Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги учрашув “Sambhram” университетида ташкил этилди
16 май 2022 г 919 Комментарии: 0
O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” гуруҳи ташаббуси билан “Sambhram” университети талабалари билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмиатси раисининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари Сардорбек Ғиёсов, партия Жиззах вилоят Кенгаши фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда олийгоҳ профессор ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.
Ҳиндистонликлар билан ҳамкорликда ташкил этилган ва IT йўналишидаги мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган мазкур университет нодавлат хорижий олий таълим муассасаси ҳисобланиб, университетда ўқитиш кундузги таълим шаклида, инглиз тилида ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
2021-2022 ўқув йилида университетнинг 3 та бакалавриат таълим йўналиши ва 2 та магистратура мутахассисликларида 1501 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг замон талаблари даражасида билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Учрашув учун айнан мазкур олийгоҳ танлангани ҳам бежиз эмас.
Тараққиёт стратегиясида мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш, рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш орқали барча аҳоли масканларини ва ижтимоий объектларни ҳамда магистрал автомобиль йўлларини кенг полосали уланиш тармоқлари билан қамраб олиш, иқтисодиётнинг реал секторида ҳамда молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражасини 2026 йил якунига қадар 70 фоизгача ошириш, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баравар, уларнинг экспортини эса 10 баравар ошириб, 500 миллион АҚШ долларига етказиш вазифалари белгилаб берилган.
Ушбу улуғвор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш эса, авваламбор, етук, билимли мутахассисларга боғлиқ.
Мулоқот давомида талабаларга Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш борасида партия фаоллари, депутатлар томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, янги ташаббуслар ҳақида сўзлаб берилди. Шунингдек, O‘zLiDePнинг “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтилди. Партия сафига кириш истагида бўлган талабалар рўйхати шакллантирилди.
Очиқ мулоқот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олиш имконига эга бўлдилар.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!