Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахдаги “Қизилқум” қўйлари халқаро “Қизил китоби”га киритилган
09 август 2022 г 683 Комментарии: 0
Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Нурота” давлат қўриқхонасида кўпайтирилаётган “Қизилқум” қўйлари (фанда Северцов қўйи деб аталади)нинг йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш ва кўпайтириш мақсадида халқаро “Қизил китоби”га киритилган.
Северцов қўйи (Қизилқум архари) қўриқхонадаги энг ноёб жонивор ҳисобланади. Бу ноёб тоғ қўйлари Помир – Олой тоғлари таркибига кирувчи Қизилқум адирликларининг шимолий ёнбағрларида учрайдиган эндемик тур ҳисобланиб, халқаро табиатни муҳофаза қилиш ҳамжамиятининг халқаро «Қизил китоби»га киритилган.
Сверцов қўйининг тарихий тарқалиш майдони Нурота, Оқтоғ, Молгузар, Туркистон ва Зарафшон тоғ тизмалари, Писталитоғ, Томдитоғ, Бўконтоғ ва Қизилқумнинг бошқа адирликларини ўз ичига олади. XX – асрнинг ўрталарида Северцов қўйлари тарқалиш майдонининг сезиларли даражада қисқариши натижасида бу турнинг сони кескин камайиб, айрим тарихий тарқалиш минтақаларида бутунлай йўқ бўлиб кетиш ҳолатлари содир бўлди.
Айни кунда “Нурота” давлат қўриқхонаси ҳудудида “Қизилқум” қўйлари кўпайтирилиб, 2019 бошга етди. “Қизилқум” қўйлари популяциясини кўпайтириш, касалларини даволаш, ушбу жониворлар орасида турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида қўриқхона ҳудудида 16 гектар питомник ташкил этилган.
Маълумот учун, Фориш туманидаги “Нурота” давлат қўриқхонаси 1975 йилда ноёб табиий мажмуаларни, Нурота тоғ тизмасининг ҳайвонот ва ўсимликлар оламини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилди. Нурота давлат қўриқхонаси қўшни Навоий ва Самарқанд вилоятлари билан чегарадош бўлиб, умумий ер майдони 17752 гектарни ташкил этади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!