳсулотларни хорижий ҳамкорларга етказиб бериш уддасидан чиқилди, - дейди вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси экспорт бўлими бошлиғи  Умид Нишонов. - Маҳаллий бюджет заҳираси  110 миллиард  сўмлик соф тушумга бойиди, 50 хил турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди, 313  миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Бутун дунёда авж олган коронавирус пандемиясининг вилоят иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш, мавжуд лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида  дунёнинг 8 та давлатдан 220 га яқин малакали мутахассислар, 432 миллион  долларга зарурий дастгоҳ ва ускуналар олиб келиниши таъминланди.

Ортда қолган 2020 йилда Жиззах вилояти экспорт салоҳиятининг ошишига  қишлоқ хўжалиги соҳасининг қўшган ҳиссаси ҳам салмоқли бўлди.  Ваҳоланки, бундан атиги бир-икки йил аввал воҳа деҳқонлари  етиштирган  маҳсулотларни хорижга сотиш ҳақида гап кетганда асосан пахта ва пахта маҳсулотлари, озроқ мева-чева, дала-даштдан териладиган ковул  мисол қилиб келтирилар эди.  Кейинги пайтлар, жумладан, ўтган 2020 йилда бу соҳада ҳам эътироф этишга арзирли  янгиликлар, ўзгаришлар кўзга ташланди. 

Энди Жиззах  заминида етиштирилган  мош, ловия, нўхат, лимон, помидор, бодринг  каби ўнлаб ноз-неъматлар бу рўйҳатга кирди. Қовун-тарвуз экспорт бўйича эса, вилоят мамлакатимиз ҳудудлари орасида  пешқадамга айландик. Жумладан,  ўтган йили  мамлакатимиздан жами  экспорт қилинган полиз маҳсулотларининг  салмоқли қисми айнан жиззазлик соҳибкорлар ҳиссасига тўғри келди. Яъни  вилоятдан хориждаги ҳамкорларга 7,6 минг тонна қовун,  6,2 минг тонна  тарвуз етказиб берилди. “Зарбдор экспорт”, “Ютуқ майдони” фермер хўжаликлари жамоалари эришган натижалар  айниқса,  қувончли бўлди. Бу жамоалар ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида  қовун, тарвуз, ошқовоқ, супурги, дуккакли экинлар экиб, парваришлаб, мўл ҳосил кўтаришди.  Ҳосилнинг катта қисмини чет элга сотиб, 180-200 минг доллар атрофида даромад олишга муваффақ бўлдилар.

Янги йилда бу борадаги ижобий натижалар салмоғининг яна ҳам ошувида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Агросаноат  мажмуи  ва озиқ овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш  Агентлиги билан ҳамкорликнинг  самара бериши кутилмоқда. 

“2021 йилда вилоят аграр соҳасидаги  манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 миллион долларлик кредит маблағлар ажратиш режалаштирилган. Бу маблағ эвазига 

6 минг гектарда интенсив боғ, 3 минг гектарда эса, токзорлар барпо этиш кўзда тутилмоқда. Асосийси, бу ишлар орқали  800 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш,  уларнинг 70 фоизини ёшлар ташкил қилишига эришишни мақсад қилиб олганмиз”, дейди Агентликнинг вилоятдаги вакили Наврўз Убайдуллаев.   

- 2021 йил учун шакллантирилган дастурларда ҳам  вилоятимизнинг чекка ва олис ҳудудларида истиқомат қилувчи ҳамюртларимиз талаб ва эҳтиёжларига  алоҳида эътибор қаратишга интилдик, - дея қўшимча қилади вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Суннатилло Мирзақобилов. - Хусусан, туманлар ҳокимликлари мурожаати билан вилоятни 2021-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига  умумий қиймати 26,4 триллион  сўмлик 489 та янги инвестиция лойиҳалар киритилди. Уларга биноан  21 минг 185 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ўтган йил декабрь ойида маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда вилоят ҳалқига йўллаган  Мурожаатномасида Ўзбекистон  Президенти ва ҳукумати томонидан яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда имтиёзларга жавобан  2021 йилда вилоятга инвестициялар қиритиш, ташқи савдони ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш борасида юксак марралар белгиланганини айтиб ўтди. Жумладан, 325 миллион долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш,  экспорт ҳажмини 2020 йилдагига нисбатан камида  1 ярим баравар кўпайтириш  кўзда тутилганиин маълум қилди.  

Бундан бир неча кун аввал Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) раҳбари Жемалиттин Тюней, Туркиянинг нуфузли TRT телерадиоканалининг Ўзбекистондаги раҳбари Низам Шаҳин ва “Жиззах-Туркия ишбилармонлар уюшмаси” ташаббускор гуруҳи раиси Абдуллаҳ Далбуллардан иборат делегация Жиззахга ташриф буюрди. Меҳмонларнинг вилоят ҳокими Эргаш Солиев  билан бўлган мулоқоти давомида Жиззахнинг турли ҳудудларида саноат корхоналарини ташкил этиш, улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини экспортга йўналтириш масаласини муҳокама қилинди.

Якунда жорий йилнинг май ойида хориж ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўз-кўз қилиш учун  “Jizzax-Turkiya Eкspo-2021” кўргазмасини ўтказишга келишиб олинди. TRT телерадиокомпанияси эса, Президентимиз раҳнамолигида кейинги 4 йил давомида Жиззах вилоятида амалга оширилган ислоҳотлар, рўй берган ижобий ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги эврилишлар ҳақида ҳикоя қилувчи фильм яратиш,  уни турк медиа русурслари  орқали дунё ҳамжамияти эътиборига ҳавола қилишни  зиммасига олди.

Бизнингча, ана шу кенг қамровли юмушлар, режалаштирилган йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун вилоятнинг иқтисодий куч-қуввати, салоҳияти етарли, имкониятлари бисёр.

Энг муҳими, воҳа аҳлининг, меҳнатсевар жиззахликларнинг зиммаларидаги вазифаларни бажариш борасидаги ғайрат-шижоатига шубҳа йўқ! Ана шу ишонч  эса, 2021 йилда эришиладиган  меҳнат ғалабаларига замин бўлиши шубҳасиз!..

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!