» » Жиззахда Миллий кадрлар захираси шакллантирилмоқда

Жиззахда Миллий кадрлар захираси шакллантирилмоқда

10 август 2021 г 714 Комментарии: 0

Мамлакатимизда кадрлар сиёсатини юритишда тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.

Чунки, илгари давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органнинг мавжуд эмаслиги давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини олиб бориш, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ва улар томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимлари ўз вақтида эгалланишида бир қатор муаммолар мавжуд эди.

Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш борасида дастлабки қадамлар қўйилган эди.

Ушбу фармон асосида Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштиришга оид биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, миллий кадрлар захираси, вакант лавозимлар ва уларга тайинлаш учун ўтказилаётган танловлар, давлат органлари ва ташкилотларининг сон ва сифат таркиби тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш учун давлат фуқаролик хизматининг ягона электрон ахборот-таҳлил тизимини яратиш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, истиқболли кадрларни миллий кадрлар резервига қўшиш учун танлов саралаш ишлариларини ташкил қилиш, танлов саралашлари натижалари ва давлат органлари, ташкилотларининг кадрлар захирасини интеграциялаш асосида миллий кадрлар захирасини шакллантириш, истиқболли давлат фуқаролик хизматчилари ва миллий кадрлар захирасига киритилган шахсларнинг, шу жумладан хорижий стажировкаларини ташкил этиш бўйича миллий ва тармоқ дастурларини амалга ошириш вазифалари белгиланган.

Бундан кўринадики, кадрларнинг амалий захирасини шакллантириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг муҳим масалаларини ўз ичига оладиган мақсадли дастурни ишлаб чиқиш бугунги куннинг асосий талабларидан бири ҳисобланади.

Янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқишни давлат фуқаролик хизматида кадрлар захирасини шакллантиришнинг устувор йўналишларини илмий-амалий жиҳатдан тадқиқ этиш, миллий, республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда профессионал тайёрланган самарали кадрлар захирасини шакллантириш, давлат фуқаролик хизматига энг малакали номзодларни саралаб олиш учун миллий кадрлар захирасини бошқариш бўйича масъул орган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига юклатилган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириғига мувофиқ, Агентликнинг Жиззах вилояти филиали томонидан 85 нафар раҳбар ходим, жумладан 7 нафар вилоят ҳокими ўринбосари, 6 нафар котибият мудири, 13 нафар туман ва шаҳар ҳокими ҳамда 59 нафар ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари учун истиқболли кадрларни Миллий кадрлар захирасига саралаб олиш мақсадида махсус саралаш синовлари ташкил этилди.

Мазкур саралаш жараёнлари 3 босқичдан иборат бўлиб, жорий йилнинг 3-6 август кунлари, режа-график асосида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали биносида карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилди.

Синов жараёнларида замонавий ахборот тизимлари ва илғор методлардан фойдаланилди. Жумладан, Агентлик томонидан яратилган “test.argos.uz” платформаси ёрдамида номзодларнинг билим даражаси ва психологик ҳолати синовдан ўтказилди.

Дастлабки босқичда номзодларнинг иш фаолияти ва умумий шахсий маълумотлари баҳоланиб, унда махсус белгиланган баҳолаш меъзонлари асосида ҳар бир номзод учун балл берилди. Иккинчи босқичда, номзодларнинг билими, ақлий салоҳияти, психологик ҳолати ва бошқарув маҳорати, қарор қабул қилишда тезкорлиги, вақтдан унумли фойдаланиши ҳамда стрессга бардошлилиги синовдан ўтказилди. Айни пайтда Агентлик масъул ходимлари томонидан ушбу синов натижалари таҳлил қилиб чиқилмоқда.

Ўтказилган синовлар натижаларига кўра, ижобий натижага эга бўлган номзодлар суҳбат босқичида иштирок этади. Шундан сўнг, барча жиҳатларга кўра номзодларнинг умумий баллари ҳисоблаб чиқилади ва энг яхши кўрсаткичга эга бўлган номзодлар Миллий кадрлар захирасига киритилади.

Республикамизнинг барча ҳудудларида Миллий кадрлар захирасини шакллантириш учун ташкил этилаётган синовлар Агентлик ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан мустақиллик, одиллик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга ошириб келинмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад, давлат фуқаролик хизматида билимли, сиёсий ва ижтимоий фаол, халқ манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўядиган, ҳалол ва жонкуяр, дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, муаммоли вазиятларда тўғри қарорлар қабул қила оладиган ёш масъулиятли номзодларни шакллантиришдир.

Бахтиёр Бобояров,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Жиззах вилояти филиали етакчи инспектори

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!