» » Жиззах магистрал электр тармоқлари филиалининг 2021 йил якунлари ҳамда 2022 йил режалари тўғрисида

Жиззах магистрал электр тармоқлари филиалининг 2021 йил якунлари ҳамда 2022 йил режалари тўғрисида

28 февраль 2022 г 789 Комментарии: 0

Эътиборингизга “Жиззах магистрал электр тармоқлари” филиалига қарашли 220/110/10 кВ кучланишли подстанцияларни модернизация ва реконструкция қилиш бўйича 2021 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим этамиз. 

Модернизация ишлари:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Магистрал тармоқлар подстанцияларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш” инвестиция лойиҳасини Жаҳон Банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 16 сентябрдаги ПҚ-3284-сонли қарорига асосан республика ҳудудида жойлашган “Ўзбекистон МЭТ” АЖ тасарруфидаги 22 та подстанцияларида электр қурилмаларини янгилаш вазифаларини бажариш кўзда тутилган. Ишларнинг якуни бўйича умумий қувват 2008,0 МВАга оширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати – 292,2 млн АҚШ доллари ҳисобида.

Шундан Жиззах вилоятига 1 та 220/110/10 кВли “Жиззах” подстанцияси учун – 8,5 млн АҚШ доллари ҳисобида маблағ ажратилган.

Ушбу лойиҳа доирасида маънан ва жисмонан эскирган электр қурилмаларини алмаштириш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:

Биринчи босқич лойиҳа доирасида 220/110/10 кВ “Жиззах” подстанциясида мавжуд 2х125 МВА автотрансформаторни 2х200 МВА автотрансформаторга алмаштириш ишлари бажарилди ва фойдаланишга топширилди.

Ёнғинга қарши сув қувурлари АТ-1 ва АТ-2 ларнинг атрофига тўлиқ ўрнатилди. Қувурлардаги сув йўлини очиш-ёпишга мўлжалланган зулфинлар ("задвижка"лар) жойлашадиган 2 та камера бўйича қурилиш ишлари якунланди. Шу билан бирга, 100 метр куб сиғимли мой йиғиш иншооти бўйича қурилиш ишлари якунланди.

220/110/10 кВли "Жиззах" подстанциясида 2021 йилда модернизация ишларини амалга ошириш учун 6 к-т 110 кВли элегазли ўчиргич, 18 дона 110 кВли ток трансформатори, 1 к-т 220 кВли элегазли ўчиргич, 3 дона 220 кВли ток трансформатори, 6 дона 220 кВли ўта кучланишли чеклаш қурилмаси, 12 дона 110 кВли ва 12 дона 10 кВли ўта кучланишни чеклаш қурилмалари тўлиқ ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги баённомаси ижросини таъминлаш, яъни Жиззах вилояти Зафаробод туманида барпо қилинаётган “Караман” сув омбори насос станциясининг ташқи электр таъминоти учун “Сарибозор” подстанциясидаги қуввати 63 МВА ли автотрансформаторларни қуввати 125 МВАли автотрансформаторларга алмаштириш, 110 кВ кучланишли очиқ тақсимловчи қурилмаларни (ОТҚ — ОРУ) кенгайтириш ҳамда 2 дона 110 кВ “Караман-1” ва “Караман-2” тармоқ бўлмаларини янгидан ўрнатиш режалаштирилган.

Шундан:

-  “Сарибозор” подстанциясидаги қуввати 63 МВА ли автотрансформаторларни қуввати 125 МВАли автотрансформаторларга алмаштириш ишлар тўлиқ якунланди ва ишга туширилди. Шунингдек, 12 дона ток трансформаторлари ҳам ўрнатилди.
- 220/110/10 кВ “Сарибозор” подстанциясида 110 кВ кучланишли очиқ тақсимловчи қурилмаларни (ОТҚ — ОРУ) кенгайтириш учун 16,3 минг метр куб хажмда ер ишлари амалга оширилди ва 2 дона 110 кВ тармоқ бўлмаларини (ячейкаларини) ўрнатиш бўйича зарур бўладиган электр ускуналар ҳамда материаллар тўлиқ олиб келинди ва ўрнатилди.
- Лойиҳа бўйича зарур бўладиган кабель маҳсулотлари ва занжирли арматураларни ўрнатиш ишлари бажарилди.
- Ерга улаш ишлари тўлиқ бажарилди ва лаборатория синовлари ўтказилди.
- Биринчи ва иккинчи ячейкада электр ускуналар тўлиқ ўрнатилди, ОПУга панеллар ўрнатилди ва кабель тортиш ишлари бажарилди.
- Мазкур объектда қурилиш-монтаж ишлари якунига етганлиги сабабли лойиҳа бўйича янгидан ўрнатилган электр ускуналарда реле ҳимояси ва автоматикасини созлаш (наладка) ишлари амалга оширилди.
- Ободонлаштириш ишлари бўйича лойиҳага асосан иккита ячейка ўрнатилган ҳудудга 720 метр куб ҳажмда майдаланган тош бўлаклари (шебень) ташланди ва текислаш ишлари олиб борилди ҳамда бетон маҳсулотидан йўлак қилиш ишлари тўлиқ бажарилди. 2021 йилнинг март ойи якуни билан маркур объект тўлиқ фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 9 ноябрдаги  698-сонли қарорининг 14-бандида Жиззах вилоятининг Зомин, Зарбдор, Шароф Рашидов ва Сирдарё вилоятининг Сардоба ҳамда Хавос туманларида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида Зарбдор туман “Оқар” ҚФЙ ҳудудида жойлашган 110 кВли “ДНС-2” подстанциясини 220 кВ га ўзгартириш ҳамда ушбу подстанцияни 220 кВли ҳаво тармоғи орқали мавжуд “Гўзал” подстанциясига улаш белгиланган.

Мазкур объектнинг лойиҳа қиймати 65,4 млрд.сўмни ташкил этиб, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ маблағи ҳисобидан молиялаштириш орқали амалга оширилади.

  Ушбу “ДНС-2” подстанциясида 110 кВли 1 дона 40 МВА ли ва 1 дона 63 МВА ли ишлаб турган трансформаторлар модернизация ишларини амалга ошириш орқали ушбу 110 кВли трансформаторлар 220 кВли 2 дона 125 МВА ли автотрансформаторларга алмаштирилади. Натижада подстанцияга 147 МВА қўшимча қувват қўшилади, подстанциянинг жами қуввати 250 МВА бўлади.

    Ҳозирги кунда 2 дона 125 МВА ли автотрансформатор олиб келинган ва ўрнатилган. Шу билан бирга, 110 кВли очиқ тақсимлаш қурилмасида қурилиш ишлари якунланди ва 16 жамланма мойли ўчиргичлар ҳамда 20 дона ажратгичлар ўрнатилди. Қолган ускуналарни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

220 кВли очиқ тақсимлаш қурилмасида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Порталларни ўрнатиш ва шина тортиш ишлари якунланди.

3 жамланма 220 кВ ли мойли ўчиргичлар ва 10 жамланма ажратгичлар ўрнатилди. Олиб келинган электр ускуналари режага мувофиқ босқичма-босқич ўрнатилмоқда.

 Шу билан бирга, подстанцияга 12 та реле ҳимояси шкафлари олиб келинди. Ушбу шкафлардан 6 донаси “ДНС-2” подстанциясига, 6 донаси “Гўзал” подстанциясига ўрнатилди. Созлаш ишлари бошланган бўлиб, 220 кВ ва 110 кВ кучланишли очиқ тақсимловчи қурилмаларнинг биринчи босқичи ишга туширилади. Объектнинг биринчи босқичини ишга тушириш тасдиқланган тармоқ жадвалига асосан 2021 йилнинг 22 декабрь куни амалга оширилди.

    “Гўзал” подстанциясида 220 кВ очиқ тақсимловчи қурилмани кенгайтириш бўйича порталлар ҳамда металл траверсалар тўлиқ ўрнатилди. 220 кВ ли 5 жамланма мойли ўчиргичлар тўлиқ ўрнатилди. Шу билан бирга, ОРУ-220 кВ да шиналарини тортиш ишлари тўлиқ якунланди. Кабел қувурларини ўрнатиш ва ерга улаш (заземление) ишлари якунланди ҳамда текислаш ишлари олиб борилди. “Гўзал” подстанциясини кенгайтириш мақсадида бетон плиталардан девор тўсиғи ўрнатиш ишлари ҳам тўлиқ якунланди.

   Шунингдек, кенгайтирилган 220 кВ кучланишли очиқ тақсимловчи қурилманинг биринчи босқичини ишга тушириш бўйича созлаш ишлари амалга оширилди. 

Мисол учун, 220 кВ ОТҚ ҳамда 220 кВли Л-20Г-1 ва Л-20Г-2 ҳаво тармоғининг кириш ячейкалари, шу билан бирга, 220 кВли Л-ДНС–2-1 ва Л-ДНС–2-2 ҳаво тармоғининг чиқиш ячейкалари қурилди.

    “ДНС-2” подстанциясига 2021 йилда 2 дона 125 МВА ли автотрансформатор олиб келиб ўрнатилди. Қурилиш-монтаж ишларини биринчи босқичи тасдиқланган тармоқ жадвалига асосан 2021 йилнинг 4-чораги якунида ишга туширилди. Қолган ишларни амалга ошириш ва тўлиқ ишга тушириш 2022 йилнинг июнь ойи охирига режалаштирилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, 2021 йил давомида "Жиззах магистрал электр тармоқлари" филиали томонидан эришилган барча ижобий натижалар, саъй-ҳаракатларининг замирида бир нарса — филиал подстанцияларидан қувват олувчи барча истеъмолчиларга ишончли, сифатли ва узлуксиз электр энергиясини етказиб бериш, электр энергияси тармоғининг барқарор ишлашини таъминлаш, соҳани ривожлантириш учун ҳисса қўшиш, соғлом ва беталофат иш муҳитини яратиш, халқимизнинг фаровон ҳаёти ва юртимиз тараққиёти учун хизмат қилишдек олий мақсадлар мужассам. 

Филиал жамоаси 2022 йилда ҳам айни шу руҳда барча белгиланган ишларни давом эттиришга ҳамда юрт тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида ишончли, сифатли ва узлуксиз электр энергиясини етказиб беришга тайёр.

Ғайрат Аҳмедов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”

акциядорлик жамияти “Жиззах магистрал электр тармоқлари”

филиали директори


скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!