Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » "Ўзмиллийбанк" АЖ: барчаси мижозлар учун
25 май 2022 г 712 Комментарии: 0
Тадбир иштирокчилари дастлаб “Ўзмиллийбанк” АЖ Жиззах вилояти филиали биносида бўлиб, аҳолига яратилган қулайликларни кўздан кечирди. Филиалда мижозларга қулайлик яратиш мақсадида электрон навбат, жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш учун универсал амалиётлар зали, универсал касса хизматлари, валюта айирбошлаш шохобчаси, 24/7 тизимида ишловчи банкоматлар ва инфокиосклар фаолияти йўлга қуйилган. Шу кунга қадар вилоятда банкнинг 3 та филиали, 1 та банк хизматлари офиси (БХО) аҳолига сифатли банк хизматларини кўрсатиб келмоқда. Шу боис филиал мижозлари кўлами тобора ортмоқда.
– Айни кунга қадар банк томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига вилоятда интенсив боғлар, йирик сиғимли замонавий музлатгичлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари, умумий овқатланиш масканлари фаолияти йўлга қўйилган, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Жиззах вилояти филиали бошқарувчиси Акмал Боқиев. — Ўтган йилда тармоқлар бўйича таҳлил қилинганда саноат соҳасида 152 миллиард сўмлик 24 та лойиҳа, қишлоқ хўжалигида 59,8 миллиард сўмлик 49 та лойиҳа, хизмат кўрсатишда 92,1 миллиард сўмлик 132 та лойиҳа амалга оширилган. Ушбу тадбиркорлик субъектларига кредит маблағлари ажратилиши натижасида 2 минг 618 та янги иш ўрни яратилган.
Шунингдек, филиалда жами 159,2 мингта мижозга хизмат кўрсатилади. Шундан 152,5 мингтаси жисмоний шахслар ва 6,7 мингтаси юридик шахслар ҳисобланади.
Жисмоний шахсларнинг жами депозит қўйилмалари 82,3 миллиард сўмни ташкил этади. Тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 13 та банкомат, 3 та инфокиоска, 1 минг 110 та савдо терминаллари дислокация қилинган.
Бундан ташқари, аҳолига валюта амалиётларида қулайликлар яратиш мақсадида вилоят ҳудудида филиалга тегишли 4 та валюта айирбошлаш шахобчаси ва 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи 1 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шахобчаси (банкомат) шаҳар ва туман фуқаролари ҳамда меҳмонларга хизмат кўрсатмоқда.
Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида банк филиалида замонавий инновацион банк хизматлари кўрсатилишига алоҳида аҳамият қаратилган. Ҳозирда банк мижозларининг 53 фоизи масофадан бошқариладиган банк хизматларидан фойдаланмоқда.
Бунда ҳисобрақамларда банк айланмаларини амалга ошириш, онлайн кредит расмийлаштириш ёки кредит қарздорлигини қоплаш, халқаро ва миллий пластик карточкаларда ҳар қандай банк амалиётлари ҳамда тўловларни амалга ошириш, омонат расмийлаштириш амалиётлари, хорижий валюталарда конверсион амалиётлар, пул ўтказмалари каби банк хизматларидан масофадан фойдаланиш мумкин.
Пресс-тур иштирокчилари шунингдек, Жиззах шаҳридаги киберспорт йўналишида фаолият юритаётган “Valkyrie” масъулияти чекланган жамияти билан танишди. Жорий йилда иш бошлаган марказга “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 1 миллиард 500 миллион сўм кредит ажратилган. Умумий лойиҳа қиймати 2 миллиард 500 миллион сўмни ташкил қилган марказда айни кунда 8 нафар киши иш билан таъминланган.
Навбатдаги манзил вилоят марказида қад ростлаган “Jizzax Fitness Academy” масъулияти чекланган жамиятига қарашли фитнес клуби бўлди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган "саломатлик маркази" нинг умумий лойиҳа қиймати 2 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этса, “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 1 миллиард 400 миллион сўм кредит ажратилган. Бугунги кунда мазкур марказда 10 га яқин ходимнинг бандлиги таъминланган.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари жорий йилда иш фаолиятини бошлаган "ААА NATIONAL SUPERMARKET" масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Ушбу савдо мажмуаси аҳолига арзон ва барча талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат ҳамда ноозиқ-овқат маҳсулотларни етказиб бермоқда. Ушбу мажмуага банк томонидан 3 миллиард 100 миллион сўм кредит ажратилган. 3 қаватли мажмуадаги фитнес клуб, каро-оки зали 24 соат давомида аҳолига хизмат кўрсатади. Мажмуада 42 нафар киши ишлайди.
Жиззах шаҳри Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги“British House” масъулияти чекланган жамиятига қарашли "BEK PLUS" меҳмонхонаси фаолияти пресс-тур қатнашчиларига катта таассурот қолдирди.
Бир вақтнинг ўзида 60 тага яқин меҳмонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга мазкур меҳмонхонага умумий қиймати 10 миллиард сўм маблағ сарфланган. Шундан банк томонидан меҳмонхона биносини жиҳозлаш учун 6 миллиард 500 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган. Ҳозирда 10 дан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланган.
2021 йилда вилоятда хизмат кўрсатиш ҳажми 2,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 118 фоизга етган. Бугун вилоятда 14 мингдан зиёд корхона айнан сервис соҳасида фаолият олиб бораётган бўлса, ҳудудда яна 4 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш шохобчаларига эҳтиёж мавжуд.
Жорий йилнинг биринчи чорак якуни вилоятда хизмат кўрсатиш ҳажми 1 триллион 747 миллиард сўмни ташкил этиб, (йил охирига қадар 9,9 триллион сўмга етказиш режалаштирилган, натижада 25,7 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши белгиланган) ўсиш суръати 116 фоизга етган ҳамда 7,8 мингта янги иш ўринлари яратилган. Йил бошидан янги ташкил этилган хизмат кўрсатиш корхоналари сони 696 тани ташкил этади.
Республикамиз пойтахтидан келган марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Жиззах вилоятига уюштирилган пресс-тур барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
А.ҚАЮМОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!