Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-36-51
» » Жиззах ва Наманган вилоятларида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ижроси ўрганилди

Жиззах ва Наманган вилоятларида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ижроси ўрганилди

31 май 2021 йил
682
0

Бугун Жиззах вилояти ҳокимлигида Наманган ва Жиззах вилоятларида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ижроси ўрганиш бўйича онлайн тарзида йиғилиш ўтказилди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йилга белгиланган иш режасига мувофиқ, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Наманган ва Жиззах вилоятларида 2020 йил ҳамда 2021 йил биринчи чорагидаги ижро этилиши ҳолати ўрганилди.

Сўнги йилларда республикамиз ҳудудида одам савдосига қарши курашиш йўналиши бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда бу борадаги жиноятчиликнинг олдини олиш борасида бир қатор амалий ва ташкилий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5775-сон фармони билан халқаро стандартларга мос равишда “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссия” ва унинг таркибида иккита кичик комиссиялар ташкил этилди.

Ҳудудларда ҳокимлар зиммасига одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияларга раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилди. 2020 йилда республика миқёсида Жиноят кодексининг 135-моддаси бўйича 93 та одам савдоси жиноятлари аниқланган.

Одам савдоси жиноятларининг 51 таси шаҳвоний мақсадда, 39 таси вояга етмаган шахс савдоси, 3 таси мажбурий меҳнат эксплуатацияси ташкил этади. Ушбу жиноятларда 129 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Мазкур жиноятлардан 150 нафар шахслар жабрланиб, шундан 89 нафари (59,3 %) аёл шаҳвоний эксплуатация (12 нафари вояга етмаганлар), 12 нафар (8 %) эркак меҳнат эксплуатацияси ва 37 нафар бола чақолоқ савдоси қурбони бўлган. Ачинарлиси, 37 нафар жабрланган чақалоқнинг 24 нафари бир ёшгача бўлган болалар ташкил этган.

Наманган ва Жиззах вилоятларида олиб борилган ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, тегишли вазирлик, идоралар ва ҳудудий ҳокимликлар фаолиятида муайян камчиликлар юзага келган, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлиги аниқланди. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 2020 йилда ва 2021 йилнинг биринчи чорагида Наманган (7 та) ва Жиззах (5 та) вилоятларида жами 12 та одам савдоси жиноятлари аниқланган холос.

Тезкор хизмат фаолияти етарли даражада ташкил қилинмаганлиги сабабли 2020 йил ва 2021 йил биринчи чораги давомида қидирув эълон қилинган15 нафар шахслар ушланмасдан қолган. Ушбу кўрсаткич Ниманганда 10 та, Жиззах вилоятида 5 тага тўғри келган.

Маълумки, одам савдоси жиноятларининг олдини олиш, унинг оғир оқибатларидан аҳоли хабардорлигини ошириш тарғиботи энг муҳим ва самарали восита ҳисобланади.

Лекин бу борадаги тарғибот ишларини Наманган ва Жиззах вилоятиларида самарали ташкил қилинган деб бўлмайди.

Натижада, узоқ муддатда хорижда бўлиб қайтганлар томонидан жиноятларнинг содир этилиши ёки уларнинг ўзлари одам савдоси қурбонига айланиб қолиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунингдек, узоқ муддатда хорижга чиқиб кетган шахсларни қайтариш ва уларнинг яқин қариндошлари билан ишлаш, уларни бандлигини таъминлаш борасида ишлар лозим даражада ташкил этилмаган.

Узоқ муддатда юрган шахслар ўртасида одам савдосига ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган профилактик чора-тадбирлар лозим даражада ўтказилмаганлиги оқибатида, улар томонидан хорижда жиноят содир этилиши ҳамда турли юқумли касалликларни юқтириб олиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятчиликни олдини олиш юзасидан фертиль (туғиш ёши 18-35) ёшидаги аёллар ва ҳомиладорларнинг эрта босқичидан чақолоқ туғулгунга қадар ҳисоби юритилмаган.

2021 йил биринчи чорагида вилоятлар туғруқхоналаридан далолатнома асосида олиб чиқиб кетилган жами 28 нафар чақалоқларнинг одам савдоси қурбонига айланмаслиги борасида оналар ўртасида олиб борилган профилактик тадбирлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги оқибатда, Наманган вилоятида 2 нафар чақалоқ одам савдоси қурбонига айланган.

Шунингдек, республикада жабрдийдаларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш билан боғлиқ сарф харажатларни қоплаш, вақтинчалик бошпана билан таъминлаш, етказилган моддий-маънавий зарарни қопаш, хорижий давлатлардаги жабрдийдаларни юртимизга қайтариш билан боғлиқ ишларни молиялаштириш ишлари охирига етказилмаган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Наманган ва Жиззах вилоятларида ижро этилиши ҳолатини қониқарли деб бўлмайди. Мажлис сўнгида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасинингтегишли қарори қабул қилинди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар