Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-36-51
» » “Реклама тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда

“Реклама тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда

29 июнь 2022 йил
382
0

Рекламанинг айланиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, шу жумладан истеъмолчиларни нотўғри рекламадан ҳимоя қилиш, реклама бозори иштирокчиларига учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йилнинг 7 июнида “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Амалдаги Қонун (30 та модда) 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, унга бугунги кунга қадар 16 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Янги таҳрирдаги мазкур Қонунда рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш соҳасида бир қатор талаблар белгиланган. Хусусан: Қонун 8 та боб ва 53 та моддадан иборат бўлиб, қуйидаги асосий қоидаларни жорий этишга қаратилган:

  • қонун татбиқ этилмайдиган соҳалар аниқ белгилаб берилмоқда ҳамда унинг нормаларини қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчалар тузатилиб, янги тушунчалар билан тўлдирилган;

Қонун сайловолди ташвиқоти материалларига, етказилиши мажбурий бўлган ахборотга ва мақсади товарни бозорда илгари суриш бўлмаган синов натижаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

  • республика ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши қатъий белгиланмоқда (амалда – реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилда тарқатилиши мумкин). Шу билан бирга, айрим талабларга риоя этган ҳолда реклама мазмунининг таржимаси бошқа тилда такрорланиши мумкинлиги белгиланган;

Рекламанинг бошқа тилдаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги матн ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши, ташқи рекламада умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги, теле-, радиоканалларда, босма нашрларда рекламанинг бошқа тилдаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг 20 фоизидан ошмаслиги керак.

  • реклама соҳасида давлат томонидан тартибга солувчи ваколатли орган этиб Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги белгиланмоқда, шунингдек, реклама соҳасини тартибга солиш бўйича давлат органлари
    ва нодавлат ташкилотларнинг ваколатлари ўрнатилган;
  • рекламада давлат рамзларидан ва миллий анъаналарга, ахлоқ
    ва маънавиятга зид бўлган образлардан фойдаланиш, шунингдек, дарслик, кундалик ва мактаб дафтарларида реклама жойлаштириш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва порнография маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланган;
  • рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибга солинмоқда, хусусан мукофот фонди мавжуд бўлмаган ҳолда рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш тақиқланмоқда;
  • ташқи реклама объектларини ўрнатишга доир талаблар такомиллаштирилмоқда, хусусан:
  • ташқи рекламани йўлнинг қатнов қисмига чиқариб ўрнатиш, моддий маданий мерос объектларига, ҳаракатни тартибга солувчи қурилмага
    (йўл белгилари, светофорлар ва б.) ўрнатиш тақиқланмоқда;
  • ташқи реклама объектини ўрнатиш учун реклама жойининг паспорти давлат мулкига нисбатан ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукцион якунларига кўра, хусусий мулкка нисбатан эса мулкдор билан тузилган шартномага асосан берилади;
  • ташқи реклама жойининг паспорти давлат мулки бўлган ер участкаси учун 10 йилга, бино ва иншоотларга 5 йилга, хусусий мулкда эса шартномада белгиланган, бироқ 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади;
  • телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари
    ва телекоммуникация, мобил алоқа тармоқларида рекламани жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда, жумладан:
  • телевидение ва радиодаги реклама умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг 1 соати давомида 20фоиз (амалда – 10фоиз), бироқ 1 суткада кўрсатув вақтининг 15 фоизидан ошиши мумкин эмас;
  • чет эл теле- ва радиоканаллари ретрансляция қилинаётганда рекламанинг Қонун талабларига мувофиқлигини таъминлаш имкони бўлмаса, дастурлар фойдаланувчиларга рекламасиз тақдим этилади;
  • мобил алоқа тармоғи орқали реклама тарқатилишига фақат истеъмолчининг розилиги билан йўл қўйилади;
  • маълумотли телефон хизматида реклама фақат сўралган маълумот берилгандан кейин тақдим этилиши ва реклама вақти хизмат нархини аниқлашда ҳисобга олинмайди;
  • ички рекламани (бинонинг ичига жойлаштириладиган реклама) давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим ташкилотларида (олий таълимдан ташқари) жойлаштириш тақиқланади;
  • дори воситалари ва биологик фаол озуқавий қўшимчалар рекламасига нисбатан қатъий талаблар ўрнатилмоқда, хусусан:
  • дори воситасини таниқли шахс ва тиббиёт ходими иштирокида реклама қилиш, шунингдек, рекламада миннатдорчилик изҳор этиш
    ва дорининг таъсири натижасида инсон организмида юз берадиган ўзгаришлар тўғрисидаги визуал намойишдан фойдаланиш тақиқланган;
  • биологик фаол озуқавий қўшимчалар рекламасида уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлиги ёки аҳволи яхшиланганлигини кўрсатиш мумкин эмаслиги белгиланмоқда;
  • энергетик ичимлик, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг рекламаси тартибга солинмоқда, жумладан:
  • энергетик ичимликлардан фойдаланилган ҳолда рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш, шунингдек, ташқи реклама объектлари орқали энергетик ичимликларни реклама қилиш тақиқланади;
  • бошқа товарлар рекламасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнини намойиш этишга, шунингдек, алкоголь истеъмоли шахснинг муваффақиятга эришиши, жисмоний ёки руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим деган таассуротни уйғотишига йўл қўйилмайди;
  • республикада ишлаб чиқарилган пиво, кўпикланадиган ва табиий виноларни меҳмонхоналарда, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг савдо залларида, ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи шахсларнинг Интернетдаги расмий веб-саҳифаларида, темир йўл ва ҳаво транспорти воситаларида, телевидение ва радио орқали соат 23:00дан 07:00га қадар реклама қилишга рухсат берилмоқда.
  • пиротехника воситаси, қурол ва унинг ўқ-дорилари, портловчи моддаларни реклама қилиш тақиқланмоқда, ов ва спорт қуроллари рекламасига қатъий талаб ўрнатилмоқда;

Ов ва спорт қуроллари рекламаси ихтисослаштирилган нашрларда, бевосита бундай қуролни реализация қиладиган савдо ташкилотида
ёки тегишли кўргазмаларда амалга оширилиши мумкин.

  • қимматли қоғозлар, молиявий ва аҳолининг пул маблағларини жалб қилиш билан боғлиқ хизматларни реклама қилиш тартибга солинмоқда;

Рекламада истиқболдаги фойда тўғрисида ахборот бериш, оддий акциялар бўйича дивидендлар олишни кафолатлашга йўл қўйилмаслиги ҳамда рекламада мазкур хизматлардан фойдаланиш сармоя йўқотилишига
олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиши кераклиги белгиланмоқда.

  • халқ табобати маҳсулотларининг рекламасида реклама объектининг хавфсизлиги ва самарадорлиги унинг табиий келиб чиқиши билан кафолатланганлиги тўғрисида маълумотлар бериш ҳамда соғлом одам ҳам ундан фойдаланиши зарурлиги тўғрисида таассурот уйғотиши мумкин эмаслиги белгиланган;
  • қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар рекламасига йўл қўйилмаслиги, лотереялар рекламасида вояга етмаганларнинг лотереяларда иштирок этишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши шартлиги белгилаб қўйилган;
  • реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар ўрнатилмоқда.
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар