» » Шароф Рашидов туманида профилактик ва назорат тадбирлари ўтказилди

Шароф Рашидов туманида профилактик ва назорат тадбирлари ўтказилди

15 декабрь 2021 г 631 Комментарии: 0

Ҳар йили куз-қиш мавсуми давомида электр, газ ёки бошқа ёқилғида ишлайдиган иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш, оловдан эҳтиётсизлик оқибатида ёнғин, чақнаш ва ис газидан заҳарланиш каби кўнгилсиз ҳолатлар кўплаб учрайди.

Бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Соҳа ходимлари томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари билан бир қаторда рейд тадбирлари ташкил етилиб, хавфсизлик қоидаларини мунтазам равишда бузаётган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, вилоятнинг Шароф Рашидов туманида ўтказилган ўрганишлар давомида ҳам бир қатор камчиликлар аниқланди.

Туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими биноси шундоқ ҳам таъмирталаб ҳолатга келиб қолган, бунинг устига хавфсизлик талаблари қўпол равишда бузилмоқда. Бино ичида носоз газ плитасидан фойдаланилмоқда, унга мўрикон ўрнатилмаган. Оқибатда зарарли тутун ва ёниш маҳсулотлари хона ичига тарқалмоқда. Иситиш тизими ўрнатилган хона қулфлаб қўйилган бўлса, унинг ичидаги печлар мавсум олдидан кўрикдан ўтказилмаган, мўрилар тозаланмаган, омонатгина ўрнатилган бу ускуналардан ис гази сизиб чиқиши табиий. Ушбу хона бир вақтнинг ўзида кераксиз нарсалар турадиган омборхона вазифасини ҳам ўтамоқда. Бино ҳудудида вақтинчалик ўрнатилган ва носоз электр симларини учратиш мумкин. Ёнғин сабабчилари ҳисобланадиган бу каби омиллар етарлича бўлгани ҳолда бирорта ёнғин ўчириш қалқони ёки ўт ўчиргич юқлигини қандай тушуниш мумкин?! Аниқланган ҳолатлар бўйича бўлим мудири Улуғбек Маматқуловга маълумот берилиб, камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилди.

24-сонли умумий ўрта тълим мактабида ҳам аҳвол яхши эмас. Мутасаддилар томонидан ёнғин ўчириш қалқони тайёр ҳолатда дейилса-да, амалда ёнғин ўчиргичлар ишчи ҳолатда емаслиги маълум бўлди, ёнғинга қарши сув ҳовузи ҳам қаровсиз қолдирилган. Бинонинг эвакуация режаси номига қилинган бўлиб, унда ёнғин ўчиргич, электр қалқони ўрнатилган жой ҳамда бошқа муҳим белгилар кўрсатилмаган. Синф хоналарида юқори кучланишли электр симлари очиқ ҳолатда турибди. Болаларнинг таълим-тарбияси ҳамда хавфсизлигига жавобгар шахсларнинг бу ҳолатга бефарқлиги кишини ҳайратга солади.

Юқоридаги каби камчиликларни 33-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам кўриш мумкин. Ёнғинга қарши сув ҳовузлари қаровсиз ҳолатда, ҳимоя панжаралари бузилган. Мактаб мутасаддилари бу масаладан хабардорлигини, аммо уни бартараф этишга вақт юқлигини иддао қилишди. Мактабнинг иситиш тизими жойлашган хонада чиқиндилар сақланмоқда, мўри ўрнатилмаган. Бу ҳам ўз навбатида ёнғин хавфини оширади. Бирламчи ёнғин ўчириш воситалари қувватлантирилмаган, носоз ҳолатга келиб қолган. Бу ерда ҳам бинонинг эвакуация режалари номига қўйилганлигига, ундан бирор фойдали маълумот олишнинг имкони юқлигига гувоҳ бўлдик. Аниқланган ҳолатлар бўйича муассаса раҳбарлари огоҳлартирилиб, камчиликларни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилди.

М39 Тошкент-Термиз автомобил юлининг Жиззах вилояти ҳудудидан ўтган қисмида ўнлаб умумий овқатланиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Тадбиркорлик қилган яхши, аммо, ҳар жабҳада инсон хавфсизлиги таъминланмоғи лозим. Ўрганишлар давомида аксарият тадбиркорлар бу масалага панжа остидан қараётганлигини кўрсатди. Хусусан, мазкур ҳудудда жойлашган ошхоналарнинг бирида печнинг мўрикони аллақачон узилган, уни жойига ўрнатиш эса ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган. Шохобчада, овқат тайёрлаш мақсадида 100 лирт сиғимли 4 та газ баллондан фойдаланилмоқда. Хавфсизлик нуқтаи назардан ишончсизлиги туфайли фойдаланишдан чиқарилган капрон газ баллонлари шундоққина бинонинг ён қисмига, очиқ ерга ўрнатилган, ёғингарчиликдан ҳимояланмаган, боз устига юк автомобилига ҳам тўғридан-тўғри улаб қўйилган. Бу ҳам етмагандек, газ баллонлар олдига қўлбола электр иситгичлар қўйилган. Мутасаддилар буни табиий газ музлаб қолмаслиги учун қилинганлиги билан изоҳлашди. Аммо, бироз мулоҳаза қилган ҳар қандай инсон бу ерда ёнғин ва портлаш бўлиши учун ҳамма шароитлар “муҳайё” қилинганини англаб етиши мумкин. Бўлмаса, шундоқ ҳам портлаш хавфи бўлган газ баллоннинг олдига юқори кучланишли електр симларини олиб келиш кимнинг ҳам ақлига сиғарди? Аниқланган камчиликлар бўйича қонуний чоралар кўрилмоқда.

Профилактик тадбирлар аҳоли яшаш хонадонларида ҳам давом эттирилди. Туманнинг Осиё кўчасида жойлашган аҳоли хонадонлари кўздан кечирилганида қўлбола иситиш печлари ва носоз газ плитасидан фойдаланилаётганлиги, шунингдек, газ таъминотига резина шланг орқали уланиш ҳолатлари аниқланди. Мутахассислар томонидан аниқланган камчиликларни дарҳол бартараф этиш чоралари кўрилиб, хонадон соҳибларига хавфсизлиги талаблари батафсил тушунтирилди.

Бу каби профилактик ва назорат тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилмоқда.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!