» » Жиззах вилояти ҳокимининг навбатдаги ёшлар билан учрашуви Фориш туманида ўтказилди (видео)

Жиззах вилояти ҳокимининг навбатдаги ёшлар билан учрашуви Фориш туманида ўтказилди (видео)

03 март 2021 г 1 616 Комментарии: 0

Фориш тумани ҳокимлиги катта мажлислар залида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев тумандаги ёшларнинг етакчилари, ёшлар вакиллари билан юзма-юз очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда вилоятнинг барча бўлим ва бошқармалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоят халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг, Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиевга сўз берилди.
– “Бу очиқ – ошкора мулоқот майдони. Мен сизларни тинглагани келдим.”, – деди вилоят ҳокими барча расмиятчиликларни бир четга суриб.
Мулоқот давомида вилоят раҳбари амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг туб мазмун-моҳияти хусусида сўз юритиб, умумий ўрта таълим мактаблари ёшлар етакчиларининг фаоллигини, самарадорлигини янада ошириш, ўқувчи ёшлар билан ишлаш тизимини самарали йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратди. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттириш талаби қўйилди.
Бугунги кунда туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан 1056 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, иш билан банд бўлмаган ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилган. Улар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш, илм олиш, касб-ҳунар эгаллашлари учун тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят ҳокими Эргаш Солиев билан учрашувда тумандаги иш билан банд бўлмаган 12 нафар қизларга тикув машинкалари, 23 нафар ёшларга тадбиркорликни бошлаш учун банкдан кредит олиш учун сертификат, 4 нафар ёшларни уй-жойини таъмирлаш учун 50 донадан 200 та шифер қурилиш материали, 12 нафар ёшларга ногиронлик аравачалари, 12 нафар ёшларга 7 та маҳалла ҳудудидан 1 гектардан деҳқончилик қилиш учун ерга сертификатлар топширилди. Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан 3 та мактабга, яъни 1, 12, 33-умумтаълим мактабларига компьютер жамламалари совға қилинди.

– Маҳалламиз туманнинг энг чекка олис ҳудуди ҳисобланади, – дейди “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Тахлина Балқибоева. Маҳалламизда тикувчилик цехи йўқ, кўпгина ёшлар бекор. Хотин-қизларимиз, келинлар турли либосларни тиктириш учун узоқ йўл босиб туман марказига қатнашади. Учрашувда менга ўзимни ўзим банд қилишим учун тикув машинкаси совға қилинди. Мен қишлоғимизда иш билан банд бўлмаган қизларни тикувчиликка ўргатиб, тикув цехи очиш ниятидаман.
– Бизнинг “Қизилқум” маҳалламиз ерлари боғдорчилик, сабзавотчиликни ривожлантиришда энг қулай ҳудуд ҳисобланади, – дейди шу маҳаллада яшовчи Шерзод Маҳкамов. Менга ҳам бир қанча тенгдошларим қатори 1 гектар ерга сертификат берилди. Бу ерда мен боғдорчилик ва сабзавотчиликни йўлга қўймоқчиман.
Ўзаро ишонч ва самимият асносида ўтган мулоқот давомида ёшлар юрт равнақи йўлида илм олиб, ғайрат-шижоат кўрсатишларини билдирдилар. Ёшларнинг ҳамжиҳатлигини янада ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!