Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Форишдаги Хонбанди сув омбори тарихий иншооти ҳақида нималарни биласиз
10 июнь 2022 г 1 761 Комментарии: 0
Фориш халқи ҳақида фикр юритар эканмиз, бу ҳудудларда аҳолининг биринчи жойлашуви “Скифлар”, “Саклар” даврига тўғри келиши бўйича тарихчиларимиз фикри ёдга тушади.
Милодий V-VII асрларда Буюк турк ҳоқонлиги даврида юз берган кўчиш туфайли ҳам Туркистон тоғ тизмаларининг бағридаги қишлоқларга аҳоли келиб ўрнашганлиги тарихий манбаларда қайд этилган.
Бундан ташқари милодий X-XI асрлардаги салжуқ туркларининг хоқонлиги даврида “Буюк кўчиши” даврида бир қисм қабилалар Фориш ва Нурота атрофларида қолиб кетган.
Муҳаммад Шайбонийхоннинг 1501 йили Самарқанд тахтини эгаллаши туфайли ҳам туркийларнинг “ж” ловчи ўзбек уруғлари вакиллари Фориш тоғ бағридаги қишлоқларда ўтроқ яшай бошлаган.
Фориш тоғлари Нурота тоғлари каби Туркистон тоғ тизмаларининг этаклари ҳисобланади. Улар аста-секин пасайиб Қизилқум саҳросига қўшилиб кетади. Қор ва ёмғирлар эвазига ҳар бир дарадан бир сой оқиб чиқиб, текисликка келиб қумга сингиб кетади. Аҳоли томорқаси учун сув таъминоти минг йиллардан буён муаммо бўлиб келади.
Ота-боболаримиз ҳудудда сув муаммосига ечим топиш учун ҳовузлар, сув омборлари қуришган. Фориш тумани маркази Боғдон шаҳарчасидан 12-15 километр шимолда, Пистали тоғининг икки дараси яқинлашган жойда, даралар бир-бирига туташтирилиб, ичида қурилган Хонбанди сув омбори ана шу эҳтиёжлар туфайли қурилган ноёб ирригация иншоотидир.
Хонбанди сув омбори Осмонсой, Илончисой ва Нурота тоғидан оқиб чиқадиган сел сувларини жамғариб ёзда экинларни суғориш учун барпо этилган бўлиб, ўрганишлар унинг X асрда қурилганлигини тасдиқлайди. Бу ҳақда З.Ҳ.Ҳусанхўжаевнинг 1968 йилда нашр қилинган “Гидротехника иншоотлари” ва А.Р.Муҳаммаджоновнинг “Қадимги сув иншоотлари тарихидан” китобларида маълумотлар берилган. Тўғоннинг баландлиги салкам 16 метр, узунлиги устки қисмида 51,57 метр, асосда 24,35 метр. Хонбанди сув омборининг умумий узунлиги 1,5 километрга келади, эни тўғон олдида 52 метр бўлиб, 1 миллион 600 минг куб метр сув сиғимига эга бўлган.
Хонбанди сув омборининг барпо этилиши туфайли Қизилқумнинг Мирзачўл билан туташ қисмида бир ярим минг гектар ерни суғориб, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланиш имкони юзага келган.
Иншоотга тўпланадиган сувни чиқариш учун унинг ғарбий чеккасида 9 та қувур ўрнатилган. Улар оқиб чиқадиган сувнинг динамик таъсирига қарши конуссимон қилиб қурилган.
Ҳозирги кунда Хонбанди сув иншоотига сув тўпланмайди. Сабаби асрлар ўтиши билан иншоотнинг сув тўпланадиган тарафи лойқалар ва бошқа жисмлар билан тўлиб, сувни сақлаш имкони йўқ.
Биз учун Хонбанди сув омбори тарихий иншоот сифатида қадрлидир. У ота-боболаримизнинг илмли, юксак салоҳиятли бўлганлигини кўрсатувчи муҳим далилдир. Шундай экан Хонбандини сув омборини экотуризм объектлари рўйхатига киритишни ўйлаб кўриш керак.
Аҳмад БОЛИБЕКОВ.
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!