» » Ҳоким ёрдамчилари Бухоро тажрибасини ўрганди

Ҳоким ёрдамчилари Бухоро тажрибасини ўрганди

30 май 2022 г 877 Комментарии: 0

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Жиззах вилоятларида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жумладан, иссиқхона хўжаликлари самарадорлигини ошириш, паррандачилик ва бошқа тармоқларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Пешку, Ромитан, Бухоро, Жондор, Қоракўл туманлари, Бухоро шаҳридаги кўп тармоқли мажмуалар, ишлаб чиқариш субъектлари фаолияти ўрганилди. 

Вилоятда биргина иссиқхоналар учун ўтган йили акционерлик тижорат “Агробанк”, “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” вилоят филиаллари томонидан умумий қиймати 38 миллиард 843 миллион сўм кредит ажратилган. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида туманларда ўрта ҳисобда 600 тадан 1-4 сотихли ихчам иссиқхона кам таъминланган оилаларга қуриб берилган. Бунда ҳар сотих иссиқхона унинг эгаси учун ўртача 7 миллион 670 минг сўмдан тушмоқда. Бу сармоя банкнинг 3 йил муддатга, жами 14 фоизли, 6 ой имтиёзли тўлов даври инобатга олинган ҳолда расмийлаштирилган. 

Марказий банк вилоят бош бошқармаси маълумотига кўра, айни кунда бевосита юридик мақомда фаолият юритаётган 216 та замонавий иссиқхона учун 2 триллион сўмдан зиёд банк кредити расмийлаштирилган. Бундан ташқари, ҳозирда сартарошхона, гўзаллик салони, тикувчилик артели, қандолат цехи, савдо дўкони, енгил тамаддихона сифатида, салқин ичимликлар ва музқаймоқ савдоси билан шуғулланилаётган контейнерлардан вилоят шаҳар ва туманларида ўрганишлардан сўнг, 2 минг 583 та оилага банкнинг умумий қиймати 19 миллиард 812 миллион сўмликка тенг паст фоизли кредит маблағи эвазига етказиб берилган. Бунда Бухоро ва Ромитан туманларида 250 нафардан, Вобкент ва Когон туманларида 215 нафардан, Пешку туманида 241 нафар, Ғиждувон туманида эса 504 нафар фуқаро номига замонавий контейнер расмийлаштирилган. 

“Бухоро таъмирлаш-механика заводи” МЧЖда сўнгги ойларда “Бухоро Марказий таъминот томорқа хизмати” МЧЖ билан ҳамкорликда шаҳар ва туманлар алоҳида ўрганилган.  Кам таъминланган оилалардан 964 тасига паррандачилик тармоғини ривожлантириш мақсадида мини инкубатор ускуналарини етказиб бериш ишлари давом эттирилмоқда. Аҳоли хонадонига ҳар бири баҳоси 4 миллион 700 минг сўм атрофида тушаётган мазкур инкубатория ускунаси сиғими 500 та тухумга мўлжалланган. Юқори самарадорлиги билан синовдан ўтказилган. Ўртача бир ой муддатда, ҳар бир навбат тухум жонлантиришида мини инкубаториядан 5 миллион сўмгача даромад қилиш мумкин бўлгани боис мазкур дастгоҳ аҳолига тавсия қилинган.

Ҳоким ёрдамчилари “Бухоро таъмирлаш-механика заводи” МЧЖ  фаолияти билан таништирилди. Уларга амалга оширилаётган ишлар бўйича батафсил маълумот берилди. Мутасаддиларнинг билдиришича, ҳозирда паррандачилик хўжаликлари учун шундай инкубация – минитехнологиядан 278 миллион сўм қийматидаги 60 таси туманларга етказиб берилган. 

Айни кунда эса 900 тадан ортиқ шундай инкубатор учун тижорат банклари томонидан 3 миллиард 769 миллион сўм миқдоридаги сармоя молиялаштирилмоқда. Эътиборлиси бундай ускунага буюртма сони ошмоқда. Умуман, енгил конструкцияли иссиқхона, замонавий контейнер ҳамда паррандачилик учун мини инкубатор таъминоти туфайли жорий йилда вилоятда 10 мингдан зиёд оилани даромадли қилиш, уларда яшовчи аҳолини албатта, ўз меҳнати эвазига ночор аҳволдан халос этиш чора-тадбири кўрилмоқда.

Ўқув-амалий семинари иштирокчилари “Бухоро таъмирлаш–механика заводи” МЧЖ да контейнер ва мини инкубатор билан бирга минитехнологиялар, енгил конструкцияли иссиқхона ва юк мотоцикллари каби моддий ресурслар билан танишишди.

Шаҳардаги С.Бохарзий МФЙда маҳаллабай ишлаш услуби, жумладан, “Bukhara Agrocluster DZZ” МЧЖ негизида чорвачилик кооперациясини ташкил этиш лойиҳаси, шу кунгача амалга оширилган ишларни кўздан кечиришди. Мақсади сутни қайта ишлаш тизимини барқарорлаштиришга қаратилган мазкур лойиҳа умумий қиймати 6 миллион еврога тенг бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20 минг 400 тоннани ташкил қилади.

Бу жараёнда 122 кишининг доимий бандлиги таъминланади. Шу кунларда вилоятнинг Вобкент, Шофиркон, Қоровулбозор ва Пешку туманларида жами 14 та маҳалладаги оилаларга кооперация асосида наслдор қорамол тарқатиш ишлари бошланмоқда.

 Қарийб 500 хонадон қамраб олинадиган бу лойиҳада таъминотчи корхона чорва молларидан соғиб олинадиган сутнинг сотиб олинишини кафолатлайди. Қорамол боқадиган оилага эса бир йилда 2 бош бузоқ ва 3 йилдан сўнг 4 бош сигир ва бузоқлари қолади. 

Ҳисоб-китобга кўра, бу жараёнда сигир парваришланадиган хонадон йилига 42 миллион сўмгача фойда кўради.

Жондор тумани Янгиобод маҳалласидаги “Аржумандбону чорваси” МЧЖ да эса бройлер товуқларини саноат усулида парваришлаш ва парҳез гўшт етиштириш линияси, инкубатор, йирик сиғимга эга совутгич ва омухта ем ишлаб чиқариш ишлари ташкил қилингани ҳам таҳсинга лойиқ.

— Айни пайтда йилига 6 минг тонна парҳезбоп парранда гўшти, 18 минг тонна омухта ем ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, бу тажрибани нафақат маҳалла, туман миқёсида оммалаштирмоқдамиз, – дейди корхона раҳбари Гулмурод Умаров. — Яъни, йилига 20,5 миллиард сўм қийматида маҳсулот айирбошлаб, таъминотчи сифатида ҳам паррандабоқарларимиз сафини кенгайтирмоқдамиз. Шу кеча-кундузда 250 мингдан 300 минг бошгача жўжа етиштирилмоқда. Аҳоли орасида биз тарқатган ва улар тез кунларда тайёр хомашё сифатида топширишлари кутилаётган жўжа бош сони 180 мингдан ортиқ. Таъбир жоиз бўлса, бугунга келиб корхонамиз фаолият юритаётган Чандир қишлоғининг деярли барча ишсизларини иш билан таъминладик. Аҳоли биз етиштирган жўжаларни боқиб, яна ўзимизга сотмоқда. Уйда, чет элга кетмай даромад қилмоқда. Корхонамиздаги замонавий технологиялар товуқ гўштини санитар-гигиеник жиҳатдан бенуқсон етиштиришда қўл келмоқда. Бу эса тайёр маҳсулотимизни тўғридан-тўғри пойтахтга етказиб бериш имконини бермоқда. 

— Фаолиятимизни 2017 йилда бошлаганмиз. Ўша пайтлар ижарадаги бинода ишладик, – дейди шу кунга қадар “Аржумандбону чорваси” корхонасида иш юритувчи бўлиб ишлаган, ҳозирда “Янгиобод” МФЙ даги ҳоким ёрдамчиси Анвар Тўқбоев. – Изландик, кредит олдик. Бу йўналишнинг сир-асрорини пухта ўргандик. Натижада, барча жараён автоматлаштирилган корхона бунёд қилдик. Айни кунда 170 киши ишлаётган корхонамизда ойлик-маоши ўз вақтида берилади. Уларнинг ишга қатнашлари учун транспорт ажратганмиз. Иш кунида иссиқ овқат ташкил қилинган. Ҳудудда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган 200 та хонадонга бройлер жўжалари етказиб бериб, вакцинаси ва омухта еми билан таъминлаб, улар билан келишувга эришиб, ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйдик. 40-45 кунда тайёр бўлган парранда маҳсулотлари тарозидан ўтказилган заҳоти оилавий паррандабоқарларга пуллари бозор баҳосида ҳисоблаб берилмоқда. Асосийси, шу усулда ўнлаб оила оғир аҳволдан чиқиб, ҳалол меҳнати туфайли ўз бизнесини йўлга қўйган.

Оролбўйидан, шунингдек, Хоразм ва Жиззах вилоятларидан ташриф буюрган меҳмонлар диққат-эътибори Бухоро туманида замонавий конструкция асосида Нидерландия технологияси асосида Туркия давлати мутахассислари инвестиция маблағи эвазига барпо қилинган “BUKHARA–VARNET” корхонасига тушди. 2019 йилда фаолиятини бошлаган йирик хўжаликда айни пайтда бир неча босқичда 30 гектар ер майдони ўзлаштирилиб, ўзига хос замонавий агросаноат мажмуасига айлантирилмоқда.

Аввал бу ерда фақат иссиқхона бўлган бўлса, эндиликда унинг ёнида ўқув маркази, лаборатория ҳамда иссиқхоналар учун конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилмоқда. Яъни, замонавий иссиқхоналар учун нимаики керак бўлса, шу ерда тайёрланади. Маҳаллий шароитда вилоятнинг кўп ерлари шўрхок ва қумлоқ, сув эса танқис. Бундай жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун гидропоника усули жуда қулай. Шу боис 2018 йил 10 июлдаги Президент қарори билан “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган. Бу зона учун Жондор, Когон, Пешку, Ромитан ва Бухоро туманларидан 3 минг гектар ер ажратилган. Тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилиб, кластер тизимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун кенг шароит яратилмоқда. Албатта, “BUKHARA–VARNET” корхонаси ҳам ана шу имкониятлар самараси. Лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлиб, бу маблағнинг ҳаммасини тўғридан-тўғри хориж сармояси ташкил этади.

Бугунги кунгача корхонада 10 миллион АҚШ доллари миқдорида ташқи инвестиция ўзлаштирилиб, 13 гектар майдонда иссиқхона қуриб битказилган ва 260 дан зиёд иш ўрни яратилган. Яна 17 гектарда қурилиш ишлари давом этмоқда. Ўтган йили қарийб 20 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилиб, 1 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилда 26 миллион АҚШ долларилик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган. Муҳими, корхона учун қарийб 113 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, тўлиқ ишга тушганда йиллик маҳсулот етиштириш қуввати 33,8 минг тоннага етказилади ва бунда жами 2 мингта иш ўрни яратилади.
BUKHARA–VARNET” корхонаси мутасаддилари билан юзма-юз мулоқотда бўлган меҳмонлар кейинги босқичларда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан танишди. Ён-атрофда истиқомат қилаётган аҳолини иссиқхона хўжалиги билан ялпи шуғулланишлари учун яратилаётган шароит ва қулайликлар улар эътиборидан четда қолмади. 

Пешку тумани “Садир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида аҳоли даромадини ошириш, иссиқхоначилик, помидор, бодринг, картошка ва бошқа сархил сабзавот маҳсулотлари қаторида цитрус мева етиштириш, лимончилик тармоғи кенгайтирилаётгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Худди шундай Ромитан тумани “Тарнаут” МФЙ да қаровсиз ётган самарасиз ерларда иссиқхона хўжаликларини ташкил этиб, уларда гулчилик, кўчатчиликни йўлга қўйишда эришилаётган ютуқлар, кооперация тармоғини ривожлантиришга оид амалий фаолият ҳам ҳоким ёрдамчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Хонадонларда бўлиб, деҳқон-миришкорлар иш услуби, деҳқончилик маданияти, йилига уч мартагача ҳосил олишга муваффақ бўлинаётган иссиқхоналар тажрибаси ўрганилди. Ҳар бир туман ҳамда маҳаллада ҳоким ёрдамчилари учун кўргазмали баннерлар, қолаверса, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда истиқболли лойиҳалар тақдимотлари уюштирилиб, уларда туманлар ҳокимлари билан бирга, маҳаллада иш юритаётган ҳоким ёрдамчилари кенг тушунтириш берди.

— Бу тадбир бежизга Бухорода ташкил этилмаганига ишонч ҳосил қилдим, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидан келган ҳоким ёрдамчиси Холиёр Ражабов. – Зеро, аҳоли даромадини ошириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, қўшимча тармоқларни ривожлантириш бўйича Бухорода катта тажриба тўпланаётганига гувоҳ бўлдик. Бу услуб ва ёндашувни  кенг оммалаштириш жуда фойдали бўлади. Масалан, бизда замонавий контейнер ҳамда паррандачилик хўжаликлари учун инкубация хизматларини жорий этишга эҳтиёж катта. Замонавий иссиқхона хўжалигини ривожлантиришда ҳам ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар талайгина.

Зариф Комилов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!