» » ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ

10 ноябрь 2021 г 1 590 Комментарии: 0

Дунёда байрамлар, қутлуғ саналар кўп. Уларнинг ҳар бири ўз тарихига, анъаналари ва мазмун-моҳиятига эга. Мустақиллик йилларида, айниқса сўнгги беш йилда улар ёнига бунёдкорлик ва янгиланиш жараёнларига тўйинган янги тарихий кунлар ҳамда саналар қўшилди, десак муболаҳа бўлмайди.

11 ноябрь куни ана шундай тарихий саналардан бири сифатида Янги Ўзбекистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилганига ҳам мана бир йил тўлди. 2020 йил 11 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи бўлиб ўтган ва унга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қудратилла Мирсагатович Рафиков раислик қилган эди.

Қурултойда даставвал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойи иштирокчиларига табриги” Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан ўқиб эшиттирилди.

Мустақил Ўзбекистон тарихида Давлат раҳбари томонидан касаба уюшмалари Қурултойи қатнашчиларига илк маротаба йўлланган мазкур табрикда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги улкан ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Республикамизда        “11 ноябрь” санасини касаба уюшмалари куни, деб белгилаш, шунингдек, соҳа учун замонавий билим ва малакага эга бўлган, ижтимоий муносабатлар назарияси ва амалиётини, бу борадаги халқаро тажрибани пухта биладиган етук кадрларни тайёрлаш мақсадида касаба уюшмалари Академиясини ташкил этиш таклифлари билдирилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг бу таклифлари беш ярим миллиондан ортиқ касаба уюшмаси аъзоларининг ҳар бири учун унутилмас воқелик бўлди.

Шулар ҳақида мушоҳада юритар эканмиз, Ўзбекистонда шаклланган Янги тизим – ҳалқимизни бахтли қилиш тизими ўзини тўла оқлаётганини, мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишларидаги тизимли саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг равишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан самарали ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Хусусан, ўтган даврда Янги Ўзбекистоннинг Янги Касаба уюшмалари шаклланди, дейишга тўла асослар бор. Касаба уюшмаларининг янги ҳуқуқий асослари жадал ривожланди. 2019 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши касаба уюшмалари ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди. Бу ҳужжат “Халқаро меҳнат ташкилоти” томонидан юксак эътироф этилди.

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун асосида касаба уюшма инспекциялари қайта тикланди. Бугунги кунда касаба уюшма инспекциялари жамоатчилик назоратининг самарали воситаси сифатида, ишчилар мурожаатларини ўрганиш ва тезкор кўриб чиқиш юзасидан тизили ишларни амалга оширмоқдалар

Мамлакатимиз ҳаётидаги тарихий воқеа, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбарининг қилган маърузасида келгуси беш йилда Янги Ўзбекистонни бунёд этишдек улуғвор мақсадни амалга оширишнинг устивор йўналишлари белгилаб берилди.

“Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилган ушбу тараққиёт стратегиясини амалга оширишда Янги Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ўрни бўлиши шубҳасиз.

Хусусан, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашиш, ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасидаги вазифалар, касаба уюшмалари ва меҳнат бозори, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ишларини ташкил этиш, норматив негизини мустаҳкамлаш, касаба уюшмалари инспекцияларининг жамоатчилик назорати соҳасида истиқболли вазифалари, камбағалликни камайтириш, аҳолини, айниқса аёллар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг махсус чораларини қўллаш, ходимларнинг маънавиятини юксалтириш, уларни оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, касаба уюшмалари фаолиятини ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро фаолият борасида касаба уюшмалари олдида турган устувор вазифалар шулар жумласидан.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги байрам, 11 ноябрь – “Касаба уюшмалари куни” билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва барча касаба уюшмалари ташкилотлари ходимларини чин қалбдан табриклар эканмиз, уларга сиҳат-саломатлик, Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ ишда ғайрат ва фаоллик тилаб қоламиз.  

Эркин ХОЛМАТОВ,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги

O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!