» » Жиззахда яна бир спорт мажмуаси очилди

Жиззахда яна бир спорт мажмуаси очилди

11 апрель 2022 г 701 Комментарии: 0

Жиззах шаҳрида барча қулайликларга эга, енгил конструкцияли замонавий спорт мажмуаси қурилиб фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Жиззах вилояти ва шаҳри ҳокимлиги, спорт, халқ таълими тизими раҳбарлари, Ўзбекистон ва вилоят дзюдо федерацияси, Ёзги олимпиада ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари совриндорлари, спорт фахрийлари, жиззахлик ёш спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими биринчи ўринбосари А.Мустанов, Жиззах шаҳар ҳокими А.Холмуродов ва бошқалар мамлакатимизда спортга,  айниқса болалар спортига ҳукумат миқёсида алоҳида эътибор қаратилаётгани, спорт билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратиб берилаётганини таъкидлади.  

Ушбу енгил конструкцияли спорт мажмуаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамкорлигида янгидан барпо этилди. Бир пайтнинг ўзида 50 нафар, бир кунда 200 нафар спортчи ёшларни қамраб олиш қувватига эга бўлган мазкур объектнинг очилиш маросими чин маънода байрамга айланди. Алвон боғич қирқилиб, тадбирга таклиф этилганлар яратилган шарт-шароитлар, зарур спорт жиҳозлари билан таъминланиш даражаси билан яқиндан таништирилди. 

Эътиборлиси, тадбир давомида Ўзбекистон дзюдо федерацияси бош мураббийи И.Илиадис, Олимпиада ўйинлари совриндори Д.Бобонов, жаҳон, Осиё ва турли халқаро чемпионат ва беллашувлар совриндорлари жиззахлик ёш спортчилар учун “маҳорат сабоғлари”ни ўтаб берди.

Маросим сўнгида тадбирга таклиф этилган миллий терма жамоа бош мураббийи, Олимпиада, жаҳон, Осиё ва турли халқаро чемпионат ва беллашувлар совриндорлари ҳамда нуфузли халқаро ва республика мусобақалари ғолиби бўлган жиззахлик ёш спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Эътиборлиси, янги спорт мажмуаси шаҳардаги 14-сонли умумий ўрта таълим мактаби ёнида бунёд этилган. Бу мактаб ўқувчилари учун ҳам спорт билан шуғулланишига жуда қулай.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!