» » Жиззахда тадбиркорлар мурожаатларига кимлар бефарқ қарамоқда?

Жиззахда тадбиркорлар мурожаатларига кимлар бефарқ қарамоқда?

28 июль 2021 г 891 Комментарии: 0

Асл тадбиркорлар, гапнинг эмас ишнинг кетидан қувадиган, қаловини топиб қорни ҳам ёқишни уддалайдиган, имконсиздек кўринган жойдан ҳам даромад топиб, фақат ўзига эмас, ўзгаларга ҳам манфаат келтирадиган одамлар тоифасига киради. Эндигина тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган инсонлар ҳам авваламбор ҳисоб-китобини олиб, ўзгалар билан маслаҳатлашиб кейин бирон ишга қўл уруши табиий.

Бундай инсонларнинг аксари фақат имконсиз қолгандагина мутасадди ташкилотларга ариза ёзиб мурожаат қилишади. Тадбиркор ишдан ортиб, қимматли вақтини сарфлаб, кўмак сўраб мутасадди ташкилотга келдими, демак билингки, бу мурожаат ортида, дарҳақиқат, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган катта муаммолар ётган бўлади.

Баъзан, бу муаммоларнинг келиб чиқишига, аслида жойларда тадбиркорликнинг ривожланишидан манфаатдор бўлган ташкилот ёки муассасалар сабаб бўлаётгани эса кишини ажаблантирмай қолмайди. Бундай кезлар муаммоларнинг келиб чиқишига баъзи бир жиғилдонини ўйлаган нопок кишиларнинг таъмагирлиги сабаб бўлмаяптимикин деган ўйга боришингиз табиий.

Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ходимлари томонидан 2021 йилнинг ўтган олти ой давомида бевосита 42 та, сайёр қабулларда 75 та, Ишонч телефони орқали 54 та, «business.gov.uz» портали орқали 37 та, Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси орқали 2 та, жами бўлиб, 232 та масалани ўз ичига қамраб олган 210 та мурожаатлар қайд этилган.

Соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, уларнинг деярли тенг ярми, яъни 112 тасидан ошиғи кредит масалаларига, 21 таси ер ажратиш масалаларига боғлиқ. Шунингдек, солиқ қонунчилигига оид, инфратузилма тармоқларига уланиш, рухсатнома ва лицензиялар олиш каби бошқа масалалардаги мурожаатлар ҳам мавжуд.

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига Жиззах шаҳридаги Бош вазир қабулхонаси томонидан мутасадди идораларга юборилган мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун киритилган 3 та тақдимномаларга мувофиқ 2 та мутасадди идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари интизомий жавобгарликка тортилган.

Жумладан 1 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган, 2 нафар ходимга “Ҳайфсан” эълон қилинган (АТБ “Агробанк” Жиззах вилоят ҳудудий филиалининг 1 нафар, АТБ “Микрокредитбанк” Жиззах вилоят филиалининг 2 нафар). Шунингдек, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг сессияларида мунтазам равишда танқидий муҳокама қилиб борилишига қарамай, жорий йил давомида тадбиркорларни қийнаб келаётган долзарб масалалар, уларнинг ҳал этилиши ҳолати, тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотлар ва таҳлиллар натижасига кўра, бу борада ҳамон жиддий муаммолар мавжуд.

Хусусан, банк муассасалари ҳамда уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар яхши йўлга қўйилмаганлиги сабабли тижорат банкалари устидан мурожаатлар кўпаймоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки,жорий йилнинг 1 июль ҳолатига Жиззах шаҳридаги Бош вазир қабулхонасига келиб тушган 210 та мурожаатларни кўриб чиқишда 232 та масаладан 20 тасида мутасадди давлат органлари томонидан асоссиз муддатлар бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Мисол учун, АТБ “Агробанк” Жиззах вилоят ҳудудий филиали томонидан кўриб чиқилган жами 24 та масаладан 4 тасининг 7 кунлик муддати 1 кундан 6 кунгача ўтиб бажарилган.

“Микрокредитбанк” АТБ Жиззах вилоят шаҳар амалиёт бўлими томонидан кўриб чиқилган жами 25 та масаладан5 тасининг 7 кунлик муддати 1 кундан
2 кунгача ўтиб бажарилган.

Кадастр агентлиги Жиззах шаҳар бўлими томонидан кўриб чиқилган
1 та масала 7 кунлик муддатдан 4 кун ўтиб ёпилган.

Жиззах шаҳар прокуратурси томонидан кўриб чиқилган 2 та масала 7 кунлик муддатдан 1 кун ўтиб ёпилган.

Бу каби салбий ҳолатлар мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслик тадбиркорларнинг фаолиятида иш самарадорлигига таъсир этмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқий тушунтириш берилган 45 та мурожаатларнинг аксарият қисмини қонунчилик талаблари асосида ҳал этиш имкони бўлишига қарамай, айрим масъул идоралар томонидан мурожаатлар юзаки ўрганилиб, тадбиркорларга фақатгина тушунтириш бериш билан кифояланган.

Яъни, масъул идоралар раҳбарлари ўзларининг функционал вазифаларини тўлақонли бажармаслиги оқибатида тадбиркорлар фаолиятлари давомида турли муаммоларга дуч келмоқдалар.

Бундан ташқари тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан мурожжатларни чуқур ўрганилмаганлиги сабабли тадбиркорлар томонидан такрорий мурожаатлар  тушмоқда.

Мисол учун, Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига жами 5 нафар тадбиркор ва фуқаролардан 12 маротаба такрорий мурожаат келиб тушган.

Шундан, - Жиззах шаҳар ҳокимлигига “ОБОД ТОШЛОҚ” МЧЖ раҳбари Ҳайдаров  Баҳодир томонидан 3 маротаба, “Афият Икром” О/К раҳбари Иномов Икром томонидан 2 маротаба ҳамда Фозилов Озод томонидан
2 маротаба;

- АТБ “Агробанк” Жиззах вилоят ҳудудий филиалига “MAGDALENA PLUS” Х/К раҳбари Қазақова Бахти томонидан 2 маротаба;

- АТ “Халқ банки” Жиззах вилояти шаҳар амалиёт бўлимига Камолова Марғубадан 3 маротаба мурожаатлар келиб тушган.

Мурожаатларга мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан юзаки қараганлиги  тадбиркорларнинг норозилигига олиб келмоқда.

Мисол учун, Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан фуқаро Фозилов Озоднинг мурожаатини юзаки ўрганиш натижасида О.Фозилов такрор мурожаат қилган.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан “JIZZAX SIFATLI NON” О/К раҳбари Эргашев Отабек Комил ўғлининг корхонаси 6 ойдан буён фаолиятсиз, фонддан 2 тонна ун олса корхонани фаолиятини тиклаш ҳақидаги мурожаатини ҳал этиш имкони бўла туриб, тушунтириш бериш билан чекланган.

АТБ “Агробанк” Жиззах вилоят ҳудудий филиали Уринбоев Салоҳиддин Муҳиддин ўғлининг “Ҳар бир оила-тадбикор” Давлат дастури доирасида Компютер хизматлари учун 30 млн. сўм миқдорида кредит ажратиш ҳақидаги мурожаатини ҳал этиш имкони бўла туриб, тушунтириш бериш билан ёпилган.

Кадастр агентлиги Жиззах шаҳар бўлими “Эльшодбек Бехрузбек барака” МЧЖ раҳбари Холмирзаев Дилшоднинг аукцион орқали ер майдонини сотиб олиш учун мурожаатчи таклиф қилган ерларни бориб кўрмаётганлигини ва аукционга қўйиш учун комиссияга киритиш ҳақидаги мурожаатни ҳал этиш имкони бўла туриб, тушунтириш бериш билан чегараланган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги
ПФ-5718-сонли Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасидан келиб тушадиган мурожаатлар билан ишлашда давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбар ва масъул ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш, бу борада йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини қабул қилиш, уларнинг ёзма, оғзаки ва электрон тарздаги мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш  муҳим вазифа ҳисобланади.

Шу ўринда, хўш, юзага келган бу камчиликларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда, деган савол туғилиши табиий.

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг 2021 йил 16 июлда бўлиб ўтган  сессиясида бу масала юзасидан алоҳида қарор қабул қилинди. Шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари ва чет эл инвесторларининг мурожаатларини кўриб чиқилишида йўл қўйилган камчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари танқидий таҳлил қилинди.Уларни бартараф этиш, келгусида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бу соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ойда шаҳар Кенгашига ахборот бериб бориш, тадбиркорлар мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш, муаммоларни бартараф қилиш бўйича ишларнинг қатъий ҳисоби юритилиб, ҳар ҳафтада бир маротаба ушбу масала шаҳар ҳокимлигининг идоравий йиғилишларида батафсил муҳокама қилиб бориш белгилаб олинди.

Шунингдек, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг доимий комиссияларида Жиззах шаҳар ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, давлат органлари, корхона, ташкилотларда тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқишда мансабдор шахслар ва масъул ходимларнинг жавобгарлигини кўриб чиқиш мақсадида ҳар ойда муҳокама этиб, раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитиб бориладиган бўлди.

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқишни 7 кунлик муддатдан кечиктириб бажаргани ва Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан юборилган тадбиркорлар мурожаатларини ижобий ҳал этмагани сабабли “Микрокредитбанк” АТБ Жиззах шаҳар амалиёт бўлимига чора кўриш учун Жиззах шаҳар Прокуратурасига тақдимнома киритилди.

Айнан шундай сабабга кўра,АТБ “Агробанк” Жиззах шаҳар амалиёт бўлимига чора кўриш учун АТБ “Агробанк” Жиззах вилоят ҳудудий филиалига тақдимнома киритилди.

Айни пайтда Жиззах шаҳар Прокуратураси томонидан юқорида қайд этилган ҳолатлар ҳамда келиб тушган такрорий мурожаатларни таҳлил қилган ҳолда мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли тартибда интизоий жазо чоралари кўрилган.

Фаррух Султонов

Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини

кўриб чиқиш қабулхонаси мудири

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!