» » Жиззахда “Адабиёт кунлари” ўтказилди

Жиззахда “Адабиёт кунлари” ўтказилди

27 декабрь 2021 г 706 Комментарии: 0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва унинг вилоят бўлими томонидан Жиззахда “Адабиёт кунлари” ўтказилди. Унда китоб тақдимотлари, ижодкорлар билан учрашувлар ёхуд марҳум шоир ва ёзувчиларни хотирлаш тадбирлари ўтказилди.

Икки кун давом этган тадбирда дастлаб Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним муҳаббат ва садоқати рамзи бўлган ҳайкал пойига гул қўйилди. Ҳар икки адибнинг хотираси ёд этилди.

Сўнгра “Адабиёт кунлари” доирасида ташкил этилган тадбирнинг тантанали қисми Жиззах вилоят мусиқали драма театрида давом эттирилиб, унда таниқли шоир, публицист Эргаш Муҳаммад Аторуҳ таваллудининг 80 йиллиги тантанаси бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, таниқли шоир ва ёзувчилар, шоирнинг яқинлари, қариндошлари сўзга чиқиб, ижодкор ижоди ва ҳаёти ҳақида тўхталди.

Таниқли шоир ва публицист Эргаш Муҳаммад Аторуҳ Жиззах вилоятининг  Ғаллаорол туманидаги “Қоронғул” қишлоғида туғилган. 1954 йил шу қишлоқдаги Ҳамид Олимжон номидаги 12-сонли тўлиқсиз ўрта, сўнгра 1958 йил Жиззах шаҳридаги Нариманов номли 5-сонли умумий ўрта таълим мактабини тамомлаган.

Эргаш Муҳаммад меҳнат фаолиятини 1959 йил Жиззах шаҳрида жойлашган Самарқанд физика-геология қидирув экспедициясида бошлайди. 1965 йил Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетига ўқишга киради. 1970 йилда ушбу олийгоҳни тамомлагач, Тошкент вилоятининг “Тошкент ҳақиқати” газетасига адабий ходим бўлиб ишга қабул қилинади.

У 1981 йилдан 1990 йилгача “Гулистон” журналида адабий ходим, адабиёт ва санъат бўлими мудири, сиёсий бўлим мудири, маъсул котиб вазифаларида меҳнат қилади. 1990-1992 йилларда Ўзбекистон Республикаси “Адабиёт жамғармаси” директори вазифасида фаолият юритади. 1997 йилдан “Ўзбекистон автотранспорти” журнали бош муҳаррири вазифасида хизмат фаолиятини давом эттирган адиб 2000 йилда Ғаллаорол туманига, жонажон қишлоғига қайтиб келади.

Ижодкор айни пайтда қизғин  ижод  оғушида ва доимий ижодий изланишда.

Эргаш Муҳаммад Аторуҳ “Кунчиқар қўшиқлари”, “Заминга садоқат”, “Учинчи қутб”, “Учаётган қушлар”, “Мен туғилган уй”, “Ярадор юрак” номли китоблари билан аллақачон ўз ўқувчилари меҳрини қозониб бўлган.

Ижодий кечада адибнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Адиб ва жамият” рукни остида чоп этилган “Ярадор юрак” номли китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

“Адабиёт кунлари” давомида Ғаллаорол туманида туғилиб ўсган яна бир ёзувчи Сойим Исҳоқ ҳам Жиззахда меҳмон бўлиб ёшлар билан суҳбат қурди.

“Адабиёт кунлари”нинг иккинчи куни Шароф Рашидов туманидаги “Олмачи” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ҳарбийлар шаҳарчасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, жиззахлик иқтидорли шоира Меҳрибон Абдураҳмонованинг “Ватан, юрагимнинг уришин эшит” номли китоби тақдимоти ўтказилди.

– Таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирокидаги ижодий учрашувлар, китоб тақдимотлари замирида кенг жамоатчилик орасида бадиий адабиётни тарғиб қилиш, ёш авлод  қалбида чин инсоний фазилатларни камол топтириш, жонажон Ватанга, она халқига нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини юксалтиришдек улуғвор мақсадлар мужассам, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, иқтидорли шоира Меҳрибон Абдураҳмонова. – Шунингдек, вилоятимиз ёшлари ушбу заминда туғилиб, камол топиб, шиддат ва муҳаббат билан ижод қилаётган ёзувчи ва шоирларини яқиндан таниш, суҳбатларидан баҳраманд бўлишини таъминлашдан иборат.

Жиззах вилоятида 2 кун давомида ўтказилган “Адабиёт кунлари” иштирокчилар айниқса, жиззахлик ёш ижодкорларда улкан таассурот қолдирди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат)

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!