» » “Тўйдан олдин ноғора чалманг!” қадрли ҳамкасблар

“Тўйдан олдин ноғора чалманг!” қадрли ҳамкасблар

06 сентябрь 2021 г 975 Комментарии: 0

Шов-шувлар ва ҳақиқат

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Жиззах вилояти Фориш тумани 2-сектор ҳудудидаги “Гараша” маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари номидан “Маҳаллада лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган ишлар тўлиқ бажарилдими?” сарлавҳали мурожаат кўпчиликни эътиборини тортди.

Унда: “Гараша” МФЙ 2-сектор, туман прокурори сектори ҳисобланади. Қишлоғимизнинг долзарб муаммоси бу – йўлдир. Йил бошида йўл таъмирини бошлаб, чала қолдириб кетишди. Холбуки, 2021 йил “Обод – маҳалла” дастурига киритилган. Аммо лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган ишлар тўлиқ бажарилмади. Мехоям қишлоғи йўли (2-3 км.) ва кўприклар таъмирланди. “Гараша” МФЙ марказидан Самарқанд вилоятига туташувчи 8 км. йўл ҳали-ҳануз абгор ҳолда.

Айрим маиший хизмат бинолари фуқаролар шахсий маблағи ҳисобидан қурилмоқда. Ахир давлатимиз маблағ ажратмоқда-ку. Бу ҳол Муҳтарам Президентимизнинг халқни рози қилиш сиёсатига тўғри келмайди. Юқори ташкилотлар текширув ўтказишларини сўраймиз”, дея мурожаат қилинган.

Бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин ёки йироқлигини аниқлик киритиш мақсадида Фориш туманидаги бир қатор мутасаддилар билан учрашиб, масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

– Айни кунларда ҳам туманимиздаги “Гараша” маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури доирасида қурилиш-бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар маҳалла аҳолисини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида эскирган трансфарматорлар ўрнига янги трансфарматорлар, чириган симёғочлар ўрнига темир бетон таянчлар ўрнатилиб, ҳаво тармоқлари алмаштирилди, – дейди Фориш тумани ҳокимининг саноат, қурилиш, коммуникация ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Фаррух Амиров. – Маҳалла ҳудудидаги кўприклар, ёрдамчи хўжалик бинолари, аҳолининг ўз кучи билан эса ўзларининг ҳовли-жойлари таъмирланди. Маҳаллий тадбиркорлар томонидан савдо, хизмат кўрсатиш шахобчалари, наввойхона ва бошқа маиший объектлар қурилмоқда.

“Мехоям”  қишлоғига олиб борувчи тоғ йўли кенгайтирилиб, шағал ётқизилди. Дастур доирасида маҳалла биноси бунёд этилмоқда. Бунинг барчаси халққа қулайлик яратиш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилганидан кўз юммаслик керак.

Бугунги кунда айрим юртдошларимиз халқимизнинг “сомон есанг ҳам сир берма” деган ибратли гапини унутиб, турли ижтимоий тармоқлар орқали бўлаётган ишни бўлмади деб, шундай қилса гўё четдан келиб биров қилиб берадигандай аюҳаннос солаётгани кишини ранжитади.

Давлатимиз раҳбари бугунги оғир пандемия шароитида ҳам халқимизни ўйлаб, давлат бюджетидан ҳам соғлигимиз, ҳам маҳалла ва қишлоқларимиз ободлиги учун маблағ сарфлаётганини ўзи бир жасорат эмасми? Қачонгача, айрим юртдошларимиз буни кўриб, кўрмаганга, билиб, билмаганга олиб юради? Мамлакатимизда ўтган ўттиз йил давомида амалга оширилган асрларга татигулик ишларни четдан биров келиб эмас, давлатимизнинг қатъий сиёсати, халқимизнинг меҳнати билан амалга оширилдику, ахир.

– Мурожаатда, “Айрим маиший хизмат бинолари фуқароларнинг шахсий маблағи ҳисобидан қурилмоқда”, деган жумлалар бор. Бунда мурожаатчилар нимани назарда тутяпти?

– Бу бинолар тадбиркорлар томонидан қурилаётган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, – дейди туман ҳокими ўринбосари Фаррух Амиров. – Давлат ҳеч кимга “Савдо ёки маиший хизмат биноси қуриб бераман”, деб кафиллик олмаганку. “Обод қишлоқ” дастурида тадбиркорга бундай бино қурилиши учун бюджетдан маблағ ажратиш кўзда тутилмаган ҳам. Давлат – тадбиркорга савдо ёки маиший бино қуриши учун ер ажратиб беради. Тадбиркор керакли смета ҳужжатларини тайёрлаб, бинони банк кредити ёки ўз маблағи ҳисобидан ўзи қуради. Ва шу бино унинг умрбод мулки бўлиб қолади. Ундан келадиган фойдани ҳам эртага ўзи олади.

– Мурожаатда “Гараша” МФЙ марказидан Самарқанд вилоятига туташувчи 8 километрлик йўл ҳали-ҳануз абгор ҳолда” деган жумлаларга кўзимиз тушди.

– Мен ҳам худди шу жумлаларни ўқиб, ҳайрон қолдим, ахир, бирор бир жой ҳақида муаммони кўтараётган ҳар қандай ижтимоий тармоқ, келиб, кўриб, ўрганиб, ўша ишни амалга ошириш муддатини аниқлаб, кейин нашр этиши керак эмасми? – дейди туман “Ободонлаштириш” бошқармаси бошлиғи Хуршид Жўрақулов. – Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2022 йилларда Жиззах вилояти шароити оғир маҳаллаларида муҳандислик коммуникация инфратузилмаси ва ижтимоий соҳа объектлари аҳволини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 308-қарорига асосан “Гараша” маҳалласидан Кориз қишлоғи орқали ўтиб, Самарқанд вилояти чегарасига туташувчи 8 километр йўлига шағал ётқизиш ишлари белгиланган. Бунга бош буюртмачи этиб, “Жиззах минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК тайинланган. Айни кунда йўлни текислаб, шағал ётқизиш учун 800 миллион сўм маблағ ажратилган. Лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланиб, экспертизадан ўтказилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг юқорида баён этилган қарорига асосан “Қараабдол – Гараша” автомобил йўлининг Илонли қишлоғидан Гараша маҳалласигача бўлган 4 километр қисми ҳам таъмирланиб, асфальт қоплама ётқизилади. Бунинг учун 2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бунга ҳам бош буюртмачи этиб, “Жиззах минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК тайинланган. Лойиҳа смета хужжатлари тайёрланиб, экспертизадан ўтказилган.

– Халқимизда яхшиликни – яхшиликни билганларга қилмасанг жамиятга ёмонлик қилган бўласан, деган ҳикматли гап бор, – дейди Фориш тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Рашид Каримов. – Юқоридагилардан кўриниб турибдики, амалга ошириладиган ишларни ҳеч ким четдан келиб белгилаб ҳам, қилиб ҳам бермайди. Шундай экан, тўйдан олдин ноғора чалмай, борига барака, берганига шукур деб турганга нима етсин.

Биз ижтимоий тармоқларда Фориш тумани “Гараша” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳолат юзасидан берилган мурожаат юзасидан асил ҳолат бўйича тумандаги бир қатор мутасаддиларнинг муносабатини бердик.

ЎзА, бундан кейин ҳам, асил ҳолат ва вазяитни ўрганмай ижтимоий тармоқларда нохолисона ёритилаётган турли чиқишларга ўз муносабатини билдиришда давом этади.

Зеро, форишлик ҳамкасбимиз Рашид ака Каримов айтганларидек, “Тўйдан олдин ноғора чалишга шошилмайлик, ҳурматли ижтимоий тармоқлардаги ҳамкасблар.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!