» » Судянинг асосий вазифаси – суд ишида одил судловни амалга ошириш

Судянинг асосий вазифаси – суд ишида одил судловни амалга ошириш

28 июль 2021 г 1 174 Комментарии: 0

Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд тизимида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилаётир ва бу жараён шубҳасиз, самараларини бермоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан одил судловни амалга ошириш борасида тизмида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу ва бошқа шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида ЎзА мухбири жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди раиси Эгамберди ОЛМОСОВ билан суҳбатлашди.

– Давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан – жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди. Сиз раҳбарлик қилаётган жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида одил судлов борасида қандай ишлар амалга оширилди?

– Фармон суд тизимида жуда улкан ислоҳотларни амалга оширишда энг муҳим дастуруламал бўлди, – дейди Эгамберди Олмосов. – Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида қонун ва қонуности ҳужжатларида назарда тутилган судлар олдидаги вазифаларни оғишмай бажаришга барча диққат-эътиборимизни қаратиб, муайян ишларни амалга оширдик, десам муболаға бўлмас.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан 155 нафар шахсга нисбатан 217 та жиноят иши кўрилган бўлса, ўтган 2020 йилнинг шу даврида 141 нафар шахсга нисбатан 160 та жиноят иши кўрилган эди.

Шаҳар суди жамоаси томонидан ўтган 6 ойда 2 минг 161 нафар шахсга нисбатан 2 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид иш мазмунан кўриб тамомланди. Шундан 1 минг 527 нафар шахсга нисбатан 1 минг 418 та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилди.

106 нафар шахснинг жазоси муддатидан олдин шартли равишда озод қилиниб, 3 нафар шахснинг судланганлик ҳолати муддатидан илгари олиб ташланди. 33 нафар шахсга нисбатан 29 та жиноят иши бўйича ярашув институти қўлланилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖК 661-моддасига асосан тугатилди. 45 нафар шахсга нисбатан эса 35 та жиноят иши бўйича ЖК 57-моддаси қўлланилиб енгилроқ жазо тайинланди. 591 нафар шахсга нисбатан 548 та маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид иш бўйича МЖтК 33-моддаси қўлланилиб енгилроқ жазо тайинланди.

Мазкур давр мобайнида 372 нафар шахсга нисбатан 355 та маъмурий иш сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

– Бу рақамларни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиштирганда...

– Жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах шаҳрида судланганлар сони 182 нафарни ва ўтган йилнинг шу даврида эса 118 нафарни ташкил этиб, судланганлар сони 64 тага кўпайган.

Ҳисобот даврида судланганларнинг жорий йилда 12, 2020 йилда 9 нафарига жарима, ҳар иккала йилда 2 нафардан шахсга мажбурий жамоат ишлари, бу йил 61 нафарига ўтган йили 21 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 2021 йилнинг 6 ойида 40, 2020 йилнинг шу даврида 41 нафарига озодликни чеклаш, жорий йилда 49, ўтган йилнинг 6 ойида 41 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган бўлса, ўтган вақт давомида 5, 2020 йилга солиштирганда эса 1 нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Шунингдек, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш, эҳтиётсизлик сабаб баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, пора бериш, мансабга совуққонлик билан қараш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш кўпайганлигини кузатиш мумкин.

– Жиноят ишлари бўйича судларга айни вақтда, маъмурий ишлар қўшилганлиги сабаб ҳуқуқбузарлик материаллари ҳисобига иш ҳажми кўпайиши шубҳасиз. Лекин ушбу даврда жиноий ишларда қайсидир ҳолатларда рақам кўрсаткичларида пасайишлар ҳам бўлдими?

– Шаҳар миқёсида суд томонидан кўрилган ишлардан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қасддан баданга ўртача оғир тан жароҳати етказиш 16,6, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш 100, бир шахснинг иккинчи бир шахсга нисбатан туҳмат қилиш жинояти 100, ўғирлик жинояти 40, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш 87, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш 50,6, транспорт воситасини олиб қочиш 100, безорилик 100, гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар 88 фоизга камайганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

– Вояга етмаганлар ва аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 83 нафар вояга етмаган шахсга нисбатан 64 та жиноят иши шаҳар суди томонидан мазмунан кўриб ҳал этилган бўлса, 2 нафар вояга етмаганга нисбатан 2 та жиноят иши кўриб тамомланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 37 нафар аёлга нисбатан 28 та, ўтган йилнинг шу даври мобайнида 28 нафар хотин-қизга нисбатан 24 та жиноят иши кўрилган бўлиб, 2021 йилда 34 хотин-қизга нисбатан 25 та, 2020 йилнинг 6 ойида 24 нафар аёлга нисбатан 20 та жиноят иши бўйича айблов ҳукми чиқарилган. Жорий йилнинг 6 ойида 3 нафар аёлга нисбатан 3 та, ўтган йилнинг шу даврида 4 нафар хотин-қизга нисбатан 3 та жиноят иши тугатилган.

– Барча тизим, вазирликлар масъуллари, раҳбарлар халқ орасига кириш, уларнинг дарду ташвишлари, мурожаатларини тинглаши керак. Бу борада жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида иш қандай йўлга қўйилган?

– Суд жамоаси аъзолари ҳам “маҳаллабай” иш олиб бориб, ўтган вақт давомида суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан шаҳримиздаги маҳаллаларда ўтказилган оммавий сайёр қабулларда 50 дан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг асосий қисмини жойида кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали юборилган 101 та мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилиб, мурожаат муаллифларига асослантирилган жавоб хатлари етказилди.

Бундан ташқари, 46 та оғзаки ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган бўлиб, шундан 44 таси аҳоли ўртасида, 1 таси ўқув муассасасида ва яна 1 таси корхонада амалга оширилди.

Шунингдек, ушбу даврда шаҳар суди томонидан ҳукм чиқариш йўли билан тамомланган ишлар бўйича 115 та ёки 4,1 фоизи бўйича жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг келгусида содир этилишининг олдини олиш мақсадида хусусий ажримлар чиқарилди.

– Юқоридаги маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, айрим жиноятларининг кўпайганлигига гувоҳ бўламиз...

– Шуни инобатга олиб, ушбу турдаги жиноятларни прокуратура, ички ишлар идоралари, давлат солиқ инспекцияси ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари иштирокида муҳокама қилиш ва келгусида мазкур тоифадаги жиноятларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш ва ишимизни ҳамкорликда олиб боришимиз лозим бўлади.

– Мамлакатимизнинг амалдаги қонунлари барча учун баробар ва уни бузган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъий назар қонунда белгиланган жазосини олиши муқаррар.

– Судларнинг вазифаси фақат жиноятчиларни қамашдан иборат, деб ўйламаслик лозим. Суд ишида тизимнинг ҳар бир вакилини вазифаси ҳар қандай жиноятнинг олдини олишдир. Ана шунда одил судловни амалга ошира олади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Абдужалол Қаюмов суҳбатлашди

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!