» » Медиа мактаб: Тошкент, Жиззах, Сирдарёда фаолият юритувчи журналист ва блогерлар учун навбатдаги тренинглар бошланди

Медиа мактаб: Тошкент, Жиззах, Сирдарёда фаолият юритувчи журналист ва блогерлар учун навбатдаги тренинглар бошланди

17 ноябрь 2021 г 754 Комментарии: 0

Юксалиш” умуммиллий ҳаракати республикамиз бўйлаб журналист ва блогерлар малакасини  оширишга кўмаклашишда давом этади. Навбатдаги — учинчи медиа мактаб тренинглари Тошкент вилоятида бошланди. Унда Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритувчи журналист ва блогерлар иштирок этмоқда.

Уч кун мобайнида Замонавий журналистикани ривожлантириш марказининг тренерлари Саида Сулайманова ҳамда Эмиль Фахреев томонидан мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда аудитория учун қизиқарли контент яратиш, муаллифлик материалига кенг оммани жалб қилиш, SMM-фаолият ва унинг базавий тушунчалари, визуализация воситалари, ижтимоий тармоқларда саҳифа юритиш, инфографикалар яратиш ва бошқа мавзуларда ҳам ўқув, ҳам амалий машғулотлар ўтилиши режалаштирилган.

Мақсад — ОАВ вакилларини қўллаб-қувватлаш, журналист ва блогерларнинг ижтимоий тармоқлар учун сифатли ва қизиқарли контент яратиш бўйича салоҳиятини оширишга, замонавий технологиялар, дастурий таъминот тўпламларидан фойдаланган ҳолда маълумотларни визуализация қилиш (инфографикалар тайёрлаш)га, материалларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш борасида билим ва кўникмаларини оширишга кўмаклашиш.

Бобур Бекмуродов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси:

— Медиа мактаб лойиҳаси ҳудудлардаги жамоатчилик фаоллари, фаол фуқаролар, журналист ва блогерлар салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Давлат раҳбари сўз эркинлигини таъминлаш, эркин ва фаровон жамият қуриш – танлаган ҳамда ортга қайтмайдиган йўлимиз эканини кўп таъкидлайди. Бунинг учун албатта, конструктив ахборот майдони керак. Бу майдон иштирокчилари эса профессионал журналистлардир. Шунинг учун у қанча кенг бўлса, қанча профессионал бўлса, етук жамиятни қура оламиз. ОАВ вакилларининг ҳар қандай таклифларини тинглашга, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Келгусида профессинал фаолиятингизни янада юксалтириш учун халқаро даражадаги тренерларни ҳам жалб қилишни мақсад қилганмиз.

Ронни Хайне, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси вакили:

— Кейинги беш йил давомида минтақа давлатлари орасида Ўзбекистонда юз бераётган жадал ислоҳотларга ҳамроҳлик қилиб келаётганимиздан хурсандмиз. Бунда турли давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келаямиз. Энг яқин ҳамкоримиз “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг “Журналист ва блогерлар медиа мактаби” лойиҳаси анъанага айланиб улгурди. Ҳар қандай жамиятни ривожлантирувчи куч бу – ОАВдир. Глобаллшув ва техника тараққиёти даврида ижтимоий тармоқларнинг аҳамияти кучайиб бормоқда. Одамлар ахборотни кўпроқ тармоқлардаги каналлар, саҳифалар, блоглар орқали олаяпти. Лекин хабарлар оқими кенг, улар орасида тўғри ва нотўғри (фейк) хабарлар ҳам бор. Уларни оддий ўқувчилар ажратолмаслиги, фейкларга эргашиб кетиши мумкин. Шунинг учун ўз канали, блогини очиб, фаолият юритаётган журналистлар зиммасида катта масъулият ётади. Фикр эркинлиги бу – хоҳлаган гапни гапириш эмас, балки зиммасида масъулиятни ҳис қилишдир. Яъни хабарни ҳар томонлама текшириб тарқатиш масъулияти ётади. Бугун тренерлар ёрдамида ўқувчига ахборотни тўғри етказишнинг интерактив усулларини ўзлаштирасиз, деган умиддамиз.

Эслатиб ўтамиз: Мазкур лойиҳа “Юксалиш” умумиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилмоқда. Йил бошидан Журналист ва блогерлар мактаби иккита ҳудудда: март ойида Фарғона шаҳрида, май ойида Урганч шаҳрида ташкил этилди. Уларда  44 нафар маҳаллий журналист ва блогерлар ўз билимларини оширди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!