Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-36-51
» » Бобо-Усмон Батуров: Билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан

Бобо-Усмон Батуров: Билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан

19 июль 2021 йил
184
0

Бокс бўйича терма жамоамиз аъзоси Бобо-Усмон Батуров Токио Олимпиадасида мамлакатимиз спорт делегациясининг байроқдорларидан бири сифатида эълон қилинди. У билан телефон орқали қисқача суҳбатлашдик.

- Аввало, сизга байроқдорлик вазифаси юкланганлиги билан табриклаймиз. Кутганмидингиз?

- Тўғриси, кутмагандим. Эшитиб ғурурландим. Байроқдорлик вазифаси улкан масъулият. Бу мен учун катта шараф. Энди зиммамдаги вазифа янада ошди. Олимпиадада қатнашишнинг ўзи масъулият эди.

- Олимпиадага тайёргарлик жараёнлари қандай кечмоқда?

- Тайёргарлик белгиланган режа асосида олиб бориляпти. Мураббийларимиз Марат Қурбонов, Тўлқин Қиличев ва Раҳмажон Рўзиохуновнинг кўрсатмалари бўйича шуғулланяпмиз.

- Айнан бугунги машғулот қандай ўтди?

- Доимгидан бошқачароқ бўлди. Яъни, Япониядаги Ўзбекистон элчихонасининг кўмагида биз спортчилар учун машғулотдан кейин маданий хордиқ ташкил этилди. Япон миллий рақс усталари бизга ажойиб рақс ташкиллаштирди. Уларга қўшилиб биз ҳам рақс тушдик.

- Об-ҳаво, карантин шароитлари қийин эмасми?

- Япония об-ҳавоси Ўзбекистондан фарқ қилади. Икки-уч кун мослашишимиз учун вақт кетди. Ҳозир ўрганиб қолдик. Карантин шароитларига кўникканмиз. Бир йил аввалги карантинда бунга мослашган эдик.

- Байроқдор спортчи ҳамиша кўпчиликнинг эътиборида туради. Жанглар мобайнида бу сизга таъсир кўрсатмайдими?

- Боя айтганимдек, бу икки карра масъулият. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади. Ўзимга билдирилган ишончни оқлаш учун бор имкониятимни ишга соламан. 2000 йил Сидней олимпиадасида боксимиз фахри Муҳаммадқодир  Абдуллаев байроқдор бўлиб, олтин медалга мушарраф бўлганди. Илоҳим, менга ҳам афсонавий спортчимизнинг йўлини берсин.

Тўлқин РЎЗИЕВ суҳбатлашди

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар