» » 4-сектор: Туркман МФЙда ўтган сайёр қабулда фуқаролар ўта муҳим масалаларни ҳал этишда ёрдам сўрашди

4-сектор: Туркман МФЙда ўтган сайёр қабулда фуқаролар ўта муҳим масалаларни ҳал этишда ёрдам сўрашди

17 май 2022 г 698 Комментарии: 0

Зомин туманида 4-сектори ҳудудига кирувчи 8 та фуқаролар йиғинида 45162 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 19413 нафари меҳнатга лаёқатли бўлиб, 2456 нафари вақтинча ишсизлар рўйхатига олинган.  

Ўтган ҳафтада вилоят ДСБ бошлиғи, 4-сектор раҳбари Б.Ташпўлатов томонидан тумандаги “Туркман” ҚФЙ ҳудудида сайёр қабул ўтказилди. Чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқаролар ҳар доим ҳам ташкилот раҳбарлари қабулига кира олмаслиги кундай равшан. Шу туфайли сўнгги вақтларда халқ қабулхонаси ҳамда сектор раҳбарлари томонидан бу каби сайёр қабулларни аҳоли манзилларига чиқиб ўтказилиши, улар муаммоларига ечим топишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Мурожаатлар мазмуни ҳам турлича. Қишлоқ аҳолисининг муаммоси биринчи навбатда йўл, ичимлик суви, газ ва электр таъминоти. Лекин ушбу ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган масалалар қаторида, баҳорнинг серёғин келганлиги туфайли сойларда сел келиши ва унинг талофатларини олдини олиш юзасидан бўлди. Сектор раҳбари ушбу масалани сайёр қабул якунида жойига чиққан ҳолда мутахассислар билан бирга ўрганишини маълум қилди.

Бундан ташқари оммавий қабул давомида фуқаролар томонидан сел келиши натижасида кўзи ёпилиб қолган булоқларни очиш, мактаб ўқувчиларининг серқатнов йўлдан ўтиб қайтишларига тўсқинлик қилган ўзбошимчалик билан пиёдалар йўлкасини ўраб олган хонадон вакилларига чора кўриш, мактаб ва қишлоқ оилавий поликлиникасига ичимлик суви тортиш, жиҳозлаш, реконструкция қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Бир нафар талабанинг контракт пулини тўлаб бериш юзасидан қилган мурожаати, банк раҳбарияти томонидан ҳал этиладиган бўлди. Унга “Талаба кредити” расмийлаштирилиб берилиши маълум қилинди. Яна бир талаба эса жарроҳлик амалиётини ўташ учун моддий ёрдам ажратилишини сўради. Туман ҳокимлиги, Тиббиёт бирлашмаси ва Ёшлар агентлиги бу борада мурожаатчига амалий ёрдам беришини маълум қилди.

Сайёр қабул давомида ҳудуд аҳолисидан жами 12 та мурожаат келиб тушди. Шундан сўнг ваъда берилганидай Туркман МФЙда яшовчи фуқаро Рахимқул Сангировнинг мурожаатига асосан муаммо жойига борилган ҳолда ўрганилди. Дастлаб ҳудуддаги 19-мактабга борувчи йўлга мактаб ўқувчилари қатнаши учун йўлакча қуриш масаласи кўрилди. Туман ер ресурслари кадаст бўлимига масаланинг ечими сифатида ноқонуний эгаллаб олинган ҳудудларни аниқлаб, тегишли тартибда умумжамоа фойдаланувига олиш юзасидан кўрсатма берилди. Шунингдек, қишлоқнинг сой бўйи орқали сел келиш йўллари беркилиб қолгани учун туман ҳокимлиги ва ФВБ ёрдамида сел йўлини очиб беришда махсус техникалар билан таъминлаш юзасидан кўрсатма берилди. Бундан ташқари, қишлоқнинг юқори ҳудудидан 21-мактабга ўқувчиларни қатнови сой ёқасидан боришида қийинчилик туғдираётганлиги баён этилиб ушбу жойга фуқаролар ўтиши учун кичик кўприк йўлак қилиш зарурлиги юзасидан дастлабки ҳисоб-китобларни олиш мақсадида мутахассисларни олиб келиш зарурлиги маълум бўлди. 

Бир сўз билан айтганда бу каби  сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини жойида, тез ва самарали ҳал этиш имконини бераётгани, ҳудудларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этилишида давлат органлари ва ташкилотлари олдига вазифалар қўяётгани ва ушбу вазифаларни тўлақонли бажаришга ундаётгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!