» » Америкалик археолог: Жиззах вилоятида Перудаги қадимий инклар яшаган шаҳарлар билан тенгдош аҳоли манзиллари аниқланди

Америкалик археолог: Жиззах вилоятида Перудаги қадимий инклар яшаган шаҳарлар билан тенгдош аҳоли манзиллари аниқланди

28 февраль 2022 г 694 Комментарии: 0

Ўзбекистон дипломатлари Сент-Луисдаги (Миссури штати) Вашингтон университетининг антропология бўйича профессори Майкл Фрачетти билан онлайн-музокаралар ўтказди.

Америкалик олим Марказий ва Шарқий Евроосиё ҳудудлари тадқиқотларига ихтисослашган археология соҳасининг етакчи олимларидан биридир. Майкл Фрачетти тадқиқотларининг асосий объекти қадимги маҳаллий аҳоли маданияти, минтақалараро алоқалар ва дипломатиянинг иқтисодий ва сиёсий стратегияси сингари қирраларни қамраб олади. У ўтган 25 йил давомида Марказий Осиё мамлакатларида археологик ва илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Ўзбекистон Фанлар академиясидаги ҳамкасблари билан биринчи қўшма лойиҳани 2008 йилда амалга оширган.

Онлайн-музокаралар чоғида Майкл Фрачетти АҚШнинг «National Geographic» Миллий жўғрофия жамияти кўмагида Ўзбекистон Фанлар академияси Археология миллий маркази билан кўп йиллардан буён ҳамкорликни йўлга қўйгани ва Жиззах вилоятида биргаликда қатор лойиҳаларни амалга оширганини маълум қилди. Жумладан, 2009-2011 йиллардаги тадқиқотлар натижасига кўра, Малғузар тоғ тизмасининг тарихий харитаси тузилиб, 15 дан ортиқ археологик жой топилган, шунингдек, Буюк Ипак йўлидаги муҳим нуқталардан бири - Тошбулоқ (IX-XI асрлар) мавзесидан кўчманчи аҳолининг турмуш тарзи ва урбанизацияга оид далиллар аниқланган.

Профессорнинг таъкидлашича, археологлар Тошбулоқ мавзесида геофизик радардан фойдаланган ҳолда ер остида сақланиб қолган археологик ёдгорликларнинг рақамли харитасини тузди. Тошбулоқ харитаси икки метр чуқурликдаги 10 гектар майдонда турар-жой бинолари жойлашганини кўрсатди. Бинонинг пойдевори тошдан қурилган, деворлар эса ёғочдан тикланган. Олимнинг фикрига кўра, денгиз сатҳидан тахминан 2 минг метр баландликда жойлашган ушбу тарихий объект Перудаги инклар яшаб ўтган қадимий Мачу-Пикчу шаҳри билан тенгдош эканини тасдиқловчи далиллар бор.

Далиллар шуни кўрсатмоқдаки, сиёсий интеграцияни мустаҳкамлаш ва демографик ҳамда иқтисодий ресурсларни кенгроқ жалб қилиш учун шаҳарнинг катта қисмида кўчманчилар яшаган, деб таъкидлади олим.

Бундан ташқари, Майкл Фрачетти қазишмалар пайтида Тошбулоқ аҳолисининг идиш-товоқлари ва уй-рўзғор буюмлари, жумладан, сопол идишлар, тангалар, темир пичоқлар, ханжар ва ўроқлар, заргарлик буюмлари, мис тангалар, темирдан ясалган ўчоқлар топилганини маълум қилди. Темирчилар  яшаган тепаликлардан бирида жойлашган қалъада ҳукмдор қароргоҳи жойлашган. Тошбулоқ аҳолиси сифатли пўлат ва ундан тайёрланган буюмлар ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияга эга бўлган. Бундан ташқари, пўлат буюмлар ва темирдан ясалган қурол-яроғлар минтақа аҳолиси Яқин Шарқ мамлакатларига қурол-яроғ етказиб берганидан далолат беради.

Археологик изланишлар давомида америкалик олим Тошбулоқ яқинида яна бир йирик мавзе — Туғунбулоқ шаҳрини кашф этди. Тахминан 200 гектарга яқин майдонни эгаллаган ушбу шаҳар ҳақида кўплаб маълумотлар топилди. Шу билан бирга, ушбу тарихий жойни ўрганиш ва қазиш ишлари айни пайтда ҳам давом этмоқда.

Ушбу лойиҳа қарийб 10-15 йил давом этиши мумкин. Дастлабки тадқиқотлар натижасида қадимий Туғунбулоқ шаҳри қолдиқлари орасидан кўплаб сопол идиш парчалари, бинолар, кўча деворлари пойдеворлари ва шаҳар атрофидаги мудофаа иншоотлари қолдиқлари аниқланди.

Музокаралар натижасида жорий йил июль ойида Ўзбекистонда тадқиқотларни давом эттириш, Туғунбулоқ мавзесида дрондан олинган  фотосуратлар  ёрдамида шаҳар харитасини тузиш, ерости археологик иншоотларни геофизик сканерлаш ва қазиш ишлари орқали шаҳар қалъаларини ўрганиш бўйича дала ишларини давом эттиришга келишиб олинди. Жиззах вилоятидаги келгусидаги тадқиқотларнинг бир қисми АҚШ Миллий жўғрофия жамияти томонидан молиялаштирилади.

Тадқиқотлар давомида LiDAR лазер хариталаш технологиясидан фойдаланилади. Бу усул янги ва юқори даражадаги археологик кашфиётларга сабаб бўлиши мумкин. Тадқиқот Ўзбекистон тарихини янада чуқурроқ ўрганиш имконини беради.

«Дунё» АА. Вашингтон

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!