» » Жиззахдаги Айдаркўл қандай пайдо бўлган?

Жиззахдаги Айдаркўл қандай пайдо бўлган?

15 июль 2021 г 4 352 Комментарии: 0

1968 – 1969 йилларда қиш жуда қаттиқ келди. Қаҳратон совуқ 40-50 см. бўлиб ёққан қорларнинг эришига йўл қўймади.

Цельсий бўйича кўрсаткич 25-30 даража совуққа етганда қорнинг қалинлиги 60-70 см.га етди. Одамлар айниқса, чорваси кўп хўжаликлар саросимага тушиб қолади. Фориш туман раҳбарлари қўшни туман раҳбарлари билан боғланиб, амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Тез фурсатларда булдозер ва 2 та занжирли тракторлар ем-хашакка тўлдирилиб, ёрдамга етиб келишади. Қишнинг авжи совуғи март ойининг 15-20 саналарига қадар давом этарди. Наврўз байрами арафасида жанубдан илиқ ҳаво эпкинлари эса бошлагач қорлар иссиқ қозонга сариқ ёғни солгандай жадал эрий бошлайди. «Кафтдай» жилға оқувчи жойдан «бир қулоқ» сув оқарди. Қиш бўйи музлаган ер бунча кўп сувни ўзига сингдира олмайди. Дарёларнинг, сув омборларининг сув сатхи сезиларли даражда кўтарилади. Бу пайтда аҳолини тошқин хавфидан асраш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарлари келишиб, «Чордара» сув омборидаги ортиқча сувни «Қизилқум» чўлидаги «Айдар» ботиғига йўналтиришга қарор қилишади.
Даврининг тажрибали чўпонларидан бўлган Борли ака Қувонов Айдар кўлининг пайдо бўлиши ҳақида қуйидагича хотирлаганди.
- «Айдар» ботиғининг атрофида туманимизнинг қўй-эчкилари боқиларди. Бир куни қўра-қўтонларимиз устидан икки қанотли самолиёт пастлаб учиб, бир тўп хат ташлаб ўтади. Хатни ўқиб кўрсак, одамлар зудлик билан чорва молларини «Айдар» ботиғидан олиб кетиш ва хавфсиз ҳудудга кўчиш ҳақида огоҳлантирилган экан. Хатда ёзилишича катта сув келаётган эмиш.
Эртаси куни қўшни чўпон тўйга айтди. 3-4 киши бўлиб тўйга отландик. Тушдан кейин тўйдан қайтсак, бир катта ариқ бўлиб оқаётган сув от-уловларимизнинг қорнига етиб қолибди. Эртаси куни эса, сув гўёки дарёдай кенгайиб кетибди. Тўсатдан самолёт ташлаб кетган хат ёдимизга тушиб, тезда чорвани «Айдар» ботиғидан олиб чиқиш чораларини кўрдик. «Қизилча» яйловларидан чиқиб, 15 кун деганда бола-чақамиз билан Тўлибой қишлоғига етиб келдик.
Хуллас 1969 йилнинг баҳори одамларнинг хотирасида «Айдаркўл» пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳолда сақланиб қолди.

Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!